Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларнинг арз ва таклифларини тинглаш ҳамда уларга амалий кўмак бериш тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Ана шундай қабуллардан бири бугун, 13 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага ташриф буюрган фуқароларни навбатдаги қабули бўлиб ўтди.
Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда имом-хатиблар фаолиятига оид таклифлар, мураккаб оилавий муносабатлар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Қабул жараёнида мурожаатчиларнинг шаръий масалалар бўйича сўровларига батафсил жавоб берилиб, оилавий муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди, шунингдек, моддий ёрдам сўраб келган эҳтиёжманд кишиларга белгиланган тартибда кўмак кўрсатилди.
Бу каби хайрли ташаббуслар нафақат марказда, балки республикамизнинг барча ҳудудий вакилликлари ва жоме масжидларида ҳам ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-домлалар томонидан изчил амалга оширилмоқда.
Зеро, бировнинг дардини енгиллатиш, унинг ташвишлари осонгина бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амал. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари муҳим йўналишларда 3 та баёнот ва замонавий масалаларга оид 6 та йирик фатвони имзолашди.
Жумладан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда Ислом динида инсоният фаровонлигига хизмат қилувчи барча илмий ва технологик ютуқлар қўллаб-қувватланиши билан бирга, улар юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида ривожланиши шартлиги таъкидланди.
«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» тўғрисидаги баёнотда Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтириб, қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай шахс мусулмон ҳисобланиши ҳамда қилган гуноҳи ёки амалдаги нуқсони туфайли уни куфрда айблаш (такфир қилиш) қатъиян ман этилиши айтилди. Шунингдек, Туркий давлатлар уламолари ушбу баёнотда жамиятда фитна, қон тўкилиши ва низоларга сабаб бўлувчи такфирчилик оқимларига қарши илмий-маърифий курашни кучайтириш, уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.
«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» баёнотида Ислом таълимотига кўра, оила никоҳ асосига қуриладиган, соғлом авлод ва жамият давомийлигини таъминловчи, инсонга руҳий хотиржамлик ҳамда ахлоқий тарбия берувчи муқаддас муассаса эканига урғу қаратилди. Муфтийлар оила институтини ҳимоя қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш ва миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда бирдамликка чақирдилар.
Шунингдек, муфтийлар томонидан «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ва такфир масаласига доир 6 та фатво матни имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати