Хориждаги элчихона ва консуллик идоралари томонидан чет элдаги ватандошлар иштирокида муқаддас Рамазон ойи муносабати билан кўплаб саховат тадбирлари ўтказилмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Меҳр-шафқат, бағрикенглик ва саховат ойи доирасида ўтказилаётган мазкур маънавий-маърифий учрашувлар ва ифторликлар хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларга миллий-диний қадриятларни етказиш мақсадида ташкил этиляпти.
“Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида ўтказилаётган хайрли тадбирлар хорижда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва доимий яшаб келаётган юртдошларни бир даврага бирлаштириш имконини бермоқда.
Учрашувларда ватандошларимизга Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, ислом дини арконлари, муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, ёшларни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш каби масалаларда кенг тушунча берилмоқда.
Маданий-маърифий тадбирларда давлатимиз томонидан юборилган диний уламолар ҳам қатнашиб, ҳамюртларимизга ислом динининг ҳақиқат, эзгулик, адолат, хайрихоҳлик, бағрикенглик борасидаги аҳамияти, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимиз, диний маълумотлардан фойдаланиш манбалари, ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик каби масалаларда фикр юритмоқда.
Бугунги кунгача, Токио, Лондон, Доҳа, Жидда, Чонгжу, Вашингтон, Нью-Йорк, Нью-Жерси, Филадельфия, Анқара, Истанбул, Чанқай, Карабюк, Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Кемерово, Екатеринбург, Владивосток, Хабаровск, Калининград, Ростов-Дон, Иркутск, Қоҳира, Прага, Куала-Лумпур, Боку каби йирик шаҳарларда ифторлик тадбирлари юқори даражада ташкил этилди.
Чет элдаги элчихона ва консуллик идоралари Рамазон ҳайити байрамигача яна кўплаб шаҳарларда миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ватандошлар иштирокида ана шундай учрашув ва ифторликлар ўтказишни режа қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати