Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқаролар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида навбатдаги қабул жараёни ўтказилди.
Тадбир давомида Муфтий ҳазратларининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Мулоқотлар давомида асосий эътибор оилавий муносабатларни соғломлаштириш, муҳтожларга ижтимоий кўмак бериш, ҳаж масаласи ва бошқа диний-маърифий мавзуларга қаратилди.
Ҳар бир мурожаат алоҳида синчковлик билан ўрганилиб, фуқароларга шариат аҳкомлари ва амалдаги қонунчилик доирасида батафсил тушунтиришлар берилди. Кўплаб масалалар ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча вақт талаб қиладиган мурожаатлар тегишли бўлим мутахассисларига йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.
Бундай тизимли мулоқотлар инсон қадрини улуғлаш ва жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яхши сўз садақадир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир яхшилик садақадир", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Йўлдан азият етказовчи нарсаларни олиб ташлаш садақадир", дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Биродаринг юзига табассум билан қарашинг садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш (Амру маъруф ва наҳий аънил мункар) садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлидан адашганга йўл кўрсатиш садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг садақа", дедилар (Имом Термизий ривояти).
9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кўринганга салом бериш садақадир", дедилар.
10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Саломга алик олиш садақадир", дедилар.
11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким биродарининг олдига зиммасидаги ҳақни адо этиш учун юриб борса, ҳар бир қадамига садақа ёзилади", дедилар.
12. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш садақадир", дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД