2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Ислом Каримов мамлакатимиз тарихининг ғоят мураккаб ва масъулиятли даврида Ўзбекистонга раҳбарлик қилди. Унинг номи мустақилликнинг қўлга киритилиши, миллий давлатчилигимизнинг тикланиши ва юртимизнинг мустақил тараққиёт йўлига чиқиши билан узвий боғлиқ.
Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.
Шу маънода, мустақиллигимизнинг пойдеворини яратишга, мамлакатимиз тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашга, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишга катта ҳисса қўшган инсонлар хотирасини эъзозлаш муҳим маънавий қадриятдир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътибори билан Биринчи Президентимизнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилди.
Самарқандга ташрифлар чоғида унинг мақбарасини зиёрат қилиш эзгу анъанага айланди.
Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинди.
Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ва Тошкент шаҳри жамоатчилиги ҳам Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нуфузли мукофот — Имом Қарофий номидаги "Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун" халқаро мукофоти билан тақдирландилар.
Юксак мукофотни Миср Араб Республикаси бош муфтийси, Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти раиси, профессор Назир Муҳаммад Айёд, Миср вақф вазири доктор Усома ал-Азҳарий ҳамда Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано кабилар тантанали равишда топширдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, ушбу эътироф Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий фатво фаолиятини янги босқичга олиб чиқишдаги фидокорона меҳнатларининг муносиб самараси эканини алоҳида таъкидлади.
Тақдирлаш чоғида турли мамлакатлардан келган 500 нафардан зиёд анжуман иштирокчилари эътиборига Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳа ислоҳотлари ҳамда Муфтий ҳазратларининг кўп қиррали фаолиятига бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди. Унда юртимиз қадимдан буюк цивилизациялар бешиги, илм-маърифат ва ислом маданиятининг муаззам маркази бўлиб келгани эътироф этилди. Шунингдек, лавҳада бугунги кунда Давлатимиз Раҳбари бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, нуфузли халқаро анжуманлар, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг самарали фаолияти, жумладан, Фатво марказининг ишга туширилиши ва мўътадилликни тарғиб этиш борасидаги салмоқли ташаббуслари атрофлича кўрсатиб берилди.
Маълумот ўрнида, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бунга қадар ҳам бир қатор юксак мукофотларга сазовор бўлганлар:
- Президентимиз фармонларига мувофиқ “Олий даражали Имом Бухорий” ордени;
– Россия Федерацияси марказий диний идорасининг «Ал-Иътисом» («Ҳамжиҳатлик») медали;
– Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг «Ынтымак» («Бирдамлик») медали;
– «Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 30 йиллиги» юбилей медали;
– Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш марказининг «Уммат олдидаги хизматлари учун» ордени;
– Россия Федерацияси Имом Бухорий номидаги диний ташкилотининг «Ал-Илм» ордени.
«Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун» мукофоти ҳақида:
Мазкур нуфузли халқаро мукофот Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти томонидан таъсис этилган бўлиб, буюк аллома, фақиҳ Имом Шиҳобуддин ал-Қарофий (1228–1285) шарафига номланган.
Ушбу мукофот Ислом умматида мўътадиллик тамойилларини илгари суриш, бир ёқлама ва тор қарашлардан сақланиш, жамоавий ижтиҳод ҳамда фатво бериш амалиётини такомиллаштириш ва замонавий муаммоларга тўғри шаръий ечимлар ишлаб чиқишга улкан ҳисса қўшган етук уламоларга тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати