Бағрикенглик анъаналари қанчалик қадимий илдизларга эга бўлса, тоқатсизлик ва муросасизлик билан боғлиқ қарашлар ва ҳаракатларнинг илдизлари ҳам шунчалик қадимийдир. Мутаассиблик (фанатизм – французча «ибодат») унинг кенг тарқалган кўринишларидан биридир.
Машҳур тилшунос Ибн Манзур: “Таассуб” сўзи “асабият”дан олинган. “Асабият” бошқаларни ўзининг ота томонидан қариндошларига ёрдам беришга чақириш маъносини англатади. Бир гуруҳга нисбатан таассуб қилиш дегани ўша гуруҳ ёрдами учун жамланиш маъносини англатади, деб ёзади.
Луғат китобларида эса “мутаассиблик” қаттиққўллик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш маъноларига ҳам далолат қилиши айтиб ўтилган. Истилоҳда эса, доим ўзини сўзсиз ҳақ деб билиб, фикрида қаттиқ туриб олиш, бошқаларни эса ноҳақ деб қараш таассубдир. Бу туйғу мутаассиб кишида ўзгани таҳқирлайдиган, унинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини эътироф этмайдиган муайян хатти-ҳаракатлар кўринишида акс этади. Бориб-бориб бу унинг табиатига сингади.
Қисқача айтганда, мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир. Мутаассиблик ва фанатизм тушунчалари бир-бирига маънодош бўлиб, уларнинг акси бағрикенгликдир.
Мутаассибликнинг бир қанча турлари бор:
– диний мутаассиблик;
– ирқий мутаассиблик;
– қабилавий мутаассиблик;
– табақавий ёки ижтимоий мутаассиблик;
– фикрий мутаассиблик ва ҳоказо[1].
Мутаассиблик кенг маънода муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан берилганликни, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатни ифодаловчи қарашлар ва хатти-ҳаракатларни англатади. Унинг хусусий кўринишларидан бири бўлган диний мутаасиблик эса ўз ақидасининг шак-шубҳасиз тўғрилигига ишониб, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда уларни тан олмасликни билдиради.
Айни пайтда, диндаги муайян қоидаларни, ўринли ёки ўринсизлигидан қатъи назар, кўр-кўрона қўллаш ва мутлақлаштиришга интилиш, ўз ғояларини тарғиб этиш ва унда ифодаланган мақсадларга эришишда тушунтириш ва ишонтиришдан кўра муросасизлик, куч ишлатиш ва зўравонликка таяниш ҳам унга хос хусусиятлардан ҳисобланади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин, мазҳаб ва йўналишлар орасида кескинлик, низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабабчи бўлган[2].
Бугунги кунда ислом байроғи остида фаолият олиб бораётган, мутаассиб гуруҳларнинг аксарияти куч ишлатиш усулларини қўллаган ҳолда қонуний ҳокимиятга қарши кураш олиб бормокдалар. Диний таълимни ташкил этиш, турли жамоат ташкилотлари, мактаб, университетлар фаолиятида иштирок этиш, турли ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ва шу йўл билан ҳокимиятга эришишга ҳаракат килишни даъво килаётган гуруҳлар ҳам охир-оқибатда жангариларни тайёрлайдиган инкубаторга айланиб колаётгани мутаассибликнинг зўравонликка асосланганини англашга ёрдам беради.
Мутаассиблик инсоннинг илмсизлиги ва жоҳиллигининг ҳосиласи, унинг ўзига хос шаклидир. Онги заҳарланган ва мутаассибга айланган кишилар ўзлари қилаётган ишларни тўғри деб ҳисоблаган ҳолда, ҳар кандай номакбул ишлардан ҳам бош тортмайдилар. Ваҳоланки, уларни бу йўлга бошлаган «раҳнамоларнинг» асл мақсади моҳиятан ғайриинсоний характерга эга.
Ҳар қандай жамият учун, қандай шаклда чиқишидан қатъи назар, мутаассибликнинг таҳдиди ақидапарастликка асосланган ғояларни ёйиш орқали давлатга, унинг раҳбарларига бўлган ишончни йўққа чиқаришга уринишда намоён бўлишини алоҳида қайд этиш лозим. Бунда диний асосда қарама-қаршиликни ва унинг оқибати сифатида ижтимоий парокандаликни юзага келтириш ғараз максадларга эришишнинг асосий шарти деб каралади.
Диний мутаассиблик икки кўринишда намоён бўлади. Биринчиси, бошқа динларга нисбатан мутаассиблик. Иккинчиси, динда мутаассибона ҳаракат қилишдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Динга зўрлаб киритиш йўқ. Зеро, тўғри йўл залолатдан ажраб бўлди” (Бақара сураси: 256-оят). Уламолар бу оятни диний мутаассибликдан қайтарувчи далил сифатида келтирадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишга буюрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради», деганлар[3].
Диний мутаассиблик давлатлараро муносабатларда чигалликлар, ўзаро тушунмовчиликларни келтириб чиқаришга замин яратиши билан ҳам хавфлидир. Кўп конфессиялилик шароитида ақидапарастлик ғоялари ривожи ва унга асосланган ҳаракатларнинг кучайиши цивилизациялараро қарама-қаршиликни кучайтиришга йўл очиши мумкинлигини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
Бобобек Абдураҳимов,
ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси, Самарканд шаҳар Қорабой Оқсоқол жоме масжиди имом-хатиби
[1] https://hidoyat.uz/57691
[2] А.Очилдиев ва муаллифлар жамоаси. Диншунослик асослари. -Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2013. -Б.250.
