Айни кунларда Макка шаҳрида тоат-ибодатда бўлиб турган ҳожиларимиз билан маърифий суҳбатлар ўтказилмоқда.
Ана шундай мазмунли учрашув Жиззах вилоятининг 8 та (1-8) гуруҳидаги 400 га яқин зиёратчи учун ташкил этилди. Унда ҳожилик мақоми ва унга муносиб бўлиш каби мавъизалар билан бирга юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар мазмун-моҳияти, уларнинг барчаси инсон қадри учун амалга оширилаётгани, ҳожиларимиз Ватанга қайтгандан сўнг маҳаллалар ҳаётида фаол иштирок этиши, ўзи яшаётган жойда одамларга намуна бўлиши, ёшларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиши, нотинч бўлиб турган оилаларга соғлом муҳитни олиб кириши, бир сўз билан айтганда, эзгулик тарғиботчиси, маҳалла фаоли ва суянчи бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Суҳбат давомида ҳожилар ҳам сўз олиб “Ҳаж – 2022” мавсуми жуда гўзал бўлгани, ишчи гуруҳи, элликбошилар юқори даражада хизмат кўрсатишгани эътироф этилиб, бунинг учун Юртбошимиз ва мутасаддиларга миннатдорчилик изҳор этишди. Шунингдек, диёрга қайтгач, одамларни яхшиликка чорлаш, ёмонликдан қайтаришда фаол бўлишларини таъкидлашди. Якунда хайрли дуолар қилинди.
Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларимизнинг юртга қайтиб келишлари 4 августга қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
#Ҳаж2022
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026-йилги дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатидан жой олди.
Хабарда айтилишича, шу йил 28 февраль куни марказ раҳбарияти номига нуфузли халқаро меъморий мукофот — Прих Версаиллес танлов қўмитасидан расмий мактуб келиб тушган.
Мактубда Ислом цивилизацияси маркази 2026 йил учун дунёдаги энг гўзал музейлар глобал рўйхатига киритилгани маълум қилинган.
Маълумот учун, ушбу рейтинг инновационлик, креатив ёндашув, миллий меросни акс эттириш ҳамда экологик самарадорлик каби қатъий мезонлар асосида шакллантирилади.
Прих Версаиллес бош котиби Жером Гуаден ўз мактубида мазкур саралаш муносабати билан самимий табриклар йўллаб, марказнинг 2026-йилги рўйхатда иштирокини тасдиқлаш бўйича расмий йўриқномани ҳам тақдим этган.
Таъкидланишича, марказ нафақат 2026 йилнинг энг гўзал музейлари рўйхатига киритилган, балки учта олий жаҳон унвонларидан бирига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган. Булар — Гранд Прих Версаиллес, "Интерьер" номинацияси ёки "Экстерер" номинацияларидир.
Жаҳон унвонлари соҳибларини тантанали эълон қилиш маросими 2026 йил якунида Париж шаҳридаги ЮНЕСКО қароргоҳида ёки Мукофот котибияти томонидан белгиланадиган бошқа қабул қилувчи шаҳарда ўтказилиши белгиланган.
Эслатиб ўтиш лозим, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши 2026 йил март ойига режалаштирилган.
t.me/islommarkazi