Ҳикмат инсон ҳаётини тартибга солишга, сокин, сермазмун ва сермаҳсул эишга, хато-камчиликлардан, тойилишлардан холи этишига хизмат қиладиган юксак билимдир. Ҳикмат инсоннинг ақлини чархлайди, аковатини оширади. Ҳикмат билан иш тутиш инсоннинг оиладаги, жамиятдаги, ҳатто ўз наздидаги мартабасини кўтаради. Ҳикмат кишига ҳаёт тажрибасини тайёр хулосасини тақдим қилади.
Бир ҳакимдан : “Инсон бир неча юз йил умр кўриши мумкинми?” деб сўрашибди. У: “Ҳа”, деб жавоб берибди. “қандай қилиб?” дейишибди. Шунда ҳаким : “Китоб ўқиб. Чунки китоб бир инсоннинг бир неча йил, балки бир умрлик тажриба ва билимларининг хулосаси ўлароқ дунёга келади. Уни ўқиган киши ўшанча умр кўрган ҳисобланади”, деб айтган экан.
Инсонга ана шундай асрларга татигулик умр бахш этадиган китоблар ичида энг қимматлиси, шубҳасиз, ваъзу –ҳикматга доир асарлардир. Бинобарин, ҳикматларни ўзига сингдира билган одам минг йиллаб умр кўргандек тажрибага эга бўлади. Чунки айрим ҳикматлар бутун бир инсон умрининг хулосаси ўлароқ дунёга келган. Ана шундай ҳикматларни ўрганган киши ўша ҳикматларни айтган инсонларнинг умрича ҳаёт кечиргандек бўлади.
Ислом уммати ҳикматларни ўрганишга, уни ҳаётга татбиқ этишга, уни ҳаётда акс эттиришга, ҳар бир иш ортидаги ҳикматларни очиб беришга қадимдан интилиб келган. Жумладан, бизнинг улуғ аждодларимиз ҳам ҳақиқий ҳикматпарвар, ҳикматга шайдо инсонлар бўлишган. Шунинг учун ҳам улуғ бобокалонларимизнинг илмий меъросларида дунёдаги энг гўзал ҳикматлар акс этган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
يؤتي الحكمة من يشاء و من يؤت الحكمة فقد اوتي خيرا كثيرا
“У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди.” (Бақара сураси, 269 – оят)
و قال صلئ الله عليه وسلم:
لا حسد الا في اثنتين رخل اتاه الله ما لا فسلطه علي هلكته في الخير و رجل اتاه الله الحكمة فهو يقضي بها و يعلمها الناس
Росулуллоҳ с.а.в айтадилар:
“Ҳасад қилиш мумкин эмас, фақат икки кишига нисбатан ҳасад(ҳавас) бундан мустасно:Аллоҳ таоло мол берган ва уни яхшиликка сарфлашга муваффақ қилиб қўйилган киши; Аллоҳ таоло ҳикмат берган, шу ҳикмат билан ҳукм юритадиган ва шу ҳикматни одамларга ўргатадиган киши”.
Луқмони Ҳакимдан нақл қилинишича, унинг ҳовлиси эшигига шундай деб битилган экан: ”Бизнинг ҳикматимиздан ўзини таниган, нафсини ўз ҳаддида тўхтатган ва бошига тушган ишлар тадбирини инсоф билан амалга ошира оладиган инсонгина фойдалана олади. Кимда шу сифатлар бўлса, кирсин, йўқса, то шуларни ҳосил қилгунча қайтиб кетаверсин”.
Аллоҳ таоло ҳикматни, ҳикматли бандаларини шундай севар экан қандай қилиб Ўзининг сўнгги ва охирзамон пайғамбарига юборган Буюк Каломи Қуръони Каримни ҳикмат ила юбормасин?!
