(бўлган воқеа)
Бу воқеани заргарлик дўконларидан бирида ишлайдиган танишим ҳикоя қилиб берган эди. Ҳайит байрами куни чиройли кийинган бир йигит дўконимга хотини билан кириб келди. Уларнинг ортидан гўдак болани қўлида кўтариб олган кекса онахон кўринди. У дўкон остонасидан ичкарига бир – икки қадам киргач, ундан уёғига ўтмасдан пойгакда туриб қолди. Билсам, бу онахон мазкур йигитнинг онаси, қўлидаги бола эса унинг набираси экан.
Ҳалиги одамнинг аёли тилла ва жавоҳир буюмлар териб қўйилган ойнали пештахталар ичига гўёки шўнғиб кетиб, улардан бошини кўтаролмай қолди. Кўзига яхши кўринган ҳамма нарсани қўлига олиб, бўйнига, қўлларига тақиб кўрар, эрига ҳам “қалай” дегандек кўрсатарди. Шу тариқа, у нархига парво ҳам қилмасдан анча нарсани хариб қилиб қўйди.
Танлайдиганини танлаб бўлгач, эрига имо қилган эди, у: “неча пул бўлди?” дея олдимга югуриб келди. Ҳисобни кўриб, қўрқиб кетади деб ўйлаган эдим.
– Жами йигирма беш миллион бирюз етмиш минг, сўм бўлди...
– “бир юз етмиш минг”и қаердан келди, ака? – деди у пешонаси тиришиб... – ҳисобни тўғри қилинг...
– Ҳа-а-а, ҳалиги,.. онангиз бир юз етмиш минг сўмлик кичкина узук олгандилар...
Шу пайт кўз ўнгимда ғалати ҳодиса юз берди. Бояги одам қани ўша узук дея, харид қилинган бир талай тилла буюмлар ичидан мазкур узукни олиб, олдимга ташлади ва “кампирларга нима бор экан, тилла тақиб(!)”, деди. Бу гапдан титраб кетдим.
Онаси унинг сўзларини эшитиб қолди ва кўзлари ёшланиб, дўкондан чиқиб кетди. Дўконнинг ойнаванд деворидан уни кузата бошладим. У ўғлининг машинасига бориб, маъюс ҳолда ўтирди. Бўғзимга бир нарса қадалгандек бўлди. Унга раҳмим келди. Қаршимда гўёки, ўз онам беҳурмат қилингандек эди.
Шу пайт бояги бойваччанинг ҳоним афандиси қўлларини пахса қилиб, эрини койий кетди.
– Нима қилардиз-а шунақа қилиб?.. Уфф, шу етми турувди. Шу қиганизга энди, ўғлизга қарамай қўйсалар нима бўлади, а?!.. Ким кўтариб юради, энди болани?.. Ман кўтармиман - у ахир!!!
Субҳаналлоҳ... Анави кекса аёл қайнонамиди ўзи, ёки хизматкор?.. Ҳайратдан ёқамни ушлай дедим.
Охири, сабрим чидамасдан ҳалиги одамга танбеҳ беришга мажбур бўлдим. Жуда ҳам хунук иш қилдиз - да, биродар, – дедим. Шунча пул сарфлаганда, биттагина арзон узук нима эди,.. шунинг учун бунчалик пасткашликка бориш керакмиди? Энди, бориб, ойингизни кўнглини олинг, – дея насиҳат қилдим.
Йигит машинада ўтирган онасининг олдига бориб:
– Хоҳласангиз ўша узукни ола қолинг, ойи – и!.. деди. Онаси эса:
– Йўқ!.. ҳеч нарса керакмас, – деди. Шунчаки, ҳамма каби мен ҳам байрам сабабли хурсанд бўлишни хоҳлагандим...
Бу манзарадан кўзларимдан олдин қалбим йиғларди. Нуроний, муштипар онаизорнинг чил-чил синган дилига малҳам топишга ожиз эдим.
Бу воқеани эшитиб, менинг ҳам кўзларим ёшланди. Наҳотки, одамлар ўз ота-оналарига нисбатан бу қадар бемеҳр бўлиб кетишган бўлса!.. Ота-онани хор қилиш шунчалик бўладими? Мурғак гўдаклик чоғимиздан бошлаб то улағайиб, ўзимизни эплайдиган бўлгунимизга қадар емай едириб, киймай кийдирган, бизнинг роҳатимиз учун неча уйқуларини ҳаром қилган, бутун умрини, соғлигини бизларга бахшида қилган ота-оналаримизга ташаккуримиз, муносабатимиз шуми? Яхшиликнинг жавоби наҳот шундай бўлса?.. Ота-онасини бошидаги тож, бирисини ой, бирисини қуёш деб билган олийжаноб халқимизнинг асл қадриятлари қайларда қоляпти?..
Наҳотки, келинларимиз ҳам биттагина қайноналарини Аллоҳ учун, ёки бундай тушунча уларга бегона бўлса, ҳеч бўлмаганда ўз эрларининг ҳурмати учун кўнглини олишни, ҳурматларини жойига қўйишни ўзларига эп кўролмайдилар?!.. Агар эр ўз ота-онасига бепарво бўлса, уни тўғри йўлга солиш аёл кишидан вожиб эмасми?!..
Қайтар дунё, дейдилар. Эрта бириси кун улар ҳам ўғил уйлантириб, қайнона бўлганларида, ўзларига нисбатан шундай муомала қилинса, чидай олармиканлар?!.. Охиратдачи, охиратда ота-онасига бемеҳр ва бепарво фарзанднинг оқибати не бўларкин?!...
Ота-онага яхшилик қилиш фарз, уларни ранжитиш, дилларини оғритиш эса гуноҳи кабирадир. Ота-онани йиғлатиш, гуноҳга буюрмаган ҳолатда итоат қилмаслик, дилларини оғритиш, кексайганларида яхшилик қилмай, ёрдам бермай ташлаб қўйиш, уларга қарашдан қочиб қариялар уйига олиб бориб қўйиш, дўстни отадан, хотинни эса онадан устун қўйиш ҳам ота-онага оқ бўлиш жумласидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни ота-онасига яхшилик қилувчи солиҳ бандаларидан қилсин! Ҳеч кимни кексайиб қолганда меҳрга зор қилмасин!
Одилхон қори Юнусхон ўғли
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