[3] https://religions.uz/news/detail?id=366
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари азза ва жалладан ҳикоя қилиб айтадилар: “Бир банда гуноҳ қилиб қўйди ва: “Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди. Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” деди”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Ва гуноҳ учун жазолайдиган”, яъни ўша гуноҳни қилган кишини азоблашга қодир эканини билди. Имом Бухорий ривоятида: “Бандамни мағфират қилдим” деган зиёдаси бор.
Уламолар бу ҳадисни икки хил изоҳлаганлар:
Биринчиси, ким бир гуноҳига холис тавба қилиб, унга қайтмасликка қатъий қарор қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Шундан кейин нафси ёки шайтон ғолиб келиб, яна ўша гуноҳни қилиб қўйса-ю, сўнг иккинчи бор пушаймон бўлиб, яна қайтмаслик аҳди билан холис тавба қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Бу жараён шу тарзда давом этаверади. Ҳадисдан мурод – ҳар гал тавба қилаётганда “унга бошқа қайтмайман” деган азму қарорда бўлиш. Чунки тавба фақат қуйидаги икки асосий шарт билан мукаммал бўлади: гуноҳни дарҳол тўхтатиш ва унга бошқа қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Агар инсон шу ният билан, яъни ҳар сафар “бошқа қилмайман” деган чин аҳд билан тавба қилса-ю, лекин инсоний ожизлик ёки шайтон ғолиб келиб, гуноҳни такрорласа ҳам, унинг тавбаси қабул қилинаверади. Бу ҳолат юз, ҳатто минг марта такрорланса ҳам. Модомики, ҳар тавбасини бошқа унга қайтмаслик азму қарори билан қилса, Аллоҳ уни кечиради.
“Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” Банда, модомики, ҳар сафар гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб, истиғфор айтиб, тавба қилар экан, Аллоҳ таоло уни кечираверади. Бу асло гуноҳда давом этиш дегани эмас, балки ҳар гал хатодан сўнг янги тавба билан покланиш демакдир.
Иккинчиси, бу ўринда фақатгина истиғфор – Аллоҳ таолодан мағфират сўраш назарда тутилган бўлиши мумкин. Истиғфор тушунчаси тавбадан кўра кенгроқдир. Истиғфорда, тавбадан фарқли ўлароқ, гуноҳни дарҳол тўхтатиш ёки унга қайтмаслик аҳди шарт қилинмайди, балки мағфиратнинг ўзи сўралади, холос. Ким шу маънода истиғфор айтса, унинг гуноҳи кечирилишига кафолат берилмайди. Фақат Аллоҳ таоло унга Ўз лутфи ва марҳамати билан муомала қилиб, кечиб юборадиган ҳолатлар мустасно.
Шулардан маълум бўладики, ҳадисга берилган биринчи изоҳ тўғридир. Чунки гуноҳда давом этатуриб, тилида истиғфор айтадиган кимсалар шариатда қораланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Гуноҳидан тавба қилган киши гўё гуноҳи йўқ киши кабидир. Гуноҳни тўхтатмай туриб истиғфор айтувчи кимса эса Раббисини масхара қилаётган киши кабидир” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳни тўхтатмасдан айтилган истиғфор – ёлғончиларнинг тавбасидир”.
Ҳадисда “тавба” эмас, “истиғфор” лафзи ишлатилган бўлса-да, бу лафз кўпинча тавба маъносида қўлланилади. Гарчи луғатда “истиғфор” фақатгина “кечирим сўраш” маъносини билдирса ҳам, шаръий истилоҳда у кўпинча тавбани ҳам ўз ичига олади.
Имом Ғаззолий ва бошқа баъзи олимлар қуйидаги фикрни илгари сурганлар: “Агар инсон бирор сабабга кўра бирор гуноҳни бутунлай тарк этишга ўзида куч топа олмаётган бўлса, истиғфорни бутунлай ташлаб қўйгандан кўра, пушаймонлик ва истиғфор айтиш билан Аллоҳга юзланиб туриши афзалдир. Гарчи бундай истиғфор мағфиратни кафолатламаса-да, иншоаллоҳ, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бу истиғфор вақти келиб, банданинг ўша гуноҳни ҳақиқий тарк этишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай киши истиғфорни асло тарк этмаслиги керак”.
Тавбадаги нозик нукта шуки, банда тавба қилаётган пайтида ўз ихтиёри билан бу гуноҳга қайтмасликка қалбан азму қарор қилиши керак. Гарчи унинг қалбида “нафсим ғолиб келиб, мен яна шу гуноҳни қилиб қўйсам-чи?” деган хавотир бўлса ҳам, тавбанинг саҳиҳлигига путур етмайди. Муҳими – тавбани чин кўнгилдан гуноҳга қайтмаслик азму қарори билан қилиш ва унда собит туришни Аллоҳ таолодан сўраш.
Тавба орқали банда ўзининг ожизлигини ва Парвардигорининг мағфиратига муҳтож эканини изҳор қилади. Мана шу ҳақиқий бандаликдир. Шу йўл билан у Аллоҳ таолонинг мағфиратига, марҳаматига эришади, иншоаллоҳ.
“Такмилату Фатҳил мулҳим” асари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан