“Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир” (Ҳужурот сураси, 15-оят).
Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ, ва баъд. Оламларнинг Робби ва мақтовларнинг энг яхшиси Унга хос бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Шафоатчимиз пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Мустафо сололлоҳу аълайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Бизгача илмни омонат билан етказган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин. Дунёнинг бугунги ҳолати ҳеч кимга сир эмас. Ўзини ҳақиқий мусулмон деб қолганларни адашганга чиқараётган фитначи бемазҳаблар дунёни бузиб юборишгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат саналади. Бундай адашган тоифаларга эргашганларга эътибор берилса, уларнинг аксарининг ақллари ноқис, илмдан узоқ ва кўр-кўрона мутаассиблик қилувчи одамлар эканлиги кўринади.
Баъзилари эса қандайдир обрў ёки мол-мулк орқасидан қувган гумроҳ кимсалардир. Яна баъзилари эса аламзада ҳаётда мақсадларига эришолмаган одамлардир. Улар умуман илм ҳам олишмайди, олимни ҳам тинглашмайди. Шундай экстремистик оқимлар Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаган мусулмонларни куфрда, жоҳилликда ва кўпхудоликда айблайдилар. Уларнинг фикрича ислом ер юзидан бундан неча юзлаб йиллар илгари йўқ бўлиб кетган ва ҳозирги қонунлар, конституциялар ва ҳокимлар барчаси куфр ҳисобланади. Буларни тўғрилаш учун эса барча “адашган” мусулмонларга қарши жиҳод қилишимиз шарт деб билишади. Ҳақиқат эса тамоман бошқачадир.
Аллоҳ таоло жиҳодни айнан урушга боғлаб қўймаган ва бу сўзнинг асли ислом манфаатлари йўлидаги уринишларни ифода этади. Энди қачонки жиҳод фарз бўлиб қолса ҳам унда дарахтлар кесилмаслиги, чорвалар ўлдирилмаслиги ва бошқа дин вакиллари ўз ибодатхоналарида қатл қилинмаслиги каби бир қанча шартларни қўядики бундан исломнинг фақатгина олий манфаатларни кўзлагани тушунилади. Уни Аллоҳ инсонлар учун раҳмат, адолат ва ўзаро ҳурмат қилиб жорий қилган. Бундан бошқаси жиҳод эмас золимлик ва ноҳақ урушлардан бошқа нарса эмас. Энди бугунги кунга келиб бу разил мақсадли адашган экстремистларнинг қилмишлари туфайли исломни дунё босқинчилик, зулм, ноҳақлик ва мутаассиблик сифатида кўрмоқда. Улар эса “намоз ўқишни билмайдими демак кофир”, “конституцияга амал қиладими демак кофир” ҳатто “соқоли йўқми демак адашган” деб иддао қилишдан чарчашмаяптилар. Буларнинг исломга келтираётган зарарларининг чегараси йўқ, афсуски. Бир ҳадис мисолида уларнинг йўллари нақадар хато ва нақадар суннатдан узоқлигини исботлаб берамиз инша Аллоҳ.
Муҳаддислар имоми Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур сахихларида Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан қуйидаги сахих ҳадисни ривоят қилганлар: “Бир куни кечки пайт бир киши туяда масжидга келди ва Муоз розиаллоҳу анҳунинг орқаларида туриб у кишига эргашган ҳолда намоз ўқишни бошлади. Ўшанда Муоз розиаллоҳу анҳу жамоат билан намозда Бақара ёки Нисо сурасини ўқиб тургандилар. Шунда ҳалиги киши жамоат намозидан чиқиб ёлғиз ўзи намоз ўқиб олди ва кетиб қолди. Унга бу ишини Муоз розиаллоҳу анҳу маъқулламаганлигини айтишганда у пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб Муоз розиаллоҳу анҳунинг намозни узун ўқишларидан шикоят қилди. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розиаллоҳу анҳуга уч бора: “Эй Муоз, фитна қиляпсанми?” деб туриб яна шундай дедилар: “Нега намозингда “Саббиҳисма Роббикал Аъла”, “Вашшамси ва дуҳаҳа”, “Валлайли иза яғша” каби кичик сураларни ўқимадинг?” – дедилар. “Сенинг орқангдан қари одамлар, кам қувватлар ва иши борлар намоз ўқишини унутма” – дедилар.”
