Қуръон китоб шаклидаги дарвоза лойиҳаси муаллифи бу ишини фаолиятидаги асосий ютуғи деб билади ва фахрланади.
Жидда — Макка автомобиль йўлида Қуръон стендига ўхшаб кўринган «Макка дарвозаси» мусулмон бўлмаганлар кириши тақиқланган чегарани белгилаб беради.
«Макка дарвозаси» қарийб 40 йилдан буён Жидда — Макка автомобиль йўли бўйлаб муқаддас шаҳарга кирувчи саёҳатчиларни кутиб олади. Шаҳардан 5 километр узоқликда жойлашган катта аркли иншоотнинг баландлиги 152 метр, эни эса 31 метрни ташкил қилади. Турли нақшлар билан безатилган, кечалари эса чироқлар билан ёритилган. Ёдгорлик 1979 йилда таниқли саудиялик рассом, ҳайкалтарош ва фотограф Диа Азиз Диа томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у замонавий араб санъатига қўшган ҳиссаси билан танилган.
Аркнинг яратилиши ҳақида рассом шундай дейди:
«Дарвозанинг дизайни ишониб топширилган компания улар қандай кўринишга эга бўлиши кераклигини билмас эди. Менга айтилган ягона истак шу эдики, дарвоза шаҳарга олиб борувчи асосий магистралда бўлсин... Мен ўйладим: Нима Маккани ўзига хос қилади? Бу пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган жойлари, Каъба шу ерда жойлашган... Лекин, энг муҳими, Макка – Қуръон шаҳри деган фикр мени ҳайратга солди. Ҳаммаси Қуръоннинг ерга нозил бўлиши билан бошланди ва мен бу фикрни қандай ифодалаш ҳақида ўйлай бошладим... Бир неча кунлик мулоҳазалардан сўнг менга стрендда Қуръон кўринишидаги дарвоза яратиш ғояси келди".
Рассомнинг ғояси компания томонидан маъқулланади ва Диа Азиз Диа архитекторлар, қурилиш муҳандислари ва хаттотлар билан якуний эскизни амалга ошириш ҳамда дарвозанинг кичик моделини яратиш учун ишга киришади.
“Мен Макка шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Абдулқодир Кушакнинг ишхонасига бориб, унга лойиҳани тақдим қилдим. Тахминан икки ой ўтгач, қирол Фаҳд дарвоза ва унинг атрофидаги боғнинг яратилишини маъқуллагани эълон қилинди, — дейди рассом.
Дарвоза 1985 йилда қуриб битказилди.
Диа лойиҳага қўшмоқчи бўлган битта режа бор эди — дарвоза тепасидаги катта чироқ (прожектор). Аммо бу фикр амалга ошмади:
“Макка нафақат мусулмонлар, балки бутун ер юзи учун маёқ бўлганидек, Қуръони Карим ҳам умид ва тинчлик чироғи эканини кўрсатмоқчи эдим”, — дейди у.
Диа Азиз Диа унинг ғояси қачондир ҳаётга татбиқ этилиши ва дарвоза дизайни тугалланишига умид қилмоқда.
Рассом Макка дарвозалари фақат Саудия Арабистони лойиҳаси эканини таъкидлайди:
“Кўпчилик буни асосан саудияликлар амалга оширганини билмайди. Чет элликлар унга жалб қилинган, деган фикр кенг тарқалган. Аслида, бу дарвозалар Саудия меъморлари, хаттотлари ва муҳандисларининг иши”.
Диа Саудия Арабистонидаги энг кекса ва энг муваффақиятли рассомлардан бири бўлиб, кўплаб мукофотларга сазовор бўлган. Шунингдек, у Жидда шаҳридаги Таҳлия кўчасидаги “Ал-Аҳли” футбол клуби ёдгорлиги, самолёт қисмларидан ясалган “Одам орзуси” ёдгорлиги, 2006 йилда Саудия Арабистонидан Мексикага совға қилинган ҳайкал ва бошқа муҳим лойиҳаларга ҳам муаллифлик қилган.
Аммо рассом фаолиятидаги энг муҳим асар "Макка дарвозалари"ни ўз мероси деб билади:
“Бу фаолиятимнинг бошидан то ўлимгача бўлган ҳаётимдаги асосий ютуғим. Ундан муҳимроқ нарса йўқ. Макка дунёдаги ҳар бир мусулмоннинг қалбидаги шаҳар. Мен унинг дарвозаларининг лойиҳачиси бўлишимни Аллоҳ таоло менга берганига ишонаман”, — дейди фахр билан у.
Баҳринисо Тўхтасин қизи тайёрлади.
Хотира
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.
1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.
1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.
1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.
1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.
1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,
1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.
1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.
1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.
Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:
— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.