Шу йил 18 май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишувдан кўзланган асосий мақсад — буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг бой маънавий меросини, тасаввуф таълимотининг асл инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш ва кенг тарғиб этишдир.
Учрашувда Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров юртимиз алломаларининг илмий мероси бутун ислом олами учун беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлади.Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори Азизхўжа домла Иноятов ҳам мазкур ҳамкорликдан мамнун эканини билдириб, Тошкент ислом институтини диний таълим муассасалари орасида етакчи даргоҳлардан бири сифатида эътироф этди.
Имзоланган ҳужжатга кўра, томонлар биргаликда китоблар нашр этиш, илмий семинар ва конференциялар ташкил этиш, долзарб илмий мақолалар тайёрлаш ҳамда талабаларнинг битирув ишлари ва магистрлик диссертацияларига устозлик қилиш каби муҳим йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қиладилар. Бу шериклик тасаввуфнинг соф илмий асосларини кенг ёйиш ва сохта тариқатчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ва ходимлари ўртасида анъанавий “Ректор кубоги” футбол мусобақаси бўлиб ўтди. “25 май – Халқаро футбол куни” арафасида ЎФА майдонида ўтказилган финал баҳслари кескин ва дўстона руҳда кечди.
Мусобақа якунига кўра, совринли ўринларни қуйидаги жамоалар банд этди:
1-ўрин — “Бароқхон” жамоаси (Кубок соҳиби)
2-ўрин — “Шоший” жамоаси
3-ўрин — “Фуқаҳо” жамоаси
Шунингдек, турнир давомида ажралиб турган иштирокчилар махсус номинациялар билан тақдирланди. Институт проректори Хошимжон Аманов «Энг яхши ўйинчи», катта ўқитувчи Элёр Аҳматқулов «Энг яхши тўп урар» ва институт психологи Ойбек Исмоилов «Энг яхши дарвозабон» деб топилди.
Мусобақа сўнгида ғолибларга совринлар топширилди. Турнирни ташкил этишда яқиндан кўмаклашган Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ҳомий ташкилотларга институт раҳбарияти томонидан миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати