2 июнь куни "Ҳаж – 2026" мавсумининг навбатдаги гуруҳ зиёратчилари, хусусан, улар сафидаги 100 нафар "Президент ҳожилари" муборак диёрда ҳаж амалларини тўлиқ адо этиб, юртимизга эсон-омон етиб келишди.
Ҳожиларни Президент Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Камилов, “Ҳаж - 2026” ишчи гуруҳи раҳбари - Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари эҳтиром ила кутиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, ҳожиларимиз муборак диёрда ҳар бир қадамда кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликни ҳис этишди. Муқаддас жойларда ҳаж арконларини ихлос билан бажарган зиёратчилар сафар давомида муҳтарам Юртбошимиз, меҳридарё халқимиз ҳақига дуолар қилиб келишди.
Она Ватан бағрига соғ-саломат қайтиб, яқинлари билан дийдорлашган ҳожиларимизнинг юз-кўзларида шукроналик, мамнунлик ҳисси дилларга янада хурсандчилик улашди.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, ибодату дуоларини мақбул айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг расмий статистика идораси (General Authority for Statistics) маълумотларига кўра, жорий йилги Ҳаж мавсумида бутун дунёдан жами 1 миллион 707 минг 301 нафар зиёратчи ҳаж амалини адо этди. Уларнинг 1 миллион 546 минг 655 нафари хориждан келган меҳмонлар бўлса, 160 минг 646 нафарини Саудия Арабистони фуқаролари ва резидентлари ташкил қилди.
Муборак ибодатни адо этганларнинг 893 минг 396 нафари эркаклар, 813 минг 905 нафари эса аёллардир.
Хорижлик зиёратчиларнинг асосий қисми, яъни 1 миллион 485 минг 729 нафари муқаддас заминга самолётда етиб келган. Шунингдек, 54 минг 429 нафар зиёратчи автомобиль йўллари, 6 минг 497 нафари эса денгиз орқали борган.
Миллионлаб инсонлар бир вақтнинг ўзида йиғиладиган бундай улкан тадбирни бошқариш дунёдаги энг катта ташкилий жараёнлардан бири ҳисобланади. Шу боис, Саудия расмийлари охирги йилларда Ҳаж зиёратини рақамли бошқарув, хавфсизлик ва логистика жиҳатидан янада тизимлаштиришга, зиёратчиларга максимал қулайликлар яратишга катта эътибор қаратмоқда.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларимизнинг зиёратларини қабул айлаб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини насиб қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати