Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2026   |   15 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:18
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:17
Bismillah
25 Ноябр, 2026, 15 Жумадул сони, 1448

Сеҳрнинг хатари

25.12.2023   2212   3 min.
Сеҳрнинг хатари

2 қисм

Инсон учун дунё ҳаётида эга бўладиган неъматлари орасида энг қадрлиси бу – иймондир. Тақводор банда динига, эътиқодига зарар етадиган ҳар қандай амалдан узоқ бўлади, сақланади. Айниқса, сеҳр билан шуғулланиш ёки сеҳргарнинг олдига бориш ақидага қаттиқ таъсир қилади.

Уламолар айтадилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам еттита ҳалокат қилувчи гуноҳлардан сақланишга буюриб, улардан бири сеҳр эканининг хабарини берганлар. Шунга кўра, сеҳр билан шуғулланиш ҳаром амал бўлиб, у куфрга олиб боради. Бунга ушбу оят далолат қилади: «Икковлари ҳатто: “Биз фитна–синов учунмиз, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар» (Бақара сураси, 102-оят)”.

Энг хавфли жиҳати шуки – сеҳр билан шуғулланиш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, сеҳргарнинг олдига бориш ҳам шунчалик катта гуноҳ. Яъни, сеҳр билан шуғулланган ҳам, сеҳргарнинг олдига борган ҳам бир хил гуноҳкордир.

Ҳубайра ибн Ярийм айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: “Ким коҳинга ёки сеҳргарга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди”, деб айтаётганини эшитдим”.

Айрим олимлар сеҳргарнинг мушрик эканига қуйидаги ҳадисни далил сифатида келтиришади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”, деганлар (Имом Насоий ривояти).

Барча ўтган пайғамбарлар даврида сеҳр ҳаром амал саналган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас” (Тоҳа сураси, 69-оят).

Сеҳр динни ҳалок қилувчидир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалокатга элтувчи еттита гуноҳдан сақланинглар!” дедилар.

Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, улар қайсилар?” деб сўрашди.

У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр (билан шуғулланиш), Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, рибо ейиш, етимнинг молини ейиш, жанг куни орқага қочиш ҳамда иффатли, мўмина, ғофила (бузуқлик нималигини билмайдиган) аёлни фоҳишаликда айблаш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳга ширк келтиришдан кўра катта ва оғирроқ гуноҳ йўқ. Ҳадисда инсонни ҳалок қилувчи гуноҳларнинг ичида биринчи ўринда айнан ширкнинг зикр қилиниши ҳам бежиз эмас. Ундан кейин сеҳрнинг келтирилиши эса сеҳргарлик қанчалик катта гуноҳ эканини яққол кўрсатади.

Банда сеҳргарнинг айтган ҳар бир сўзига ишониши, унинг айтганларини бажариши натижасида Роббидан қўрқишдан, таваккул ва фақатгина Ўзига юзланиб дуо қилишдан, ёрдам сўрашдан узоқлашади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси, 56-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ Ўзбекистон Президентининг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китоби тақдимоти ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот берди

25.11.2026   13569   4 min.
Иордания ОАВ Ўзбекистон Президентининг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китоби тақдимоти ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот берди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли китобининг Амман шаҳридаги тақдимоти Иордания оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мамлакатнинг етакчи босма нашрлари, ахборот агентликлари ва интернет порталларида эълон қилинган мақолаларда мазкур тадбирнинг аҳамияти, Ўзбекистон­–Иордания ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.

Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари китоб тақдимотида Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси, Халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Иордания Жаҳон ислом илмлари ва таълим университети президенти Жаъфар ал-Мағрибий ал-Фанатиса, юртимизнинг Иорданиядаги элчиси Нодиржон Турғунов, икки мамлакатнинг нуфузли давлат ва жамоат арбоблари, олимлари ҳамда диний соҳа вакиллари – жами 1500 нафардан зиёд киши қатнашгани таъкидланган.

Тадбирнинг асосий мақсади Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг тараққиёт стратегияси, ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди.

Асарда “Давлат – инсон учун” ва “Инсон қадри учун” тамойиллари асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат тақдиридаги тарихий бурилиш ҳамда давлат ва жамият тафаккурининг тубдан янгиланиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилган.

Олти боб ва хотимадан иборат ушбу китобда миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, иқтисодий салоҳиятни юксалтириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш ҳамда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари кенг ёритилган. Китоб араб, инглиз, итальян, рус ва урду тилларига таржима қилинган.

Иордания нашрлари тақдимотни икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий, илмий ва диний соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим воқеа сифатида баҳолаган. Ўзбекистонда 2016 йилдан буён амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатни модернизация қилиш жараёнлари, бағрикенглик, барқарорлик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик тамойилларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар кенг ёритилган.

Хусусан, “Jordan Times” нашрида чоп этилган мақолада тадбирнинг юқори савияда ташкил этилгани, Аммандаги учрашувлар доирасида Янги Ўзбекистоннинг тарихи, бугунги тараққиёти ва келажак мақсадларини акс эттирувчи араб тилидаги 9 та китоб ва китоб-альбом ҳам тақдим қилингани урғуланган.

“Petra” давлат ахборот агентлигида ёзилишича, ушбу тақдимот икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашнинг муҳим ифодаси бўлди. Учрашувда томонларнинг эришилган натижаларга таянган ҳолда сиёсий, иқтисодий, диний, маданий ва илмий йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётгани қайд этилганига эътибор қаратилган.

Бундай мулоқотлар халқлар ўртасидаги яқинликни кучайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва жамиятда мўътадиллик ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилиши таъкидланган.

“Al Mashhad Al Youm” интернет порталида эълон қилинган материалда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва модернизация жараёнлари ҳақида сўз юритилган. Хусусан, мамлакат тараққиёти тажрибаси, “Учинчи Ренессанс” ғояси, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари ҳамда ички ўзгаришларнинг ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги аҳамияти қайд этилган.

Араб ахборот агентликлари федерациясининг маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобида жаҳондаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ўзгаришлар чуқур таҳлил қилинган.

Асарда давлат бошқарувини такомиллаштириш, институционал ислоҳотлар ва мамлакатнинг истиқболдаги тараққиёт стратегияси ўз аксини топган. Айниқса, “Давлат – инсон учун” тамойили китобнинг муҳим ғоявий йўналишларидан бири сифатида эътироф этилган.

“Madar Al-Sa’a” портали тақдимотнинг илмий-маърифий аҳамиятига эътибор қаратиб, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталган.

Хусусан, Ал-Ол-Байт университети ва Жаҳон ислом фанлари университетида ўтказилган тадбирлар, Иордания кутубхоналарига араб тилидаги тўққизта китоб ва фотоальбомнинг топширилиши алоҳида таъкидланган.

“Ammon News” ахборот агентлиги Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги мулоқотнинг маънавий ва инсонпарварлик жиҳатларини ёритган. Унда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, диний ва маданий тотувлик, мўътадиллик каби умуминсоний қадриятларни илгари суриш ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири эканига урғу берилган.

Китоб тақдимотининг “Jordan Times”, “Ad-Dastur”, “Ar-Ray” каби етакчи нашрлар, “Petra”, “Fana News”, “Jadarjo”, “Alwakaai”, “Ammon News”, “Alsaа”, “Alroya”, “Al Mashhad Al Youm” сингари нуфузли ахборот ресурсларида ёритилиши ушбу воқеанинг Иордания ахборот маконидаги салмоғи ва жамоатчилик қизиқишини яққол намойиш этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари