Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Май, 2026   |   20 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:40
Қуёш
05:12
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:31
Хуфтон
20:56
Bismillah
08 Май, 2026, 20 Зулқаъда, 1447
Мақолалар

Шайх Шаъровийнинг “Мақоми Иброҳим”ни кўчирилишига тўсқинлик қилгани ва бунинг мукофоти

06.05.2026   2808   4 min.
Шайх Шаъровийнинг “Мақоми Иброҳим”ни кўчирилишига тўсқинлик қилгани ва бунинг мукофоти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1954 йилда Қирол Сауд Саудия уламоларининг аксарияти берган фатвога асосланиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомини кўчиришга қарор қилди. Бундан кўзланган мақсад — тавоф қилувчилар кўпайиб, жой торлик қилаётгани сабабли тавоф майдонини (матофни) кенгайтириш эди. Ўша пайтда тирбандлик катта муаммога айланганди.

Ўша вақтда раҳматли Шайх Шаъровий Маккаи Мукаррамадаги Шариъат факультетида мударрис эди. У киши Азҳари шарифдан Саудияга юборилган делегация аъзоларидан бири бўлган. Шайх тасодифан бу қарордан хабардор бўлади ва буни шариатга зид деб ҳисоблайди. У делегациянинг баъзи аъзоларига бу ишни тўхтатиш учун аралашишни таклиф қилади, лекин улар: Бу иш тугаган, янги бино қуриб бўлинган, кўчиришга атиги 4 кун қолди. Агар аралашсак, буни ички ишларга аралашиш деб баҳолашлари ва бошимизга муаммо тушиши мумкин, деб рад жавобини беришади.

Бироқ Шайх қониқмайди. У Саудиянинг баъзи олимлари, жумладан, Шайх Иброҳим Ан-Нурий ва Исҳоқ Аззуз билан боғланади. Улар ҳам ҳаракат қилишганини, лекин энди кеч эканини айтишади. Шунда Шайх Шаъровий бу ишни ёлғиз ўзи қилишга қарор қилади.

Шайх Шаъровий Қирол Саудга беш саҳифали телеграмма йўллайди (бу телеграмма учун у ўзининг бутун ойлик маошини сарфлаган). Унда масалани тарихий ва фиқҳий жиҳатдан асослаб беради. Шайхнинг фикрича, мақомни кўчириш шариатга зид эди. Мақомни кўчириш тарафдорлари “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни кўчирганлар” деган далилни рўкач қилишарди.

Шайх эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат соҳиби ва қонун чиқарувчи эканларини, у зот мақомни қўйган жойдан кейинчалик кимдир уни кўчиришига бу ҳужжат бўлолмаслигини айтади.

Шунингдек, у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ишини мисол келтиради. “Умму Нашҳал” номи билан машҳур кучли сел келиб, мақомни жойидан суриб кетганда, Умар розияллоҳу анҳу Мадинадан ташвиш билан етиб келади. Саҳобаларни йиғиб: Орангизда ким бу мақомнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давридаги асл ўрнини билади? деб сўрайди.

Шунда бир киши туриб: Эй Умар, мен бундай ҳолат бўлишини кўнглим сезиб, мақомнинг атрофдаги нарсаларга нисбатан масофасини арқон билан ўлчаб қўйгандим. Мана шу арқондаги тугун асл ўрнини кўрсатади, дейди. Бироқ ҳазрати Умар заковатлари билан гапни шундоқ қабул қилмай, арқонни келтиришни буюради ва унинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилгач, мақомни айнан ўша асл жойига қайтаради.

Телеграмма Қирол Саудга етиб боргач, у олимларни йиғиб, мактубни ўрганиб чиқишни ва эртаси куни – мақом кўчирилишига 24 соат қолганда – хулоса беришни сўрайди. Саудиялик олимлар телеграммадаги далилларга қўшилишади ва бу сўзларни рад этиб бўлмаслигини айтишади.

Шундан сўнг Қирол мақомни кўчиришни тўхтатиш ва у учун қурилган янги бинони бузиб ташлаш ҳақида фармон беради.

Шайх Шаъровий матофни (тавоф майдонини) кенгайтириш учун мақомга тегмасдан бошқа ечим таклиф қилади: Мақомни ўраб турган эски бино жуда катта бўлиб, айнан шу нарса тирбандликка сабаб бўлаётганди. Шайх ўша бинони олиб ташлаб, мақомнинг ўзини икки кишилик жой эгаллайдиган кичик ҳажмда қолдиришни ва устини ўқ ўтмайдиган, мустаҳкам шиша гумбаз билан ёпишни таклиф этади. У: Иброҳим мақомининг очиқ кўриниб туриши Унда очиқ аломатлар Иброҳим мақоми бор деган оятга мувофиқ келади, уни одамлар кўзидан тўсиб қўйиш мантиқсиз, дейди.

Аллоҳнинг фазли билан Шайхнинг таклифи қабул қилинади. Эски бино бузилиб, мақом устига шиша гумбаз ўрнатилади ва у одамлар кўзига кўринадиган ҳолга келади.

Шайх Шаъровий бундай деганди: “Алҳамдулиллаҳ, Қирол Сауд мени чақиртирди. Бордим, у менга ташаккур айтиб, мишлаҳ (чопон), соат ва ручка ҳадя қилди”.

Шунингдек, Шайх Шаъровий айтадики, Қирол мақомни кўчиришни тўхтатиш ҳақида буйруқ берганидан икки кун ўтиб, Аллоҳ уни тушида Иброҳим Халилуллоҳни кўриш шарафига муяссар қилган.

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний идора ёшлари билан мулоқот ўтказилди

07.05.2026   4593   1 min.
Диний идора ёшлари билан мулоқот ўтказилди

Бугун, 7 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков тизимда фаолият юритаётган ёш мутахассислар билан дилдан суҳбат қурди.


Мулоқот аввалида Ҳомиджон домла юртимизда ёшларнинг билим олиши ва касбий юксалиши учун яратилган имкониятларга тўхталиб, Диний идорада ҳам ёш мутахассисларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча шароитлар муҳайё эканини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, Идоранинг шонли тарихига назар ташлаб, 1943 йилда "Бароқхон" мадрасасида бошланган фаолият 2007 йилда "Ҳазрати Имом" мажмуасига, 2026 йилга келиб эса муҳташам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг янги биносига кўчганини сўзлаб берди. 

Суҳбат давомида бугунги тинчлик ва тараққиёт аждодларимизнинг дуолари ва меҳнатлари самараси экани таъкидланди. Шунингдек, Диний идора нафақат юртимизда, балки қўшни давлатларда ҳам юксак эҳтиром билан тилга олинадиган даргоҳ бўлиб, бу ерда фаолият юритган улуғ уламоларнинг хизмати беқиёс экани эътироф қилинди. 

Ҳомиджон домла ёшларни уларга насиб этган мана шундай беқиёс имкониятлардан оқилона фойдаланишга, ўз билим ва малакаларини тинимсиз ошириб, дин ва миллат ривожи учун бор куч-ғайратини сарфлашга чақирди.

Учрашув якунида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда маърифат зиёси янада кенг ёйилишини сўраб хайрли дуолар қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Диний идора ёшлари билан мулоқот ўтказилди Диний идора ёшлари билан мулоқот ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари