Мино яқинида зиёратчилар учун 12 та янги турар-жой биноси қурилади. Бу ҳақда Ҳаж ва Умра миллий қўмитаси маслаҳатчиси жаноб Саад Ал Қурайш маълум қилди.
Ҳаж бутун дунё мусулмонлари учун муҳим ибодатдир. Ҳаж вақтида зиёратчилар Минода бир неча кечани ўтказадилар.
Саад Ал Қурайшнинг маълумотларига кўра, турар-жой бинолари 2024 йил Ҳаж ибодатини амалга оширувчи зиёратчилар учун тўлиқ қулай шароитларда бўлади.
Шунингдек, зиёратчиларга 2024 йил Ҳаж мавсуми учун дарҳол рўйхатдан ўтишни маслаҳат берди.
2024 йил Ҳаж ибодатини адо этиш учун кўплаб зиёратчилар ташрифи кутилмоқда. Аввалроқ зиёратчилар сонини ҳисобга олган ҳолда Саудия ҳукумати 2024 йилги Ҳаж зиёратчилари учун 166 та бинога лицензия бергани ҳақида хабар берилган эди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Аёл киши уйида эрига иқтидо қилиб намоз ўқиса бўладими? Агар жоиз бўлса, аёл қаерда туради?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, аёллар уйда эрлари ёки бошқа эркак маҳрамларига иқтидо қилган ҳолда жамоат бўлиб намоз ўқишлари жоиз бўлади. Бу борада аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бундай зикр қиладилар:
“Агар имом билан бир аёл намоз ўқимоқчи бўлса, унинг орқасида туради. Чунки аёлни эркак билан бир сафда ёнма-ён туриши эркакнинг намозини бузади. Агар имомдан ташқари бир эркак ва бир аёл бўлса, эркак имомнинг ўнг томонига ва аёл эса, орқасида туради. Агар имомдан ташқари икки эркак ва битта аёл бўлса, икки эркак имомнинг орқасида ва битта аёл уларнинг орқасида туради. Агар эркаклар ва аёллар ҳамда ёш ўғил ва қиз болалар жамоат бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсалар, у ҳолда имомнинг орқасида дастлаб балоғатга етган эркаклар туради. Сўнг балоғатга етмаган ёш ўғил болалар, сўнг балоғатга етган аёллар, сўнг ёш қизлар турадилар” (“Бадоеус-саноеъ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази