Кўҳна ва боқий Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида навбатдаги 57-хатмона маросими бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган тадбирни таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров очиб бериб, йиғилганларни қутлади ва битирувчи талабаларнинг ўқиш даврида қўлга киритган ютуқларига тўхталиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов, таниқли уламо Абдулғофур Раззоқ Бухорий ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Азизбек Қаландаров сўзга чиқиб, битирувчиларни қутлуғ қадам билан муборакбод этдилар ва уларнинг келгуси диний-маърифий фаолиятларида муваффақиятлар тиладилар.
Тантанали тадбир давомида устозлар ва ота-оналарга чексиз миннатдорлик изҳор этган битирувчилар орасидан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган қорилар, хусусан, Каломуллоҳни бир ўтиришда ёддан тиловат қилиб топширган иқтидорли талабалар алоҳида тақдирландилар.
Муқаддас китобни қалбига жо қилган бу ёшларга таълим муассасасининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 30 июль куни Тошкент шаҳрида Халқлар дўстлиги куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Давлат раҳбарининг қутловини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов етказди.
Президент ўз табригида ушбу айём юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик каби эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил яшаб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани энг катта бойлигимиз экани қайд этилди.
Табрикда “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган ғоя асосида миллатлараро муносабатлар соҳаси янги босқичга кўтарилгани айтиб ўтилди. Бугунги кунда юртимизда 153 та миллий маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда, таълим 7 тилда олиб борилиб, ОАВда 12 ва 14 тилларда кўрсатув ва нашрлар йўлга қўшилган.
Шунингдек, давлат раҳбари маданий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида профессионал «Дўстлик» ансамблини ташкил этиш ҳамда «Алишер Навоий» телеканалини янги форматда йўлга қўйиш режаларини маълум қилди.
Табрик якунида Президент юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини уқтириб, сиҳат-саломатлик ва эзгу ишларда улкан муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати