Ислом дини ҳеч қачон илм олишга тўғаноқ бўлмаган. Европада яқин вақтларгача черков илм йўлига ғов бўлиб келди, минглаб олимлар оловда куйдирилди, европаликлар буни ҳали унутишгани йўқ. Нима сабабдан черковлар илмга қаттиқ қаршилик қилди? Чунки ҳукмронлик тўлалигича черковда эди, илм уларнинг ёлғонларини фош этарди. Черков катта бойликдан ажралиб қолмаслик учун олимларга тазйиқ ўтказарди. Масалан, Коперник, Галилей, Эйнштейн, Макс Планк каби буюк олимлар айнан черков маҳкамасида суд қилинди.
Коперник 1543 йил Ер ўз ўқи атрофида 24 соатда бир марта, Қуёш атрофида йилда бир марта айланиб чиқишини, Қуёш коинот маркази эканини кашф қилган эди. Католиклар бу кашфиётдан даҳшатга тушди, чунки насронийларнинг хурофотлари чиппакка чиқаётган эди. Черков Коперникни диндан чиққанликда айблаб, китобларига ўт қўйди, ўзини судга тортиб қатл этди. 1481 – 1499 йилларда 90 023 нафар олим маҳкамага тортилиб, черков уларнинг китобларини ўқишни таъқиқлаб, ёқиб юборишга буйруқ берди. Шу тариқа 8 000 та қўлёзма китоб ёқиб юборилди.
Доктор Роғиб Саржонийнинг
“Ислом ва олам” китобидан.
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.