«Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир! Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир» (Нисо сураси, 69–70-оятлар).
Аллоҳ айтади: “Ким Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этса ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашса, Аллоҳнинг инъомига эришган анбиёлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан жаннатда бирга бўладилар. Улар жаннатда ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдирлар!
Бу Аллоҳ таолодан бўлган буюк мукофот бўлиб, бандаларнинг қилган солиҳ амаллари учун улуғ инъомлар берилажагини билиб олишларига кифоя қилади.
Ояти каримада итоатни ва солиҳ амалларнинг натижаларини баён этиб, мўминларга башорат берилмоқда.
Айнан ўшалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган муқаддас динни тасдиқлайдилар. Тасдиқлари ҳам дилда, ҳам сўзда, ҳам амалда давомли бўлади.
Улар жаннатда Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларига эришган зотлар – анбиёлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ мўминлар билан қўшни бўладилар. Бу каби аҳли жаннатларнинг ҳамроҳлиги нақадар гўзалдир.
Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар мусулмон оламининг охиратда фазлу марҳамат учун танланган азизлари бўладилар.
Имом Қуртубий “Ал-Жомеъ ли-аҳкамил Қуръон” китобида қуйидаги ривоятни келтиради. Калбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озод қилган қуллари Савбон ҳақида нозил бўлган. У киши Набий алайҳиссаломни жуда яхши кўрарди. У зот кўринмай қолсалар, хавотирга тушиб, бунга тоқат қилолмасди. Бир куни у киши ранги ўзгариб, ҳолсизланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келдилар. Юзида маҳзунлик билиниб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Савбон! Нима сабабдан рангинг ўзгариб, хафа бўлдинг?” дедилар. У: “Ё Расулуллоҳ! Менга бирор зарар ҳам, касаллик ҳам, мусибат ҳам етгани йўқ. Лекин мен сизни кўрмасам, ўзимни жуда ёлғиз ҳис қиламан. То сизни топмагунимча, сизга интилавераман. Охиратни эслаб, қиёматда сизни кўрмай қолишдан қўрқяпман. Чунки биламан, сиз анбиёлар билан юқори мартабада бўласиз. Мен эса, агар жаннатга кира олсам ҳам, манзилим сизнинг манзилингиздан пастда бўлади. Агар жаннатга киролмасам, унда сизни ҳеч қачон кўролмаслигим аниқ”, деди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди».
Воҳидийнинг “Асбобун нузул” китобида келтирилади. Ойша розийаллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Сиз менга ўзимдан ҳам, аҳлимдан ҳам, болаларимдан ҳам севимлироқсиз. Мен уйда ўтириб сизни эслаб қоламан-да, олдингизга келиб, сизни кўрмагунимча, сабр қилолмай қоламан.
Охиратни эсласам, биламанки, сиз жаннатда анбиёлар билан бирга юқори мартабада бўласиз. Мен эса жаннатга кирсам ҳам, сизни кўролмай қолишдан қўрқаман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб қайтармасларидан бурун мазкур оят нозил бўлди».
Ойша розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим. У зот алайҳиссалом: “Бирор-бир набий касал бўлса, унга дунё ёки охират ихтиёри берилади”, дедилар». Ойша розийаллоҳу анҳо сўзларини давом эттириб: «У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётган вақтларида нафас олишлари қийинлашди. Шу пайтда у зотнинг: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар” деяётганларини эшитдим. Ихтиёр берилганини билдим», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло итоат қилувчи киши шундай улуғ зотлар билан бирга бўлишининг хабарини бериб, уларнинг улуғликларини тушунтириш билан бир қаторда, мақомларини зиёда қилиб: “Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир”, деди. Сўнг уни адо қиладиган нарсага қизиқтириб, уларга берган неъматларининг буюклигига ишора қилди: “Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир”. Бу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ фазли – зоҳирий ва ботиний илми ҳақида хабар бермоқда.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Наманган вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журнали 2022 йил 1-сон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ кимнидир Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозлабдими, албатта, унинг кўзига дунёни хунук қилиб қўяди.
Ҳадисда марҳамат этилибди: “Бирор бир қавм йўқки ораларига дунё аралашиб қолгудай бўлсаю Аллоҳ таоло шу сабаб ўрталарига буғзу адоват солмаган бўлса”.
Бутун дунё бойликлари Ҳақ субҳанаҳу ва таоло наздида пашшанинг қанотича қийматга эга эмас. Буни тушунган киши бирор бир Аллоҳни таниган солиҳ одамни дунёни тарк этганлиги сабабли мақтаб юрмайди. Чунки барча зоҳидлар ҳиссасига ўша “қанотча” бўлган дунёнинг бир кўзга кўринмас қисмидангина воз кечиш мажбурияти тушган холос. Шундай арзимас, қимматсиз нарсадан воз кечганни мақташ, аслида ўша воз кечилган нарсанинг, яъни дунёнинг баҳосини оширган, қадрини улуғлаган бўлади. Ҳақнинг хизматида бўлган содиқ ва хос ходимлар гўё бундай дейдиларки, “Биз бирор бир дунё аҳлини то ўша ўзига етган пашша қаноти бўлагини ташлаб, оёқости қилмагунича Ҳақ таоло даргоҳига йўлатмаймиз!”. Лекин дунёни севувчиларнинг ҳеч бири бунга журъат этолмайди.
Имом Шаъроний қуддиса сирруҳу дейдилар: “Биздан бу дунёнинг арзимас ва вафосиз эканлигини кўра олишлигимизни ва ундан кечиб абадий ҳаёт ободлиги учун интилишлигимиз лозимлиги ҳақида ваъдамизни олишган. Эй, менинг қадрдон дўстим, севимли оғам, оладиган ва чиқарадиган нафасларимиз ҳаммаси ҳисобли, уни энди ошишини ва камайишини ҳеч иложи йуқдир. Бу дунё абадий ҳаётнинг экинзоридир. Ким экиш вақти ялқовлик қилса, ўрим (хирмон) вақти қайғуда қолади. Аллоҳ таоло марҳамат этадики: “Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ” (Нажм сураси, 39-оят).
Шунингдек, ризқу насиба ҳақида ҳам Аллоҳ бундай дейди: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир”. (Ҳуд сураси, 6-оят).
Аллоҳнинг биз учун кафил ва вакил бўлган нарсаларини қўлга киритишда ошиқча саъйу ҳаракат қилишимиз, аксинча буюрган нарсаларини талаб қилиш ва бажаришда ялқовлик ва бепарволик қилишимиз, айни нодонлик ва бемаъниликдир. Сенга шу нарса аниқ маълум бўлсинки, нафсоний хоҳиш ва дунё ишлари ҳақида ташвиш чеккан одам бамисоли бир илон тарбият қилувчидирки оқибат унинг заҳридан ўзи ҳалок бўлади. Ўткинчи дунё ҳаётига муккасидан кетиб, охиратини эсидан чиқарган банда гўё бир анқиган ўлаксага ташланган ит кабидир!
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси