Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда Ақраъ:
"Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ", деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да, сўнг:
"Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас", дедилар (Имом Бухорий, имом Абу Довуд, имом Термизий ривояти).
Бухоро шаҳридаги «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жоме масжидида гапириш ва эшитишида нуқсони бўлган фуқаролар учун "Фарзанд тарбияси ва ҳимояси — катта масъулият" мавзусида маърифий суҳбат бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда масжид имом-ноиби Дилшод домла Ҳодиев иштирокчиларга мавзунинг диний ва ижтимоий аҳамиятини тушунтириб берди. Маълумотлар имконияти чекланган юртдошларимизга малакали сурдо таржимон Дилфуза Аъламова томонидан имо-ишора тилида маҳорат билан етказилди.
Учрашув давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган ақида, фиқҳ ва кундалик ижтимоий ҳаётга доир саволларига атрофлича жавоб олдилар.
Тадбир якунида Бухоро вилояти вакиллиги томонидан қатнашчиларга байрам туҳфалари улашилди.
Аллоҳ таоло бундай хайрли ва савобли ишларни бардавом айлаб, эҳсон соҳибларидан рози бўлсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати