Мамлакатимизда амалга оширилаётган рақамлаштириш ислоҳотлари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан диний соҳа ходимлари фаолиятини янги босқичга кўтариш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, имом-хатиблар ва имом-ноибларининг кундалик иш фаолияти ҳамда маънавий-маърифий тадбирлари мониторинги KPI (самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари) платформаси орқали назорат қилинмоқда.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 9 апрель куни Андижон вилоятида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда масжид ҳужжатларига масъул ходимлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов ва Кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхоновлар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар имом-хатибларнинг илмий ва касбий маҳоратини ошириш, фаолиятдаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда иш жараёнини тизимли ташкил этишда KPI платформасидан самарали фойдаланиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар бердилар.
Muslimun.uz
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати