Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2025   |   25 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:46
Қуёш
06:05
Пешин
12:23
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:46
Bismillah
17 Сентябр, 2025, 25 Рабиъул аввал, 1447

Динда саволим бор: Динимизда муслима аёлнинг ўзга дин вакилига турмушга чиқиши борасида нима дейилган?

20.06.2022   4302   2 min.
Динда саволим бор: Динимизда муслима аёлнинг ўзга дин вакилига турмушга чиқиши борасида нима дейилган?

— Ҳозирги кунда мўмина қизларимиз бошқа дин, бошқа миллат йигитлари (масалан, хитой, корейс, рус ва бошқа)га турмушга чиқиб кетаётганини кўп эшитяпмиз. Динимизда муслима аёлнинг ўзга дин вакилига турмушга чиқиши борасида нима дейилган? Аксинча, муслима бўлмаган қизларнинг мусулмон йигит билан оила қуриши масаласида-чи?

Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади. Бу ҳолга эришиш аввало, қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса ақийда бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов унинг диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Ислом ақийдасида бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман этилади.

Мусулмон эркак Ислом ақидасидан ўзга ақидадаги мушрика аёлга уйланиши мумкин эмас. Лекин у аёл ўз динини тарк этиб, Ислом динига кириб, мўмина бўлса, шундан кейин уйланса бўлади. Бу ҳукмдан яҳудий ва масиҳий динидаги аёллар мустасно. Улар ўз динларида турсалар ҳам, мусулмон эркак уларга уйланса бўлади.

Шунингдек, мўмина аёлларнинг мушрик эркакларга турмушга чиқишлари, уларга никоҳланишлари қатъиян ман қилинади: “Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг”.

Яъни мўминаларни уларнинг никоҳига берманг. Муслима-мўмина аёллар мусулмон динидаги эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб, мўмин бўлсагина, рухсат бўлади. Ҳатто, эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам, муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар”, деганлар. Худди аёлларга ўхшаб, эркаклар фазлининг ўлчови ҳам иймондир: “Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир”. Яъни эркак киши қул бўлса ҳам, мўмин бўлса, бас, бошқа иймонсиз эркаклардан яхшидир.

Эркак бўлсин, аёл бўлсин, иймонсизлиги, мушриклиги жуда ёмон, ким улар билан алоқада бўлса, хусусан, никоҳ каби муқаддас ва нозик алоқада бўлса, касофати уради. Урганда ҳам, энг ҳассос нуқтада – ақийда бобида уради ва инсон ўз турмуш ўртоғига эргашиб, динидан чиқиб кетиши хавфи бор. Шунинг учун оятда: “Анавилар ўт-оловга чақирарлар”, – дейилади. Анавилар (мушриклар) ўзлари билан бирга бўлганларни мушрикликка, бу дегани, дўзах ўтига чақирадилар. “Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар”. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг баён қилиб берган оятларига амал қилиб яшаш керак.

 

Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов

 

 

Бошқа мақолалар

Намоздаги суннат амаллар

15.09.2025   4551   4 min.
Намоздаги суннат амаллар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

  1. Такбири таҳримада қўл бармоқларини ўз ҳолида очиқ тутиб қулоққа текказиш (Аёллар такбири таҳрима айтишда қўлларини елка бараварида кўтарадилар).
     
  2. Иқтидо қилувчи такбири имом такбири билан олдинма-кетин бўлиши.
     
  3. Эркакларнинг ўнг кафтларини чап кафтлари устига қўйиб, иккисини киндик остида тутиб туришлари (Аёллар ўнг кафтларини чап кафтлари устига қўйиб, кўкраклари устида ушлаб турадилар).
     
  4. “Аллоҳу акбар” деб такбир айтгандан кейин санони махфий (ичида) ўқиш.
     
  5. Санодан кейин “Аъузу”, ҳар ракатда Фотиҳадан олдин “Бисмиллааҳ” айтиш (Тааввуз ҳам, басмала ҳам махфий – овоз чиқармай, пичирлаб айтилади).
     
  6. Фақат биринчи ракатда Фотиҳадан олдин “аъузу”ни айтиш.
     
  7. Фотиҳа сурасини ўқиб бўлгач, ичида “Омин” дейиш (Буни имом ҳам, муқтадий ҳам, ёлғиз намоз ўқувчи ҳам айтади).
     
  8. Имомнинг рукудан кейин “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, иқтидо қилганларнинг эса “Роббанаа лакал ҳамд”, дейиши (Намозни бир ўзи ўқиган киши иккаласини ҳам айтади).
     
  9. Бир рукндан бошқа рукнга ўтаётганда “Аллоҳу акбар”, деб такбир айтиш.
     
  10. Имом такбирларни овоз чиқариб айтиши. Иқтидо қилувчилар эшитиши учун такбирларни жаҳрий айтилади.
     
  11. Қиёмда икки оёқ орасини тўрт бармоқ кенглигида очиб туриш.
     
  12. Рукуда қўл бармоқларини очиб, икки тизза кўзини маҳкам ушлаш, бошни орқа билан бир текис қилиш, белини тўғри тутиш, камида уч марта “Субҳаана Роббиял аъзийм”, дейиш.
     
  13. Рукудан бош кўтаргач, аъзолар ҳаловат топгунча бироз туриш.
     
  14. Қиёмдан саждага боришда аввал тиззани, кейин кафтни, кейин бурунни, охирида пешонани қўйиш. Саждадан қиёмга туришда бунинг тескариси қилинади: аввал пешона, кейин бурун, кейин кафтлар, охирида тизза ердан кўтарилади.
     
  15. Саждада пешонани қўллар орасига олиш, бармоқларни жипслаб, бош бармоқни қулоғи тўғрисида ушлаш, камида уч марта “Субҳаана Роббиял аълаа” дейиш.
     
  16. Саждада эркаклар оёқлари, тиззалари, қўллари, пешонаси, бурни ерга тегиб туриши, билакларини ерга ҳам, қорнига ҳам текказмай тутиши (Аёллар саждада қоринларини сонларига, қўлларини ерга текказиб туришади).
     
  17. Икки сажда орасида ўтириш. Бунда икки кафт худди ташаҳҳуддагидек тиззалар устига қўйилади.
     
  18. Эркакларнинг чап оёқ устига ўтириши, ўнг оёғини тик қилиб, бармоқ учларини қиблага қаратиши (Аёллар эса икки оёғини ўнг томонга чиқариб, чап думбасига ўтиради).
     
  19. Ташаҳҳуддан сўнг салавот айтиш, кейин Қуръонда, ҳадисларда келган дуоларни ўқиш.
     
  20. Намоздан чиқаётганда аввал ўнг, кейин чап томонга салом бериш.
     
  21. Имомнинг ҳар икки томонга салом бераётганида жамоатни, ҳимоя қилувчи фаришталарни, солиҳ жинларни ният қилиши.
     
  22. Иқтидо қилган кишининг, имом ўнг томонда бўлса, ўнгга берган, чапда бўлса, чапга берган, олдида бўлса, ҳар икки томонга берган саломида имомни, жамоатдаги биродарларини, ҳимоя қилувчи фаришталарни, солиҳ жинларни ният қилиши.
     
  23. Ёлғиз намоз ўқиган киши салом бераётганда фақат фаришталарни ният қилиши.
     
  24. Жамоат саломини имом саломига эргаштириши.
     
  25. Тўрт ёки уч ракатли фарз намозларининг учинчи, тўртинчи ракатларида Фотиҳа сурасини қироат қилиш. Лекин нафл (жумладан, таъкидланган суннат) намозларининг учинчи, тўртинчи ракатларида Фотиҳа сураси билан зам сура ўқиш вожибдир.
     
  26. Фарз намозларини жамоат бўлиб ўқиш.

Даврон НУРМУҲАММАД