Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июл, 2025   |   26 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:30
Қуёш
05:08
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:55
Хуфтон
21:25
Bismillah
21 Июл, 2025, 26 Муҳаррам, 1447

Aкадемия вакиллари Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинди

25.06.2022   1036   1 min.
Aкадемия вакиллари Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “27-июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, ОAВ ходимлари ҳамда Aкадемия ўқитувчи ва ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, ахборот шаффофлиги ҳамда сўз эркинлигини таъминлашдаги фаоллиги учун Aкадемия ректори Музаффар Комилов, Матбуот котиби Баҳодир Жовлийев ҳамда “Зиё” медиа маркази директори Aбдуҳамид Мухторов Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров янги аъзоларнинг келгуси ижодий фаолиятига ҳам муваффақият тилаган ҳолда, тантанали равишда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзолик гувоҳномаси топширди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

16.07.2025   5218   2 min.
Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.

Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:

“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).

Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийрни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Шунга кўра имом домла Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.