Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ҳозирги кунда янги қурилаётган уйларга тўлов қилиб сотиб олаётган харидор уйни қабул қилмасдан туриб, уни сотиши мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Харидор тўлов қилган уйини қурувчидан тўлиқ қабул қилиб олмасдан туриб, сотиши мумкин эмас. Чунки унга берилиши керак бўлган уй ҳали қурилмаган бўлса, йўқ нарсани сотган бўлади. Қурилган, лекин харидорга топширилмаган бўлса, мулкида бўлмаган нарсани сотган бўлади. Ислом шариатига кўра йўқ нарсани ҳам, мулкида бўлмаган нарсани ҳам сотиш тақиқланади. Шу боис харидор уйни қурувчидан тўлиқ қўлга киритгандан кейингина сотиши мумкин бўлади.
Шундай бўлсада, ҳозирги кунда ислом молияси соҳасида параллел истисноъ деб аталаётган амалиёт орқали ушбу савдони жоиз қилиш мумкин. Лекин бу бироз мураккаб амалиёт ҳисобланади. Шунинг учун бу йўл билан олди-сотди қилмоқчи бўлганлар мазкур савдо турини яхши биладиган мутахассисга бевосита учрашиб, масалани тўлиқ билиб олгандан кейин қилишлари лозимдир. Акс ҳолда юқорида айтилган тақиқланган ишни қилиб қўяди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Маълумот ўрнида, 30 июндан эътиборан республикамиздаги қуйидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда:
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (Бакалавриат, Магистратура ва Модуль таълим тизими);
Мир Араб олий мадрасаси;
Ҳадис илми мактаби;
Имом Термизий номидаги ислом институти;
Барча ўрта махсус ислом таълим муассасалари.
Эслатма: Ҳужжат қабули бугун соат 18:00 гача давом этади. Муҳлат тугашига оз вақт қолганини инобатга олиб, абитуриентлардан ҳужжат топшириш жараёнини кечиктирмасликларини сўраб қоламиз!
Абитуриентлар ўзларига энг яқин жойлашган диний таълим муассасасининг Қабул ҳайъати орқали республикадаги исталган диний таълим муассасасига ҳужжат топширишлари мумкин.
1. Бакалавриат босқичи учун:
Муассаса ректори номига ариза;
Паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
Ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлаганлиги ҳақида диплом ва иловаси нусхаси (асли кўрсатилади);
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (оқ фонда, охирги 3 ойда олинган). (Хорижий диний таълим муассасасини тугатган ва нострификациядан ўтган дипломга эга ЎзР фуқаролари ҳам топширишлари мумкин).
2. Ўрта махсус ислом таълим муассасалари учун:
Муассаса раҳбари номига ариза;
Паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
Аттестат ёки диплом нусхаси (асли кўрсатилади);
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона фотосурат;
Чет тили бўйича камида B2 даражасидаги сертификат нусхаси (мавжуд бўлса — имтиҳонсиз максимал балл берилади).
3. Магистратура босқичи учун:
Ректор номига ариза, паспорт/ID нусхаси ва 6 дона фотосурат;
Олий диний таълим муассасаси дипломи ва иловаси нусхаси (асли кўрсатилади);
Араб тили бўйича камида C1 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификат (максимал балл берилади).
4. Модуль таълим тизими учун:
Ариза, паспорт/ID нусхаси, 6 дона фотосурат;
Ўрта махсус ислом таълим муассасаси дипломи ва иловаси асл нусхаси;
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилидан (қозиёт/вакиллик) тавсиянома;
Тасдиқланган меҳнат дафтарчаси нусхаси.
Тўлов ҳақида: Тест синовларида иштирок этиш учун БҲМнинг ярим баравари (1/2) миқдорида тўлов ундирилади.
Жорий йилда мактаб, лицей ёки коллежни тамомлаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва тўлиқ давлат таъминотидаги абитуриентлардан тўлов ундирилмайди.
Фурсатни бой берманг, ҳужжатларингизни топширишга шошилинг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати