Ҳаж сафари зиёратчилари учун “Ҳаж қўлланмаси” мобил иловаси ишлаб чиқилди. Унда ҳаж зиёрати одоблари, унинг фарз амалларини бажариш тартиб-қоидалари, дуолар, Саудия Арабистонида жорий этилган янги тартиб-қоидалар, аэропорт, меҳмонхоналарда нималарга эътиборли бўлиш кераклиги каби масалалар батафсил баён этилганки, у барча ёшдаги кишилар учун қулайдир.
Шунингдек, иловада муборак сафар давомида ўқиладиган дуолар аудио шаклида берилгани зиёратни мукаммал адо этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга Ҳаж зиёратида қаерларга борилиши, зиёратгоҳларнинг тарихи ҳақида ҳам маълумотлар берилган.
Илова қуйидаги бўлимлардан ташкил топган:
“Ҳаж қўлланмаси”
“Ҳаж дуолари”
“Сафарга тайёргарлик”
“Ислом тарихига оид жойлар”Иловани қуйидаги линклар орқали юклаб олиш мумкин:
GooglePlay:
https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.devteam.hajguideAppStore:
https://apps.apple.com/uz/app/haj-qollanmasi/id1629805267
“Ҳаж қўлланмаси” бўлимида Ҳаж ибодатига оид барча масалалар келтирилган: “ҳаж” сўзининг маъносидан то унинг амаллари-ю фарзларигача. Шу билан бирга, зиёрат қилиш одоблари, муборак шаҳар ва масжидларнинг фазилатлари, сафар тартиб-қоидалари каби бир қатор рукнларда зарур маълумотлар тақдим этилган.
“Ҳаж дуолари” бобида муборак шаҳарга киришдаги дуолар, тавоф асносида, зам-зам суви ичганда, табаррук жойларда, ватанга қайтишда ўқиладиган дуолар каби элликдан ошиқ дуолар берилган. Яна бир муҳим жиҳат, бу бўлимда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир қаторда Абу Бакр ва Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумога салом бериш одоб ва тартиблари баён этилган.
Ислом тарихига оид қисмда,муқаддас жойлар ҳақида қизиқ ва тарихий манбалар берилган. Уларни ўқиган киши муқаддас қадамжоларга оид кенг тушунчага эга бўлади.
Сафарга тайёргарлик бўлимида муборак сафарга чиқмоқчи бўлган ҳар бир кишига муҳим тавсиялар, ман этилган тартиб-қоидалар, зиёратчилар эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар баён этилган.
Шунингдек, иловада бир қатор эслатма ва хизматлар бор. Жумладан, пандемия шароитида Саудия Арабистонидаги тартиблар, қайси вакциналар олиш зарурлиги ҳамда об-ҳаво маълумотлари ҳам бериб борилмоқда.
Аллоҳ таоло ушбу мобил иловани халқимизга манфаатли қилсин!







Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигида Диний идоранинг бир гуруҳ вакиллари Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қатар мустақиллиги куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашди.
Ўзбекистон ва Қатар халқларини ўзаро боғлаб турувчи тарихий-маданий ришталар бугунги кунда кенг кўламли ва узоқ муддатли алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Қатар Давлати кенг қамровли тараққиёт борасида сифат жиҳатдан улкан ўзгаришларга эришди ҳамда стратегик режалаштириш ва замонавий иқтисодий бошқарув соҳаларида ўрнак бўладиган мамлакатга айланди.
Бу йилги байрамни Қатар давлати ва унинг фуқаролари "Қатар сизлар билан юксалади ва сизлардан кутади" шиори остида нишонламоқда. Бу шиор ҳам Қатар давлати амирининг сўзларидан олинган. Қатар Миллий 2030 Ривожланиш Стратегияси эса инсонни тараққиёт марказига қўйиб, уни олий мақсад сифатида белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ Қатар элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси марказига бир қатор китоблар совға қилинган, ўз навбатида меҳмонларга Марказ томонидан Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси туҳфа этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати