Яхши билан ёмоннинг фарқига ҳамма боради. Яхши ишларни ҳамма ҳис қилади, ундан роҳат туяди. Ёмон ишлар эса инсонни ларзага солади, тинчини бузади, хавотирга қўяди, виждонини қийнайди. Бу нарсаларни бизга ким ўргатди? Бу қонуниятларни Аллоҳ яратган, Аллоҳ ўргатган. Шу нарсалар ҳақида ўйлар эканмиз айтиб ўтганимиз ояти каримани янада чуқурроқ англаймиз:
﴿وَإِذْ أَخَذَ رَبُّكَ مِنْ بَنِي آَدَمَ مِنْ ظُهُورِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَأَشْهَدَهُمْ عَلَى أَنْفُسِهِمْ أَلَسْتُ بِرَبِّكُمْ قَالُوا بَلَى شَهِدْنَا أَنْ تَقُولُوا يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِنَّا كُنَّا عَنْ هَذَا غَافِلِينَ﴾
“Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғонасидан, қиёмат куни “Бундан ғофил эдик” демасликларингиз учун зурриётларини олиб ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: “Роббингиз эмасманми?” деганида “Албатта Роббимизсан” деганларини эсла” (Аъроф сураси, 172-оят).
Бу меъёрлар биз туғилмасимиздан олдин бизга ўргатилади. Бу эса Аллоҳнинг берган улкан неъматларидан биридир. Аллоҳ барчага бирдек Робб саналади. Шунинг учун ҳам биз санаб ўтган меъёрлар ҳамма инсонда бўлади.
Энди мавзуни давом эттирамиз. Динга ишонмайдиган инсон: “Мен фақат кўзим билан кўрган нарсага ишонаман. Кўзим кўрмаган нарсаларга эса ишонмайман”, деб айтади. Аслида ишонч сўзи кўз кўрмайдиган нарсаларга нисбатан ишлатилади. Ҳеч ким сизни кўриб туриб “Сенинг борлигинга ишонаман” демайди. Ёки ҳеч ким қуёшни кўрганидан кейин “Мен қуёшнинг борлигига энди ишондим” демайди.
Ишонч турлича бўлади. Масалан, сиз ўзингиз гувоҳи бўлмасангиз ҳам, аммо кимдир айтган гапга ишонасиз. Чунки ўша одамни сиз ишончли деб биласиз. Агар ўша нарсани ўз кўзингиз билан кўрсангиз, ишончингиз янада ортади. Мўмин кишининг охиратга бўлган ишончи биринчи тур ишончга киради. Зотан мўминлар охиратни кўрмасдан туриб унинг борлигига ишонадилар. Кўз билан кўргандан кейин эса у ишонч яна ҳам кучли бўлади. Аллоҳ таоло охират куни жаҳаннамни кўрганлар ҳақида бундай деган:
﴿كَلَّا لَوْ تَعْلَمُونَ عِلْمَ الْيَقِينِ لَتَرَوُنَّ الْجَحِيمَ ثُمَّ لَتَرَوُنَّهَا عَيْنَ الْيَقِينِ﴾
“Йўқ. Агар сиз аниқ илм ила билганингизда эди. Албатта, жаҳаннамни кўрарсиз. Ва албатта, уни ишонч кўзи билан кўрасиз” (Такосур сураси, 5-7-оятлар).
Охират куни ҳар биримиз жаҳаннамни ўз кўзимиз билан кўрамиз. Сўнгра Аллоҳ таоло бундай хитоб қилади:
﴿وَأَمَّا إِنْ كَانَ مِنَ الْمُكَذِّبِينَ الضَّالِّينَ فَنُزُلٌ مِنْ حَمِيمٍ وَتَصْلِيَةُ جَحِيمٍ إِنَّ هَذَا لَهُوَ حَقُّ الْيَقِينِ﴾
“Ва агар ёлғонга чиқарувчи гумроҳлардан бўлган бўлса. Бас ўта қайноқ сувдан “зиёфат” ва дўзахга кириш бор. Таъкидки, албатта бу очиқ-ойдин ҳақиқатдир” (Воқеа сураси, 92-95-оятлар).
Ҳа, очиқ-ойдин ҳақиқат охиратда бўлади.
Демак, очиқ-ойдин ҳақиқат кўз билан кўргандагина бўлади. Лекин иймон маъносидаги ишонч эса кўрмасдан туриб бўлади. Мисол учун, сиз ўзингиз кўрмаган нарса ҳақида “Бундай бўлишига иймоним комил” деб айтасиз. Яъни сиз кўзингиз билан кўрмаган нарса ҳақида шундай ишонч билан гапиряпсиз. Бу – иймон дейилади.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан
Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон муфтийси, шайх Нуриддин Холиқназарнинг Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топган муқаддас Рабиул аввал ойига бағишланган туркум мақолалари чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Мисрнинг “Al Gomhuria” нашри саҳифаларида Рабиул аввал ойи мусулмонлар қалбида алоҳида ўрин тутиши ва Умманинг Пайғамбаримизга бўлган чексиз муҳаббати туфайли бу ой анъанавий равишда “Мавлид ойи” деб аталиши ҳақидаги фикрлар кенг ёритилган. Материалда Муфтийнинг ушбу даврни янги маънавий кўтаринкилик билан кутиб олиш, уни “Набавий сийрат ойи” ва “Ибратли уммат ойи”га айлантириш, ибодат, ахлоқ ва маданият масалаларида Пайғамбаримиз ўгитларини амалий ўзлаштиришга қаратилган даъвати алоҳида таъкидланган.
“Ya7dosal2an” нашри ҳам Ислом эътиқодининг ажралмас қисми ва чин имоннинг асосий шарти бўлган Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат сабаблари ҳақидаги методологик масалани қайд этган. Мақолада саҳобаларнинг садоқатига оид тарихий мисоллар ва гувоҳликлар келтирилган.
“Aldawlanews” ресурсида Исломни амалий тушунишнинг олий манбаи сифатида Набавий сийратни ўрганишнинг аҳамияти кўриб чиқилган бўлиб, унда шунчаки саналарни ёдлаш ўрнига ҳар бир тарихий воқеадан сабр, адолат ва раҳмат каби ҳаётий сабоқларни чиқариш зарурлиги урғуланган.
“Al Diplomacy” нашри эса Пайғамбаримизга бўлган чин муҳаббатнинг уч асосий белгисига — сийрат ҳақида тафаккур қилиш, суннатга сўзсиз эргашиш ва руҳлар шифоси ҳамда жамиятда ахлоқни мустаҳкамлашнинг маънавий асоси бўлган кўп салавот айтишга эътибор қаратди.
“Sada El Balad” расмий ресурси Ўзбекистон муфтийсининг Рабиул аввал ойини оилалар ва таълим муассасалари учун кенг қамровли тарбиявий лойиҳага айлантириш ташаббусини ёритиб, мусулмонларни ушбу ойни юксак ахлоқ ва жипсликнинг олий намунасига эргашиш йўлидаги янги дебочага айлантиришга чақирди.
“Eldameer” ахборот портали ҳам Ўзбекистон муфтийсининг асарларини атрофлича тақдим этиб, Рабиул аввал ойининг чуқур мазмуни ва суннатга эргашиш орқали маънавий покланишнинг муҳимлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати