Бугун, 9 июнь куни Қоҳирада ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом билан учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансур Қиличев, Миср Араб Республикаси муфтийлиги вакиллари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Самимий мулоқот чоғида Шавқий Аллом ҳазратлари Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига нуфузли анжумандаги фаол иштироклари учун миннатдорчилик билдириб, у киши томонидан халқаро анжуманда билдирилган муҳим таклифлар таҳсинга лойиқ экани ва уларни амалиётга жорий этишда қўллаб-қувватлашини изҳор қилдилар.
Ўз навбатида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳам Миср муфтийси Шавқий Аллом ҳазратларига халқаро анжуманга таклиф этганлари ва унинг юқори даражада ташкил қилгани учун ташаккур айтдилар.

Сермазмун учрашув чоғида икки давлат муфтийлари Миср ва Ўзбекистон қадимдан Ислом дини марказлари бўлгани, бу диёрлардан етишиб чиққан алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий ва “Соҳиби Ҳидоя” Бурҳониддин Марғилоний каби мутафаккирларнинг бутун дунёда Исломнинг ёйилиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшганлари, бу қадим анъана бугунги кунда ҳам давом этаётганини таъкидладилар.

Хусусан, Ўзбекистон ва Миср давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида икки давлат диний идоралари бутун дунё Ислом олами мамлакатлари учун бугунги куннинг долзарб мавзуларига бағишланган мана шундай халқаро анжуманлар ўтказаётганларини қайд этдилар.
Учрашувда Мисрдаги Дорул Ифто ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутахассислар касб-маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларга алоҳида диққат қилинди.

Миср муфтийси ал-Азҳарда жуда кўплаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олиши яхши кўрсаткич эканини таъкидлаб, ушбу олийгоҳда тўрт мазҳаб таълимоти қаторида Ҳанафий мазҳаби пухта ўрганилишини алоҳида қайд этди.
Мазмунли суҳбат давомида Муфтийлар Ўзбекистон ва Миср мусулмонлари идоралари фаолияти, соҳадаги ўзгариш ва янгиликлар, фаолиятда қўлланаётган янги иш услублари ҳақида ҳам ўзаро фикр алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
24 январ куни Нукус шахридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний мадрасаси спорт залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ташаббуси билан имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида спортнинг волейбол, шашка, шахмат ва стол тенниси бўйича спорт мусобақалари ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари А.Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разовлар иштирок этди.
Ушбу мусобақада республикамизнинг барча туманларидан келган диний мутахассислар ғолиблик учун беллашди.
Мусобақа якунига кўра волейбол бўйича биринчи ўрин Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой ва Кегейли туманларидан тузилган (Жайхун жамоаси), иккинчи ўрин Нукус шаҳри (Турон жамоаси), учинчи ўрин Беруний ва Амударё туманларидан тузилган (Беруний жамоаси) ғолиб деб топилди.
Спортнинг шашка тури бўйича Идрисов Абдулазиз Элликқалъа тумани "Абдулла Норинжоний" жоме масжиди имом-хатиби, шахмат бўйича Эгамбердиев Улуғбек Хўжайли тумани "Пирим эшон" жоме масжиди имом ноиби ғолиб бўлди.
Стол тенниси бўйича Якупов Ахмет Нукус шаҳри "Аллоҳ берди Азиз" жоме масжиди имом-хатиби ғолиб деб топилди.
Мусобақа мухлислари қизиқарли беллашувларга гувоҳ бўлди. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти