Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Термиз шаҳар бош имом-xатиби Расулжон домла Абдуллаевнинг волидаи муҳтарамаларининг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Расулжон домла Абдуллаевга ва марҳума онахоннинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Жаноза намози Термиз шаҳар “Кокилдор ота” маҳалласи, Султон саодат кўчасида соат 11:00 да ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бугун, 2 июнь куни “Ҳаж - 2026” ишчи гуруҳи раҳбари - Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳлари эсон-омон юртимизга етиб келдилар.
Тошкент халқаро аэропортида нурли ва файзли юзларида Ватан соғинчи намоён бўлган ҳожиларимизни Президент Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари эҳтиром ила кутиб олишди.
Муқаддас заминда динимизнинг бешинчи арконини катта ихлос ва ибодат завқи билан адо этган ҳамюртларимиз кўтаринки кайфият ила яқинлари билан дийдорлашди.
Ҳожиларимиз ушбу улуғ кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва осойишталиги ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати