Жорий йилнинг 7 июл санасида Тошкентда старт олган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференцияда мисрлик эксперт Муҳаммад Ҳассан Имом Мотуридийнинг ақл, танқидий тафаккур ва мўътадилликка асосланган таълимотини бугунги таҳдидларга қарши энг муҳим маърифий ечимлардан бири сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, экстремизмга қарши кураш хавфсизлик чоралари билан чекланмасдан, ёшларда мустақил фикрлашни шакллантириш ва исломнинг инсонпарварлик моҳиятини замонавий медиа орқали кенг тарғиб қилиш билан бирга олиб борилиши лозим, хабар бермоқда iccu.uz.
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференцияда Миср Араб Республикаси Дорул Ифто ҳузуридаги Экстремизм ва исломофобияни ўрганиш бўйича “Салам” маркази директори Муҳаммад Ҳассан қатнашди.
Мисрлик олим ўз чиқишида Имом Мотуридий таълимоти нафақат тарихий-илмий мерос, балки бугунги кунда дунё ҳамжамияти дуч келаётган энг долзарб муаммоларга муносиб жавоб бера оладиган ҳаётий методология эканини таъкидлади.
«Имом Мотуридий — бу ақл мактабидир. Унинг илмий методологияси замонавий воқелик учун ҳам кўплаб ечимларни тақдим этади. Бугун биз кузатаётган муаммоларнинг катта қисми айнан ақл ва нақл уйғунлигига асосланган ҳақиқий илмий ёндашувнинг ҳаётимизда етарлича қарор топмагани билан боғлиқ», — деди олим.
Муҳаммад Ҳассан ўзининг экстремизм ва радикал ғояларни мониторинг қилиш соҳасидаги кўп йиллик тажрибасига таяниб, бугунги кунда дунёда кузатилаётган кўплаб таҳдидлар илм ва маърифат орқали бартараф этилиши мумкинлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий асос солган ақлий-таҳлилий ёндашув айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Шу муносабат билан у терроризмга оид халқаро статистик маълумотларни келтириб, мавжуд вазиятнинг ўта зиддиятли эканига эътибор қаратди.
«Дунёда терроризм қурбонларининг қарийб 97 фоизи мусулмонлардир. Бироқ айни пайтда терроризм ҳақида сўз кетганда биринчи навбатда мусулмонлар айбланади. Бу жиддий таҳлилни талаб қиладиган ўта мураккаб ҳолатдир», — деди у.
Мисрлик олим экстремистик ташкилотлар фаолиятини таҳлил қилиш жараёнида уларнинг деярли барчаси такфирчилик ғоясига таяниши аниқланаётганини таъкидлади.
«Биз ўрганган барча террорчи ташкилотлар ўзларидан бошқа мусулмонларни кофир деб ҳисоблайди. Улар учун ҳақиқий мусулмонлар — фақат ўзларининг кичик гуруҳи. Бу эса Имом Мотуридий белгилаб берган ақидавий тамойилларга мутлақо зид ёндашувдир», — деди Муҳаммад Ҳассан.
У Имом Мотуридийнинг «Китоб ат-тавҳид» асарида баён этилган «динни англашнинг асоси ақл ва тафаккурдир, кўр-кўрона тақлид эса инсонни ҳақиқатга етакламайди» деган ғоясига тўхталиб, мазкур тамойил бугун ҳам экстремизмга қарши курашда долзарб аҳамият касб этишини қайд этди.
Олим ёшлар тарбияси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, фарзандларда фақат итоат эмас, балки мустақил фикрлаш, мулоҳаза қилиш ва савол бериш кўникмаларини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.
«Итоат яхши фазилат. Бироқ у албатта ақл, мулоҳаза ва ишонтириш билан уйғун бўлиши керак. Ана шунда фарзандларимиз турли радикал оқимлар таъсирига тушиб қолмайди», — деди у.
Шунингдек, Муҳаммад Ҳассаннинг қайд этишича, Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини академик муҳит билангина чеклаб қўймасдан, замонавий ахборот майдони орқали кенг жамоатчиликка етказиш бугунги куннинг устувор вазифаси.
«Биз Имом Мотуридий меросини китоблар саҳифасидан ижтимоий тармоқларга олиб чиқишимиз керак. Уни қисқа видеолар, подкастлар, мультимедиа лойиҳалари ва бошқа замонавий форматларда кенг аудиторияга етказиш вақти келди. Бу бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир», — деди олим.
Шунингдек, мисрлик олим мазкур йўналишда диний уламолар, тадқиқотчилар, журналистлар, медиа мутахассислари ва креатив индустрия вакилларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳимлигини қайд этди. Таъкидланганидек, Имом Мотуридийнинг ақл, бағрикенглик ва мўътадилликка асосланган таълимотини замонавий коммуникация воситалари орқали кенг тарғиб қилиш экстремизмга қарши маърифий иммунитетни мустаҳкамлаш, ёш авлод онгида соғлом диний тафаккурни қарор топтириш ҳамда исломнинг инсонпарварлик моҳиятини дунё жамоатчилигига тўғри етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати