Мақолаларда буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келаётгани, хусусан Мовароуннаҳр ҳудудидан чиққан буюк муҳаддис алломаларнинг ҳадис илми борасидаги бой илмий-маънавий тажрибаси ислом цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшгани эътироф этилган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизматининг маълум қилишича, Cairo 24.com электрон нашрида “Илк маротаба... Саҳиҳи Бухорийнинг ўзбек тилига таржимаси” номи остида чоп этилган мақола “Ислом тарихи буюк аллома ва мутафаккирларга бой. Ислом кутубхонасини турли илмлар билан бойитган олимларнинг аксариятини Осиё қитъасининг дарёдан нариги томонидаги мамлакатларидан топамиз. Бугунги кунда Ўзбекистон давлати ўз мамлакатида жаҳон цивилизацияси ва илмий тараққиёти ҳамда ислом илмлари ривожига ҳисса қўшган муҳаддислар, таржимонлар, илоҳиётшунос ва ҳуқуқшунослар ҳаёти ва қолдирган меросини илмий тадқиқ этиш йўли билан ўрганишга киришган”, деган сўзлар билан бошланган.

Мақолада “Саҳиҳи Бухорий” асарига ўзбек тилида берилган шарҳнинг хусусиятли жиҳатларига кенг ўрин берилган. elbalad.news сайтидаги “Қуръондан кейинги энг муқаддас китоб: “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг ўзбек тилига илк бор таржимаси” номли мақолада ушбу кўп жилдли шарҳ дунё уламолари билан ҳамнафас бўлиш, ўзбек халқининг “Саҳиҳ ал-Бухорий” тадқиқига ҳиссаси борлигини исботлаш мақсадида яратилгани таъкидланган. “Ал-Азҳар овози” газетаси эълон қилган “Янги нашр. “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг ўзбек тилида батафсил изоҳи” номли мақолада ўзбек тилида тақдим қилинган мазкур нашр ҳадис илми борасидаги билимларни янада мустаҳкамлаш ҳамда Имом Бухорийнинг бой маънавий меросини тўлароқ англашга асос бўлиб хизмат қилишига урғу берилган.
Мақолаларнинг барчасида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ҳамда Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг янги нашр юзасидан билдирган фикрларидан иқтибослар келтирилган. elbalad.news сайти ҳамда Cairo 24.com электрон нашри таъбири билан айтганда “Китоб нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё халқлари учун қимматли маънавий мерос сифатида баҳоланишига ишонамиз”.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА
Бугун, 2 сентябрь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг мурожаат ва таклифларини атрофлича тинглади.
Очиқ ва самимий руҳда кечган қабул жараёнида Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан келган фуқароларнинг диний таълим муассасаларига ўқишга кириш, Умра зиёрати тартиби ҳамда масжидлар фаолиятига доир мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Учрашув давомида билдирилган масалалар юзасидан фуқароларга шаръий ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, баъзи муҳим масалалар бўйича тегишли масъул ходимларга мурожаатларни қисқа фурсатларда қонуний ҳамда ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган бу каби фуқаролар қабуллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати