Иймон ва тафаккур
Доктор Зағлул Нажжор шундай дейди:
“Рамазон ойи кириб келганда инсон ўз нафси билан бир лаҳза тўхтаб, фикр юритиши ва тафаккур қилиши керак. Чунки ҳар бир Рамазон – Қуръони карим билан янги саёҳатдир. Мен одатда бир сура ёки бир нечта оятни танлаб, унинг маънолари ҳақида чуқур ўйлайман, сирларини англашга ҳаракат қиламан.
Бу йил эса менинг эътиборимни бир ояти карима ўзига тортди. У қалбимни ларзага солди ва Яратган Зотнинг буюк қудратини янада чуқур ҳис қилдирди. Ушбу ояти карима инсонни фақат қарашга эмас, балки чуқур тафаккур қилишга чорлайди.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Ахир улар туяларга қараб, қандай яратилганига боқмайдиларми – у қандай яратилган?” (Ғошия сураси, 17–оят).
Туя – ер юзини кезувчи ажойиб мўъжизакор ҳайвонлардан биридир. Келинг, унинг баъзи ҳайратланарли хусусиятлари ҳақида мулоҳаза қилайлик.
Туя шўр сувни ҳам ичиши мумкин. Аммо шунга қарамай, унинг танасидаги мувозанат бузилмайди. Чунки унинг буйраклари жуда мукаммал тозалаш тизими каби ишлайди: сувни туздан ажратиб, танасига тоза ҳолда етказади.
Туя қаттиқ тиканларни ҳам бемалол истеъмол қила олади. Бу эса унинг оғзи ва ҳазм тизими ўзига хос тарзда яратилгани билан боғлиқ. Шу сабабли тиканлар унга зарар етказмайди.
Туянинг кўзлари ҳам жуда ажойиб тарзда яратилган. Унда икки хил қовоқ бор: бири оддий қовоқ, иккинчиси эса шаффоф пардага ўхшайди. Қум бўрони пайтида шу шаффоф қовоқ ёпилиб, туя йўлини кўришда давом этади, аммо кўзига бир дона қум ҳам кирмайди.
Унинг яна бир ажойиб хусусияти - танаси ҳароратини муҳитга мослаштира олишидир. Совуқ жойда ҳароратини кўтаради, жуда иссиқ саҳрода эса пасайтиради. Бу даражадаги мослашув бошқа айрим жонзотларда учрамайди.
Шунинг учун Қуръон каримда: “Улар туяга қарамайдиларми – у қандай яратилган?” – дея тафаккурга чақирилади.
Бир оз диққат билан қараган инсон ушбу махлуқнинг ҳар бир аъзосида Аллоҳнинг қудрати намоён эканини кўради. Гўёки унинг ҳар бир ҳужайраси: “Бу Аллоҳнинг яратишидир”, деб гувоҳлик бераётгандек.
Олимлар айтадиларки, ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсон эътиборини туя яратилишидаги сирларга қаратмоқда. Чунки унда тафаккур қилган инсон учун тавҳид (Аллоҳни ягона деб эътиқод қилиш) га элтувчи далиллар ва илоҳий қудратнинг белгиларини кўриш мумкин.
Ҳақиқий илм аҳллари шуни таъкидлашади: туя яратилиши ҳақида тафаккур қилган инсон Қуръон карим табиатига бекорга ишора қилмаганини англайди. У инсон ақлини оддийдек кўринган, аммо ажойиб яратилган махлуқотлар орқали Аллоҳ таолонинг қудратини англашга чақирмоқда:
“Эй Роббим, Сен нақадар буюксан!
Китобингдаги ҳар бир оят – нур,
яратган ҳар бир махлуқинг – далил,
ва ҳар бир тафаккур – иймон эшикларидан бирини очади”.
Илёсхон Аҳмедов таржимаси.
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати