Муборак Ҳаж амалларини соғ-саломат адо этган фарғоналик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Ватанга қайтиб келди. Ҳожиларни Фарғона халқаро аэропортида вилоят мутасаддилари, диний соҳа вакиллари ҳамда зиёратчиларнинг яқинлари тантанали равишда кутиб олди.
Мазкур маросимда давлатимиз раҳбари томонидан юртдошларимизнинг муқаддас амалларни хотиржам ва муносиб адо этишлари учун яратилаётган юксак шарт-шароитлар алоҳида эътироф этилди.
Зиёратчилар Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларида бўлиб, Ҳаж ибодатларини тўлиқ адо этганликларини, муборак қадамжоларда туриб юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда эл-юрт равнақини сўраб хайрли дуолар қилганликларини мамнуният билан таъкидлади.
Маълумот ўрнида, Фарғона вилоятидан муқаддас сафарга йўл олган зиёратчиларнинг кейинги гуруҳларини кутиб олиш ишлари режа асосида жорий йилнинг 13 июнига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тошкент ислом институти қошида фаолият юритаётган Жиззах шаҳридаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг навбатдаги битирувчилари ва соҳа мутасаддилари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонхон домла Жабборов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров, институт проректори Жаҳонгир қори Рўзиев ҳамда диний соҳа вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик неъматининг қадри ҳамда бу эзгу неъматларга шукроналик келтиришнинг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Инсонларни, айниқса, ёшларни илм-маърифатга тарғиб қилиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан экани алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида ўқув курси фаолияти ва ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган масъуллар ҳамда ҳамкор ташкилот вакиллари институт номидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шундан сўнг ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Маросим сўнгида юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва илм аҳлининг ривожини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати