Ҳаж улуғ ибодатдир. Унинг шарафига Ҳаж сураси ҳам нозил бўлган. Беш аркон ичида номига сура нозил бўлган ягона ибодат ҳаждир. Ушбу муборак сурада ҳаж ибодати, унинг тарихи, фазилати, фой далари ва мазмун-моҳияти ҳақида қуйидаги оятлар тушган: «Эсла, Биз Иброҳимга Байтнинг жойини бел гилаб бердикки: “Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда руку, сужуд қилгувчилар учун поклагин. Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон узоқузоқ йўллардан пиёда юриб, озғин уловлар устида келурлар. Токи ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар ва маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари узра Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар, бечора ва фақирларга ҳам егизинглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Байтулъатийқ”ни тавоф қилсинлар» (Ҳаж сураси, 26–29-оятлар).
Мўътабар китобларимизда ҳажнинг жуда кўп ҳикматлари борлиги айтилади. Улар орасида энг асосий лари қуйидагилар: бандаликни билдириш; нафсни тарбиялаш; нафсни фойдали ишларга ўргатиш; тақво ҳосил қилиш; сабр-бардошга ўргатиш; шукрга ўргатиш; сафардан ибрат олиш; ёмонликдан сақланишга кўникма ҳосил қилиш; улфатчилик тамойилларини намоён қилиш; танишув; вақтни қадрлашни ўрганиш; тартибга ўрганиш; инсонни эҳтиром қилиш; зикрларга одатланиш; шайтоннинг душман эканини эсга олиб, уни ҳеч қачон унутмаслик ва бошқалар.
“Ҳаж” сўзи луғатда қасд қилиш маъносини англатади. Қасд қилиш бўлганда ҳам, улуғ нарсани қайта-қайта ва такрор қасд қилиш маъносини ифода қилади.
Шаръий истилоҳда эса ҳаж маълум вақтда, маълум маконда, маълум ибодатларни ният билан адо этишдир. Келинг, яна ҳам тушунарли бўлиши учун ҳажнинг истилоҳий маъносини чуқурроқ ўрганайлик.
“Маълум вақт” дейилганда, ҳаж ибодати маълум вақтда адо этилиши тушунилади. Ҳа, бошқа ибодатлар каби ҳажнинг ҳам муайян вақтлари бор. Унинг вақтлари фиқҳ китобларида батафсил баён қилинган. Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Арафотда туриш унинг бош рукни ҳисобланади. У ерда бундан бошқа вақтларда ҳар қанча турса ҳам, ҳаж ҳисобланмай ди.
“Маълум макон” деганда, мийқотлар, Масжидул Ҳарам, Арафот, Муздалифа, Мино каби жойлар назарда тутилади. Мазкур жойлардан бошқа ерда ҳаж ибодатини адо этиш мумкин эмас. Юқоридаги маконларга тегишли ҳукмлар фиқҳ китобларимизда баён қилинган.
“Ният билан адо этиш” деганда, ҳажнинг ўзига яраша нияти борлиги тушунилади. Ҳаж ёки умра қилаётган инсон уни амалга оширишдан олдин Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишни ва таъйин қилинган ибодатини ният қилади. Аллоҳ таолога яқин бўлишни ният қилган заҳоти бу одат эмас, ибодат эканини ҳис этади. Зеро, ният одат билан ибодат ўртасини ажратиб беради. Тайин қилинган ибодатни ният қилади, деган ибора ҳожининг ҳаж ёки умраси қайси турдан эканини ажратиб беради. Яъни, ният билан қилаётган амали фарз, назр, нафл ёки бадал ибодатлардан бирига тайин топади.
“Маълум ибодатлар”. Бунда эҳром, Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Арафотда туриш, Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш каби амаллар кўзда тутилган. Ҳаж ибодати аҳли аёли эҳтиёжидан ортиқча маблағи бор, соғлом ва омонликдаги хотиржам мусулмонга умрида бир марта фарз бўлади. Ҳажда бажариладиган амаллар фарз, вожиб, суннатга бўлинади. Фарз амаллари қатъиян адо этилиши шарт бўлган амаллар бўлиб, бирортаси адо этилмаса, ҳаж қабул бўлмайди. Яна бошқатдан ҳаж қилиши лозим бўлади. Вожиб амалларнинг қилиниши зарурий амаллар бўлиб, бирортасини адо этилмаса, бундай ибодат нуқсонли ҳисобланади ва шу сабабли жонлиқ сўй иш вожиб бўлади.
Ҳажда суннат ва мустаҳаб амалларини бажарган киши савоб олади, ибодати мукаммал бўлади, агар қилмаса, гуноҳкор бўлмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг
"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.
Шифокорлардан бири айтади: “Бир куни менинг қабулимга ёши олтмишлардан ўтган киши ўзининг тахминан ёши ўттизларда бўлган ўғли билан кирди. Йигит отасининг қўлидан ушлаб олган, унга ниҳоятда ғамхўр эди. Унинг у ёқ-буёқларини тузатиб қўяр, унга беҳад эътиборли эди. Унинг отаси бемор экан. Уларнинг муаммосини сўраш ва таҳлилларга кўз ташлаш асносида отасининг ҳаракатлари ғайритабиий эканлигини сездим. Ўғли отасининг ақли заиф эканлигини айтди. Мен отасига ким қараши ҳақида сўрасам ўғли “мен” деди. Мен: “Нега энди бирор-бир хизматкор олмайсиз?”, деб сўрадим.
Ўғли деди: “Чунки отам ёш болага ўхшаб қолганлар. Ҳеч шикоят қилмайдилар. Хизматкор у кишига азият бериб қўйиши ёки хизматда нуқсонга йўл қўйиши мумкинми деб қўрқаман”. Мен ўғилнинг отасига бўлган эътиборидан ҳайратда қолдим. Ундан уйланганмисиз, дея сўрадим. У: “Ҳа, фарзандларим ҳам бор. Хотиним отамнинг хизматларини жон-дилдан бажаради. У кишига овқатларини пишириб тақдим қилади. Аммо мен хотиржам бўлишим учун отам билан бирга овқатланаман. Отамнинг қон босимлари ҳам баланд. Устига- устак қанд касалликлари ҳам бор”.
Мен у йигитдан янада ажабландим. Кўз ёшларимни яширдим. Яширинча отанинг тирноқларига назар солдим. Унинг тирноқлари олинган, тоза эди. Шунда ота ўғлига қараб: “Қачон менга чипс олиб берасан?”, деди. Ўғли: “Отажон, ҳозир дўконга бориб чипс сотиб оламиз”, деди. Отаси бундан хурсанд бўлди. Шунда ўғли менга қараб: “Отам хурсанд бўлсалар мен ҳам хурсанд бўламан. У киши менинг кичик ўғлимдек бўлиб қолганлар!”, деди. Мен ундан: “Беморлик вақтингизда отангиз сизга қараганини, сиз учун ғам чекканини эслай оласизми, сиз хурсанд бўлганингизда хурсанд, хафа бўлганингизда хафа бўлганлари ёдингизда борми?”, деб сўрадим. Ўғли: “Доктор! Отам бир бечора инсон. Мен ўн ёшимдан бери у кишининг хизматларини қиламан. Ёшлигимдан бери мен у кишига қарайман, ғамхўрлик қиламан!”.
Мен унга керакли муолажа рўйхатини ёзиб бердим. Дориларни тушунтирдим. Ўғил отасининг қўлларидан тутиб мен билан хайрлашди-да отасига: “Кетдик отажон, дўконга!”, деди. Улар чиқиб кетиши билан ушлаб турган кўз ёшимни қўйиб юбордим. Бу бола отасига яхшилик қиладиган ҳақиқий фарзанд экан. Ваҳоланки, отаси унга тарбия бермаган, ғамхўрлик қилмаган, кечалари ўғли учун бедор бўлмаган, унинг дарди билан алам чекмаган, у йиғлаганда йиғламаган экан. Шундай бўлсада ўғил отасига бунақа хизматларни тақдим қилаяпти. Биз соғлом ота-оналаримиз учун бу йигит ўзининг ақли заиф отасига қилган хизматларини қила олаяпмизми?!
Доктор Самир Муҳаммад Айюб