Юқоридаги набавий ҳадисдан кўриниб турибдики кимки исломни инсонлар ўртасида ёймоқчи, жорий қилмоқчи бўлса бу ишида уларнинг қийинчилигига сабаб бўладиган ишлардан узоқ бўлиши уқдирилмоқда. Бу ишнинг фитнага, норозичиликка олиб келиши ва хавфли экани тушунтирилмоқда. Бундай ишни қиладиган ҳатто исломдаги энг яхши амал бўлмиш намоз ўқиятганлигига қарамай уни фитначи деб атамоқдалар. Аслида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни қанчалар яхши кўришлари ва кўп ўқиганликлари маълум ва машҳур. Шундай бўлсада жамоат намозларини орқадаги эргашувчиларнинг ҳолларини инобатга олиб доим қисқа қилишга ҳаракат қилганлар. Ушбу ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кимки ислом қонунларини инсонларга сингдиришни хохласа асло уларга қўполлик ёки қийинчилик етказмаслиги лозимлиги ва агар шундай қиладиган бўлса бу иши билан у фитнанинг ёйилишига сабаб бўлиши ва исломдан одамларни нафратлантириб қўйиши айтилмоқда.
Экстремистик оқимлар ҳозирда бутун дунё мусулмонларига жиҳод фарзи айн бўлган деб ҳисоблаб барча мусулмонларни уларнинг наздидаги кофирларга қарши жангга чорламоқдалар ва бу ишда қатнашмаганларга ҳеч қандай узр йўқ деб ҳисобламоқдалар. Бу билан улар ҳақиқий олимларнинг жиҳодга берган таърифига тескари иш қилмоқдалар. Ислом уламолари жиҳодга Аллоҳнинг йўлида турли хил фойдали мақсадларда ҳаракат қилиш деб таъриф берганлар ва нафс жиҳоди, илм билан жиҳод қилиш каби маънолар берганлар. Шунингдек баъзида ҳолатдан келиб чиқиб куч ишлатиш йўли билан ҳам жиҳод қилинади деганлар. (Бундай ҳолатни уламолар кенгашлари ҳал қилади)
Адашган тоифаларнинг жиҳод борасидаги катта адашувларидан бири улар жиҳодни исломнинг мақсадларидан бири сифатида билишидадир. Тохир ибн Ашур роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мақасидуш Шариъа” китобларида жиҳод исломнинг мақсади бўлмай балки асосий мақсад учун бир восита деб айтганлар. Яъни баъзида экстремистик тоифалар сингари жиҳодни фақат уруш деб билиб уруш қилгандан тескари натижа чиқади ва буни бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Бир овоздан айтилган гап шуки исломда жиҳоднинг асоси одамларни тўғри йўлга бошлашдир. Залолатдан ҳидоятга, жоҳилиятдан илмга ва қоронғуликдан нурга олиб чиқишдир. Бунга мисол пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбар ғазотига Али розиаллоҳу анҳуни юбора туриб шундай деган эдилар: “Аллоҳ сен туфайли бир кишини тўғри йўлга ҳидоят қилиши сен учун энг қиммат туялардан кўра яхшироқдир.” Мана шу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики ғазотнинг асл мақсади йўлда учраганларни қиришмас балки одамлар ҳидоятига сабаб бўлиш эканлиги. Ҳақиқий дин уларни Аллоҳга, тўғри йўлга чақиришда эканлиги маълум бўлмоқда.
Аллоҳ барчамизни Ўзининг мустақим йўлида собитқадам қилсин. Амин.
Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом-хатиби
Фарзанд хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, уни тарбиялаш, таълим бериш, касб танлашига кўмаклашиш ва вояга етганида муносиб ерга турмушга узатиш ёки уйлантириш ҳар бир ота-онанинг орзу-умидидир.
Бунинг учун фарзанд ўз олдидаги турмуш тутиш ва бахтли ҳаёт кечириш, зиммасидаги бурч ва қадриятларни қай тарзда адо этиш кўникмаларини яхши ўзлаштирган бўлиши керак. Бу ўринда икки йўлни маҳкам тутиш азалдан ўз самарасини бериб келган. Аввалгиси, фарзандни ёшлигидан эгаллаган тарбия ва илмга йўналтириш. Иккинчи йўл ҳалол касб-ҳунар бўлиб, у ҳам ёшликда эгаллангани афзал. Зеро, ёшликдаги илм ёки ҳунар тошга ўйиб ёзилгандек болада муҳрланиб қолади.
Одамзод пайдо бўлибдики, касб-ҳунарга эҳтиёжи бор. Чунки касб-ҳунар жамиятнинг аксар ижтимоий заруратлари ечими ҳисобланади. Бу ҳақда рисолалар ҳам ёзилган. Чунончи, деҳқончилик, дурадгорчилик, сартарошлик, қассоблик, темирчилик, чилангарлик, кулолчилик, чорвачилик, тижорат ва бошқа касб-ҳунарлар баёнига оид рисолаларнинг қўлёзма нусхалари юртимиз қўлёзма фондларида кўплаб учрайди.
Бинобарин, соғлом жамиятларда фарзандларни касб-ҳунарли қилиб тарбиялашга эътибор доим устувор бўлиб келган Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламолар меросида касб-ҳунар эгаллашга кучли тарғиб қилинганини кўришимиз мумкин. Бинобарин, ислом таълимотларида ҳалол ризқ-рўз топиш, жамият манфаатларига хизмат қилиш, хайрли касб-ҳунарни кейинги авлодларга такомиллаштириб етказиш кайфиятини инсонларда тарбиялаш муҳим ҳисобланади. Инсон ҳеч бир касб-ҳунарни эгалламаса, умуман меҳнат қилмай қўйса, ўзига юклатилган бурчни адо этмаса, Раббининг амрига итоат этмаган исёнчилардан бўлиб қолиши мумкин.