Аллоҳ таоло Ўз Каломини буюк ҳикматлар ила юборди. Қуръони Каримни ўқиганингиз сари, маъноларини англаганингиз сари янада чуқур маънолар келиб чиқаверади. Қуръони Каримни ҳар қандай соҳа вакили у хоҳ тиббиёт ходими бўлсин, хоҳ кимёгар, ёҳуд адабиётшунос унинг мўжизавийлиги, балоғати ва фасоҳати-ю, улкан ҳикматларига дуч келади. Мана неча асрлар давомида Қуръони Каримда келган оятларнинг маънолари устида ишлаб, уларни мағзини чақишга уринган сари фанга, инсониятга номаълум бўлган қанчадан – қанча илмлар ошкор бўлиб бормоқда. Ҳа, азизлар Қуръони Карим ана шундай улуғ ва мўжиза ўлароқ биз инсониятга юборилган Китобки, қиёматга қадар инсоният унинг маънолари устида илмий изланишлар олиб бораверади, изланишлар кўпайгани сари Қуръоннинг нақадар Буюк Қудрат ва Ҳикмат эгаси томонидан юборилганига ақллар ишонаверади. Аллоҳ таоло Қуръонни ўзгача услублар ила безади, бу услублар Қуръоннинг балоғати-ю, фасоҳатига янада кўрк бағишлади, уни ҳикматлар билан янада бойитди. Инсоният ҳар қанча уринмасин Қуръони Карим оятларига ўхшаш бир оят ҳам келтира олишдан ожизлигича қолаверади.
ТИИ 403 – гуруҳ талабаси Ўринова Лутфия
Фазилатли шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
"Ҳиндистонлик уламо Шайх Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ ҳақида эшитгансизлар. Шайх Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ ҳинд уламолари орасида ниҳоятда машҳур олим бўлган. У зот роҳимаҳуллоҳ қирқ ёшга етмасдан, яъни ўттиз тўққиз ярим ёшда вафот этган, қирққа кириб улгурмаган. Шунга қарамай, у жуда улкан илмий мерос қолдирган: унинг ёзган асарлари 115 дан ортиқ! Уларнинг ичида кичик рисолалар ҳам, катта китоблар ҳам бор. Аммо ўша кичик рисолаларнинг ўзи ҳам катта бир китобнинг ўрнини боса оладиган даражада эди, чунки уларнинг ҳар бирида маълум бир илмий масала ниҳоятда пухта ва мукаммал тарзда ёритиб берилган.
Бунинг сабаби қуйидагича: Бир куни ўша пайтдаги Лакнав амири шайхнинг илм билан машғул бўлиб, унга чуқур шўнғиб кетгани ва ақлбовар қилмас истеъдоди ҳақида хабар топади ва уни ўз ҳузурига чақиртиради. Шайх амирнинг олдига боргач, амир у зотга шундай дейди…
Унинг шайхга нима деганини айтишдан аввал ушбу воқеани ҳикоя қилиб берган ҳинд уламоси менга айтган яна бир гапни зикр қилиб ўтай: "Биз олти кишидан иборат оила эдик: ота-онам ва тўрт нафар фарзанд - жами олти киши. Ойига тўрт рупий бизга кифоя қилар эди". Мазкур уламо Шайх Абдулҳай Лакнавий вафотидан ўттиз йил ўтиб туғилган. Яъни, ўша даврда тўрт рупий ҳозиргидан анча катта харид қувватига эга бўлиб, авваллари бу пулга бугунги кундан кўра кўпроқ нарса сотиб олиш мумкин эди. Шунга қарамай, бу киши: "Бизнинг оиламизга ойига тўрт рупий етарди", деяпти...
Энди аввалги гапимизга қайтсак: Шундай қилиб Лакнав амири Шайх Абдулҳайни ҳузурига чақиртириб, у зотга: "Мен сизга ўз ҳисобимдан ойига тўрт юз рупий маош тайинлайман. Сиз илм билан машғул бўлиб, ўзингизни илмга бағишланг!" дейди.
Шайх бу воқеадан кейин илмга буткул берилди ва ана шундай буюк натижага эришди! Эй ёшлар, эътибор беринг, айтилган рақамларни мулоҳаза қилинг! Тўрт юз рупий шайх учун нақадар катта маблағ бўлган. Нега? Айни мана шу нарса учун - мен сизларга айтмоқчи бўлган нарса шу: Толиби илмни ўз кафиллигига олиш, яъни илм талаб қилувчини моддий жиҳатдан таъминлаш!
Бу унинг илмга бўлган таъсиридир. Тарих бизга буни реал воқелик мисолида кўрсатиб бермоқда. Шу боис ушбу ишни барча мусулмонлар орасида, жумладан, бой-зодагонлар ва уламолар ўртасида яна қайта тирилтиришимиз керакки, улар ўзаро ҳамкорлик асосида шаръий илмлар учун вақф қўллаб-қувватловини қайта тикласинлар".
Муҳаддис Муҳаммад Аввома суҳбатларидан
ҲИМ талабаси
Назирхонов Ҳасанхўжа таржимаси