Қурбон ҳайити муносабати билан Бухоро вилоятида Кўзи ожизлар жамиятининг 20 нафар аъзосига 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат хайрия тўпламлари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида ўтказилган ушбу тадбирда ҳамюртларимизга байрам табриклари ва эзгу тилаклар билдирилди.
Ўз навбатида, кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун фуқаролар миннатдорлик изҳор этиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги учун дуолар қилдилар.
Мазкур хайрли ташаббус Қурбон ҳайитининг инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва саховат каби юксак диний-инсоний қадриятларини яна бир бор намоён этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати