Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Апрел, 2026   |   26 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:44
Пешин
12:28
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:24
Bismillah
15 Апрел, 2026, 26 Шаввол, 1447

Ҳикмат нима?

25.06.2022   5009   4 min.
Ҳикмат нима?

Ҳикмат инсон ҳаётини тартибга солишга, сокин, сермазмун ва сермаҳсул эишга, хато-камчиликлардан, тойилишлардан холи этишига хизмат қиладиган юксак билимдир. Ҳикмат инсоннинг ақлини чархлайди, аковатини оширади. Ҳикмат билан иш тутиш инсоннинг оиладаги, жамиятдаги, ҳатто ўз наздидаги мартабасини кўтаради. Ҳикмат кишига ҳаёт тажрибасини тайёр хулосасини тақдим қилади.

Бир ҳакимдан : “Инсон бир неча юз йил умр кўриши мумкинми?” деб сўрашибди. У:  “Ҳа”, деб жавоб берибди. “қандай қилиб?” дейишибди. Шунда ҳаким : “Китоб ўқиб. Чунки китоб бир инсоннинг бир неча йил, балки бир умрлик тажриба ва билимларининг хулосаси ўлароқ дунёга келади. Уни ўқиган киши ўшанча умр кўрган ҳисобланади”, деб айтган экан.

Инсонга ана шундай асрларга татигулик умр бахш этадиган китоблар ичида энг қимматлиси, шубҳасиз, ваъзу –ҳикматга доир асарлардир. Бинобарин, ҳикматларни ўзига сингдира билган одам минг йиллаб умр кўргандек тажрибага эга бўлади. Чунки айрим ҳикматлар бутун бир инсон умрининг хулосаси ўлароқ дунёга келган. Ана шундай ҳикматларни ўрганган киши ўша ҳикматларни айтган инсонларнинг умрича ҳаёт кечиргандек  бўлади. 

Ислом уммати ҳикматларни ўрганишга, уни ҳаётга татбиқ этишга, уни ҳаётда акс эттиришга, ҳар бир иш ортидаги ҳикматларни очиб беришга қадимдан интилиб келган. Жумладан, бизнинг улуғ аждодларимиз ҳам ҳақиқий ҳикматпарвар, ҳикматга шайдо инсонлар бўлишган. Шунинг учун ҳам улуғ бобокалонларимизнинг илмий меъросларида дунёдаги энг гўзал ҳикматлар акс этган. 

 Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

يؤتي الحكمة من يشاء و من يؤت الحكمة فقد اوتي خيرا كثيرا

У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди.” (Бақара сураси, 269 – оят) 

و قال صلئ الله عليه وسلم:

لا حسد الا في اثنتين رخل اتاه الله ما لا فسلطه علي هلكته في الخير و رجل اتاه الله الحكمة            فهو يقضي بها و يعلمها الناس

Росулуллоҳ с.а.в айтадилар:

“Ҳасад қилиш мумкин эмас, фақат икки кишига нисбатан ҳасад(ҳавас) бундан мустасно:Аллоҳ таоло мол берган ва уни яхшиликка сарфлашга муваффақ қилиб қўйилган киши; Аллоҳ таоло ҳикмат берган, шу ҳикмат билан ҳукм юритадиган ва шу ҳикматни одамларга ўргатадиган киши”.

Луқмони Ҳакимдан нақл қилинишича, унинг ҳовлиси эшигига шундай деб битилган экан: ”Бизнинг ҳикматимиздан ўзини таниган, нафсини ўз ҳаддида тўхтатган ва бошига тушган ишлар тадбирини инсоф билан амалга ошира оладиган инсонгина фойдалана олади. Кимда шу сифатлар бўлса, кирсин, йўқса, то шуларни ҳосил қилгунча қайтиб кетаверсин”.

Аллоҳ таоло ҳикматни, ҳикматли бандаларини шундай севар экан қандай қилиб Ўзининг сўнгги ва охирзамон пайғамбарига юборган Буюк Каломи Қуръони Каримни ҳикмат ила юбормасин?!

Аллоҳ таоло Ўз Каломини буюк ҳикматлар ила юборди. Қуръони Каримни ўқиганингиз сари, маъноларини англаганингиз сари янада чуқур маънолар келиб чиқаверади. Қуръони Каримни ҳар қандай соҳа вакили у хоҳ тиббиёт ходими бўлсин, хоҳ кимёгар, ёҳуд адабиётшунос унинг мўжизавийлиги, балоғати ва фасоҳати-ю, улкан ҳикматларига дуч келади. Мана неча асрлар давомида Қуръони Каримда келган оятларнинг маънолари устида ишлаб, уларни мағзини чақишга уринган сари фанга, инсониятга номаълум бўлган қанчадан – қанча илмлар ошкор бўлиб бормоқда. Ҳа, азизлар Қуръони Карим ана шундай улуғ ва мўжиза ўлароқ биз инсониятга юборилган Китобки, қиёматга қадар инсоният унинг маънолари устида илмий изланишлар олиб бораверади, изланишлар кўпайгани сари Қуръоннинг нақадар Буюк Қудрат ва Ҳикмат эгаси томонидан юборилганига ақллар ишонаверади. Аллоҳ таоло Қуръонни ўзгача услублар ила безади, бу услублар Қуръоннинг балоғати-ю, фасоҳатига янада кўрк бағишлади, уни ҳикматлар билан янада бойитди. Инсоният ҳар қанча уринмасин Қуръони Карим оятларига ўхшаш бир оят ҳам келтира олишдан ожизлигича қолаверади.

 

ТИИ 403 – гуруҳ талабаси Ўринова Лутфия

Бошқа мақолалар

Ҳадис илми ва мусталаҳига оид асар

14.04.2026   3071   4 min.
Ҳадис илми ва мусталаҳига оид асар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Имом Нававий (ваф. 676/1277-й.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёзган асарлари билан Ислом илмлари, хусусан ҳадис ва фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшган йирик олим саналади. Ижтиҳод ва фатволари шофеъий мазҳабида мўътабар ва мўътамад ҳисобланганидек, ҳадис илмида ёзган асарлари ҳам соҳа уламолари наздида қадрли ва мавқеи баланд китоб ҳисобланади. Имом Нававийни “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ” асарини уламолар тарожимлар (олимларнинг ҳаёти ёритилган асарлар)да муаллифнинг муҳим таълифлари қаторида зикр қилишади.

Китобнинг тўлиқ номи: “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ ила маърифати сунани хойр ал-халоиқ”. Бу китоб ҳадис илми ва мусталаҳига бағишланган асар бўлиб, Имом Нававий бу китобни ёзишда Ибн Салоҳ Шаҳрозурий (ваф. 643/1245-й.) раҳимаҳуллоҳни “Маърифат анваъи илм ал-ҳадис” китобини асос қилиб олганлар.

“Муқаддима” номи билан машҳур бўлган бу китоб ушбу мавзуда ёзилган ўзидан аввалги китобларни тўлдирувчи ва жамловчи ҳамда ўзидан кейинги китобларга асос ва таянч ҳисобланади. Яъни, “Муқаддима”дан олдин ҳам бу илмга бағишланган асарлар бўлган. Муҳаддислар ва ҳадис илми пешволари ўзларининг ҳадис тўпламлари ичида ёки алоҳида тарзда ҳадис турлари ва иллатлари баён қилинган асарлар ёзишган. Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071-й.) ва Имом Ҳоким (ваф. 405/1014-й.) каби уламолар ҳадис илмига аталган китоблар ёзишган бўлса ҳам, ундаги масалалар ва таърифлар бир жойда жамланмаган ёки тартибланмаган эди. Ибн Салоҳ роҳимаҳуллоҳ эса аввалгиларнинг ишини камолига етказди. Имом Ҳокимнинг “Маърифат улум ал-ҳадис” асарида зикр қилинган 52 та навга зиёда қилиб китобларида ҳадис навларини 65 турга бўлиб баён қилди. Имом Нававийнинг “Иршод” асари ушбу “Муқаддима”нинг мухтасари ҳисобланади.

Муаллиф яшаган даврда Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳнинг “Муқаддима”си жуда машҳур бўлган ва бу илмда асосга айланган эди. Имом Нававий “Иршод” асарини ҳадис илми ва усуллари билан узоқ шуғуллангандан кейин ёзади ва ҳадис илми истилоҳларини баён қилишда бор маҳоратларини ишга солади. Китоб муқаддимасида муаллифнинг ўзи бундай дейди: “Бу китобда “Муқаддима”ни мухтасар қилишни истадим ва бу орқали уни зикрини жонлантириш, бошқа манбалар қатори ундаги манфаатлардан ҳамма фойдалана олишини умид қиламан”.

Имом Нававий мухтасарда қўллаган баён услубини шундай изоҳлайди: “Китобдаги маълумотларни баён қилишда осон, енгил иборалар билан келтираман, ундаги муҳим ва муҳим бўлмаган қайдлардан бирортасини мазмунига халал етказмайман ва аксар ўринларда китоб соҳибининг иборасини келтиришга ҳаракат қиламан, фақат фойдали мақсадлардагина бошқа лафзлар билан алмаштираман, бир қатор далиллар ва мухтасар мисолларни ҳам зикр қиламан ва унга баъзи ўринларда кичик лафзлар, қўшимча ва тўлдирувчилар қўшаман”.

Дарҳақиқат, Имом Нававий китобида Ибн Салоҳни ибораларини сақлашга ҳаракат қилган ва кўпинча “قال الشيخ” (Шайх айтди) деб айтадилар ва бу билан Ибн Салоҳни назарда тутадилар. У киши қўшган зиёдалар бир неча жиҳатдан фойдали ва қийматли масалалар ҳисобланади. Бу жиҳатлар Имом Нававийни илмлари қанчалик юксак даражада эканини кўрсатади.

Замондош муҳаққиқ, ҳадис илмлари устози, асарнинг 2019-йилдаги замонавий-танқидий нашрини амалга оширган олим Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу афзалликлари билан мазкур китоб Имом Нававийнинг шахсан ўзи Иршодга ёзган мухтасаридан афзалроқ ҳисобланади. Сабаби, бу мухтасардан бирор шарҳсиз фойдаланиш ўқувчига қийинчилик туғдиради. Иршод китоби эса “Тақриб”да келтирилмаган фойдалари ва ибораси ҳам енгиллиги билан ажралиб туради”.

“Иршод”га ёзилган мухтасар асарнинг тўлиқ номи: “Ат-тақриб ва ат-тайсир ли маърифати сунан ал-башийр ан-назийр”. Ушбу  асарга ҳам бир нечта шарҳлар ёзилган бўлиб, уларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 902/1497-й.)нинг “Шарҳ ат-тақриб ва ат-тайсир” асари ва Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 911/1505-й.)нинг “Тадриб ар-ровий” асаридир. Бу икки асар ҳам ўз бобида ёзилган машҳур ва мўътамад асарлардан саналади.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Нававийнинг асарлари кейинги уламолар учун асос бўлиб хизмат қилиши билан бирга уламолар ҳам бу китоблар устида кўплаб хизматлар қилишган. Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин.

 

Муҳаммаджон ИСРОИЛОВ,
ТИИ магистратура талабаси