Фарз қилинган закот чўнтаклардан олинадиган солиқ эмас, балки у энг аввало инсонларга меҳр-мурувват ва раҳм-шафқат туйғу, шиорларини сингдириш, турли табақалар ўртасида танишув ва улфатлик муносабатларини мустаҳкамлашдир. Қуръони Каримда закот беришдан мақсад, ғоя баён этилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобан: "Молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан. Уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, дуойинг улар учун таскиндир. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир" (Тавба сураси, 103-оят) дейилган.
Шунингдек, закот жорий этилишининг энг муҳим ҳикматларидан бири, нафсни тубанлик кирлигидан тозалаш ва жамиятни олий даражага кўтаришдан иборатдир.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ.
Изоҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Закот — Исломнинг кўпригидир" деганлар. Закот бериш билан бевалар, етимлар, ногиронлар ва муҳтожларга ғамхўрлик қилинади. У инсонлар ўртасида алоқаларни яхшилаб, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги кўприк.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати