Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июн, 2025   |   7 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:51
Пешин
12:26
Аср
17:34
Шом
19:54
Хуфтон
21:30
Bismillah
03 Июн, 2025, 7 Зулҳижжа, 1446

Суннатнинг ишончлиги: унинг тарихий жиҳатлари (13-қисм)

02.09.2022   2500   4 min.
Суннатнинг ишончлиги: унинг тарихий жиҳатлари (13-қисм)

Айримлар суннатнинг ўтмишдан ишончлиги эканига шубҳа уйғотувчи фитна уруғларини тарқатишга интилади. Уларнинг фикрича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатлари қадимдан бугунгача барча замонлар ва халқлар учун аҳамиятга эга бўлсада, аммо ишончли ҳолда сақланиб қолмаган эмиш. Улар яна: "Қуръондан бошқа бирор ҳадис китоби ишончли тарзда сақланиб қолмаган. Турли тўпламларда бир-бирига зид ривоятлар бор. Қолаверса, улар ҳижрий III асрдан бошлаб ёзила бошлаган ва биз дастлабки уч аср давомида ёзилмаган хабарларга ишонмаймиз", дейишади.

Бу даъволарнинг барчаси асоссиздир. Келинг, уларни бирма-бир таҳлил қилиб чиқайлик.

Пайғамбарга итоат қилиш барча мусулмонлар учун фарз эканлигини тан олиб, суннатга қарши бўлганлар бир вақтнинг ўзида ҳадисларни ишончсиз деб эълон қиладилар.

Бу қандай мантиқсизлик?! Аллоҳ бизга Пайғамбарга эргашишни буюрган, лекин амалда бунинг учун ҳеч қандай шароит яратмаганми?

Аллоҳ таоло бизга тоқатимиздан ташқари бирор нарсани бажаришга амр қилганми? Жавоби аниқ – йўқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

﴿لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا

“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас” (Бақара сураси, 286-оят).

Аллоҳ таоло асли бўлмаган ёки нима эканлиги тушунарсиз бўлган бир ишни қилишга буюришини тасаввур қилиб бўлмайди. Агар Аллоҳ бизга Пайғамбар суннатига амал қилишни буюрган бўлса, демак, суннат ишончсиз эмас ва Аллоҳ уни биз учун ишончли ҳолда сақлаган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ﴾

“Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда Қуръонни сақлашга ваъда бермоқда. Бундан Қуръон бирор ўзгартиришсиз, бузилмаган ҳолда авлоддан-авлодга асл ҳолатда сақланиб қолиши маълум бўлади.

Энди ўзимизга-ўзимиз “Бу илоҳий сақлаш фақатгина Қуръон оятлари билан чегараланганми ёки айни вақтда унинг ҳақиқий маъноларига ҳам тегишлими?” деган саволни берайлик.

Агар юқорида исботлангани каби Қуръонни тўғри тушуниш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарҳлари зарур бўлса, унда бу шарҳлар ҳам сақланмасдан фақат Қуръон лафзларининг ўзи сақланса мақсадга қанчалик хизмат қила олади?

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

﴿بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ﴾

“Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар” (Наҳл сураси, 44-оят).

Инсонлар Қуръони карим оятларидан фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарҳлашларидан фойдалана оладилар. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Қуръонни ўзгаришсиз қолдирган, уни Пайғамбаримиз томонидан нотўғри шарҳлаш ва изоҳлашга йўл қўймаган. Расулуллоҳнинг шарҳлашлари ҳам илоҳий ҳимояда ва уни ҳеч ким ўзгартира олмайди.

Шунинг учун, агар кимдир Пайғамбар томонидан Қуръони каримни шарҳлаш зарурлигини тан олса, аммо бу шарҳлашлар бугунги кунда мавжуд эмас деб айтса мантиқсизликдир. Яна бу илоҳий ҳикматнинг инкор қилишга тенг бўлади. Агар Яратувчи суннатни зарур деган бўлса, У унинг сақланишини ҳам таъминлайди.

Шунинг учун, илоҳий қонунни тўғри тушуниш учун зарур бўлган Пайғамбаримизнинг суннатлари доимо ўзгаришсиз қолади. Суннатнинг саҳиҳлиги ҳақидаги барча эътирозларни фақат шу сабаб билан рад этиш мумкин.

Шунга қарамай, умматнинг Пайғамбаримиз суннатини сақлаб қолиш учун кўрган чоралари ҳақида қисқача маълумот беришни лозим деб биламиз.

Бу ерда келтирадиган маълумотларимиз кенг қамровли эмас. Ягона мақсад – баъзи асосий далилларни ажратиб кўрсатиш, уларнинг объектив таҳлили орқали суннатнинг ҳақиқийлиги тўғрисида хулоса чиқариш имконини бериш.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм, 12-қисм, Давоми бор...

Мақолалар
Бошқа мақолалар

1 дақиқада Фотиҳа сурасини неча маротаба ўқий оласиз?

26.05.2025   4981   1 min.
1 дақиқада Фотиҳа сурасини неча маротаба ўқий оласиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: "Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман". Агар у (банда): "Алҳамду лиллааҳи Роббил ъааламийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга ҳамд - шукр айтди", дейди. Банда: "Ар-Роҳманир Роҳийм", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга сано - мақтов айтди", дейди. Банда: "Маалики йавмид-дийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Мени улуғлади", дейди. Банда: "Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн", деса, Аллоҳ: "Бу - Мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман", дейди. Агар банда: "Иҳдинас-сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийн", деса, Аллоҳ: "Бу бандамга хос, сўраганини бердим", дейди" (Имом Насоий ривояти).

Бир дақиқада Фотиҳа сурасини 6 маротаба ўқий оласиз. Унинг ҳарфлари сони 122 та. Агар уни бир маротаба ўқисангиз, 122х10=1220 та савоб берилади. Чунки ҳадисга мувофиқ, ҳар бир ҳарф учун 10 та савоб ваъда қилинган. Агар сиз уни 6 маротаба ўқисангиз, 7320 та савобга эга бўласиз. Бу Аллоҳнинг фазли, ким уни зиёда қилса, Аллоҳ ҳам фазлини зиёда қилаверади.

«Фазилатли амаллар - ажри улуғ амаллар» китобидан