Аллоҳ таоло шайх Маҳмуд Афанди ҳазратларини Ўз мағфиратига олсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло шайх Маҳмуд Афанди ҳазратларининг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин!
Ҳақ таолодан улуғ устоз, мужаддид шайх Маҳмуд Афанди ҳазратларининг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан шайх Маҳмуд Афанди ҳазратларининг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Аллоҳ таоло айтади: "Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур" (Муҳаммад сураси, 6-оят).
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ: "Жаннат аҳли жаннатдаги уйларини таниб олишади. Ҳатто бир киши жаннатда ўз уйига дунёдаги уйига келгани каби бориб олади", деди.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: "Яъни, улар жаннатда ўз манзилларини осон топадилар", деди.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: "Бу оят мўминларга берилган улуғ бир муждадир. Чунки дунёда улар сабр қилдилар, иймонларини мустаҳкам тутдилар. Энди жаннатда ўз маконларини Аллоҳнинг ҳидояти билан осонгина топадилар. Бу Аллоҳнинг уларга лутфидир", деди.
Аллоҳ таоло мўминлар ва тақводорларни Ўзи уларга тавсифлаб, таърифлаб берган жаннатга киритади. Бу жаннат улар учун аввалдан тайёрланган ва улар унда ўз манзилларини худди дунёдаги уйларини билгандек, осонгина топадилар.