Кашмирлик хаттот узунлиги 500 метр ва эни 14,5 дюйм бўлган қоғозга бутун Қуръонни ёзиб, янги рекорд ўрнатди.
27 ёшли хаттот Мустафо бин Жамил маҳаллий матбуотга Қуръони каримни ёзиш учун 7 ой вақт кетгани, бу вақт мобайнида Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридан олиб келган махсус хаттотлик қаламлари ва 85 грамм қоғоздан фойдаланганини айтди.
Хаттот Мустафо бин Жамил ушбу ноёб ютуғи билан истеъдодли шахсларни аниқлаш ва уларнинг малакасини халқаро майдонда оширишга бағишланган (Lincoln Book of Records) ташкилотида ноёб рекорд ўрнатишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, у: “Қуръонни ҳеч бир моҳир мураббийнинг кўрсатмасисиз ёзишга муваффақ бўлдим, шунинг учун ҳам, айниқса, қўлёзма Қуръон 450 саҳифадан иборат бўлгани учун, кўп вақт талаб қилди”, дейди.
Хаттот Кашмир шимолидаги Бандипор минтақасидаги Горез водийсида вояга етиб, ўз истеъдодини исботлайдиган ноёб ютуқга эришиш истагида Қуръони каримни қоғозга ёзган.
Маълумот учун, “(Lincoln) Records Registry” ташкилоти индивидуал истеъдодлар ҳақида қайғуради ва уларни таълим, санъат, фан, адабиёт ва спорт каби ҳар қандай соҳада устунликка эришиш учун халқаро платформа яратиш орқали қўллаб-қувватлашга интилади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Хабар берганимиздек, 2–4 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар муфтийлар кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида Туркия, Озорбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон уламолари иштирок этди.
Ушбу нуфузли тадбир туркий давлатлар ўртасидаги диний-илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ислом фиқҳига оид долзарб масалаларни замон талаблари асосида муҳокама қилишга қаратилди.
Йиғилишда ислом ҳуқуқи ва жамият ҳаётига дахлдор масалалар кенг қамровда кўриб чиқилди. Муҳокамалар жараёнида инсон қадр-қиммати, ер ва мулк муносабатларида адолат тамойилларига амал қилиш, ибодат вақтларини белгилашда умумий ёндашувни шакллантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий усуллар қўлланилаётган шароитда диний мажбуриятларни адо этиш, шунингдек, янги технологиялардан фойдаланишда шаръий меъёрларни сақлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, меҳмонлар Самарқанднинг бой тарихий ва маънавий мероси билан танишдилар. Асрлар давомида Шарқнинг йирик илмий-маданий марказларидан бири бўлиб келган қадим шаҳарда ислом маданияти, илм-фан ва давлатчилик тараққиёти билан боғлиқ қатор тарихий қадамжоларни зиёрат қилишди.
Мазкур тадбир нафақат фиқҳий масалаларни муҳокама қилиш, балки туркий давлатлар ўртасидаги маънавий яқинлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати