Халқимиз орасида меҳр-оқибат, саховат ва инсон қадрини улуғлаш каби эзгу қадриятлар азалдан мустаҳкам ўрин эгаллаб келади. Ана шу олийжаноб фазилатларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жорий йилнинг 23 июнь куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида кенг қамровли сайёр учрашувлар ўтказилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ҳамда нуронийлар иштирок этдилар.
Диний соҳа ходимлари туманда яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Беморларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди, ҳақларига шифо тилаб дуолар қилинди.
Маълумот учун: Ислом таълимотида бемор кўриш ва муҳтожлар қалбига қувонч улашиш энг савобли амаллардан саналади.
Сайёр йиғилиш давомида дин уламолари Найман маҳалласида саховатпеша ҳомийлар кўмагида қад ростлаётган янги хонадон қурилиши билан танишдилар.
Биринчи хонадон: Боқувчисини йўқотган оила учун барпо этилмоқда.
Иккинчи хонадон: Яқинда содир бўлган ёнғин оқибатида уй-жойидан ажралган яна бир оилага қуриб бериляпти.
Уламолар ушбу хайрли ишларнинг баракасини тилаб дуолар қилдилар ва оилаларга ҳадялар топширдилар.
Тадбир давомида адашган ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган айрим фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Уларга оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, ватанга муҳаббат ва жамият олдидаги масъулият ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди. Бу самимий мулоқотлар уларнинг қалбида келажакка ишонч уйғотишга хизмат қилди.
Пешин намозидан сўнг тумандаги барча жоме масжидларида тарбиявий маърузалар ташкил этилди. Имом-хатиблар жамиятда соғлом муҳитни қарор топтириш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат мавзуларида маъруза қилдилар.
Якунда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда ёшларимизнинг камолоти учун хайрли дуолар қилинди.
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати