Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй, замонни айблаб сўкувчи инсон,
Ўйла, ўзингмисан беайб бенуқсон?!
Динингизни теран англашингиз саодатингиз сабабларидан биридир. Чунки динни ўрганиш кўнгилни кенг қилади ва Роббингизни рози этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса уни динда фақиҳ (динни теран англайдиган) қилиб қўяди”.
Шундай экан, динингизни ўргатадиган, илмингизни зиёда қиладиган манфаатли китоб, мақолаларни ўқинг.
Шуни билингки, энг афзал амалларнингиз бу сизнинг Қуръони каримни тушунишга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини фаҳмлашга қилган ҳаракатингиздир. Кўпроқ улар ҳақида тафаккур қилинг, дугоналарингиз билан шу ҳақида суҳбат қуринг, имкон қадар ёдлашга интилинг, тингланг ва амал қилишга ҳаракат қилинг.
Инсон ўзининг динини яхши билмаслиги қалбдаги зулмат ва кўнгил торлигига олиб боради. Шунинг учун, кичик бўлсада бир кутубхона ташкил этинг ва унга фойдали китобларни йиғиб боринг. Вақтингизни савиясиз қўшиқлар ва сериаллар кўриб зое қилманг, чунки умрингизнинг ҳар бир сонияси ҳисоб-китобли, уни Аллоҳнинг розилиги учун сарф этинг.
Шуъла: Энг қаттиқ қийинчиликлар ҳам ўзига ишонган, дадил инсоннинг табассуми билан осон ва енгил бўлиб қолади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