«Анбиё» сурасининг 80-ояти каримасида темирчилик борасида сўз кетиб, Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом) ҳақида айтади: «Унга (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясаш санъатини таълим бердик. Бас, сизлар шукр қилувчимисиз?!»
Қуръони каримда касб-ҳунар билан боғлиқ ёки унга йўналтирилган яна кўплаб оятлар бор. Бинобарин, Исломда соғлом бола тарбияси барча пайғамбарлар ўз умматларига касб-ҳунарда ибрат бўлдилар. Масалан, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Закариё (алайҳиссалом) дурадгорлик, Нуҳ (алайҳиссалом) кемасозлик, Муҳаммад (алайҳиссалом) чўпонлик ва тижорат билан шуғулланганлари маълум.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): «Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради», деб марҳамат қилиб, саҳобаи киромларни ҳам бирон-бир касб-ҳунар билан ҳалол ризқ-рўз топишга ундаганлар. Инсон ўз оиласи таъминотини ҳалол меҳнат ва фойдали саъй-ҳаракати туфайли қондирар экан, шубҳасиз, бу йўлда чеккан заҳмати савобли амалларга айланади.
Имом Ғаззолий ҳам «Иҳё улумид дин» асарида касб мавзусига алоҳида бўлим ажратиб, унда турли ҳикматлар келтириб ўтган. Жумладан, Луқмони ҳаким ўз ўғлига насиҳат қилган экан: «Ўғлим, ўзингни фақирликдан сақлаш учун ҳалол касб қилгин. Билгинки, бирор кишига (ҳаракатсизлик ортидан) фақирлик етса, унда учта хислат пайдо бўлади: динда енгилтаклик, ақлида заифлик ва мурувватсизлик. Шу уччаласидан ҳам оғирроғи – уни одамлар менсимай қўйишидир».
Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ) ҳам тижорат билан шуғулланган. Бу касбда ҳалоллиги туфайли кўп баракотларга сазовор бўлганлиги у зотнинг шогирдлари ва замондошлари томонидан ёзиб қолдирилган. Бинобарин, ҳадиси шарифларда ҳам ҳалол касб билан шуғулланган инсонларга юқори баҳо берилган: «Ростгўй савдогар қиёмат кунида пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир».
Шундай экан, фарзандларимизга ҳам дунёси, ҳам охирати учун фойдали илм ҳамда ўз оиласи, қолаверса, яшаётган жамияти учун нафи тегадиган ҳалол тирикчиликдан юзага келадиган касб-ҳунар керак. Зеро, ҳунар ўз эгасини доим ҳалоллик, поклик, садоқат, меҳр билан ўз ишини адо этишга ундайди.
Ислом таълимотларига кўра, жамият ўз тараққиёти ва эҳтиёжларига хизмат қиладиган турли касблар бўйича мутахассислар тайёрлаб бориши зарур. Жамиятда тиббиёт, ҳисоб-китоб, деҳқончилик, тикувчилик ва бошқа соҳаларда мутахассислар бўлиши фарзи кифоя даражасида эътиборга олинади. Агар бирор соҳа бўйича ушбу жамиятда мутахассис топилмаса, бундай мутахассисни таъминлаш бутун жамият зиммасига тушади.
Давримизга келиб илму ҳунар турлари анча ортди. Баъзи касблар атрофида янгидан-янги йўналишлар ривож топиб, тобора такомиллашиб бормоқда. Мана шундай шароитда мамлакатимизда болаларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Глобаллашув шароитида ҳозирги замон оиласига ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялаш билан боғлиқ юксак ва ўз ўрнида ўта масъулиятли вазифа юклатилади. Фарзандларни илк ёшидан бошлаб кучи, диди, қобилияти ва қизиқишларига мос тушадиган фойдали меҳнат ва касб-ҳунарларга ўргатиш уларнинг иқболи учун муҳим. Зеро, ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, ёшликнинг безаги, келажак сармояси эса касб-ҳунар ортидан.
Касб-ҳунарли фарзанд ҳаётда ўз йўлини топиши баробарида ҳар қандай мушкул вазифаларнинг ҳам уддасидан чиқа олади. Ҳунарсиз киши эса, турмушда қийинчиликларга дуч келиши табиий. Мана шу эътибордан ҳунар эгаллаш, эгаллаганда ҳам пухта эгаллаш лозим.
“Исломда соғлом бола тарбияси” китоби асосида
Бухоро шаҳар “Пойи Остона” жомеъ масжиди
имом хатиби Нодир Асадов тайёрлади.