Замон глобаллашгани сари унинг фойдалари билан бирга зарарлари ҳам тобора намоён бўлмоқда. Шулардан бири кийиниш масаласидир. Ёшларимиз тақлидга ўч бўлгани боис интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кўрган модалари ортидан эргашишга ҳаракат қиляптилар.
Натижани эса кўриб турибмиз: йигитлар калтаиштон кийишиб, бурни ва қулоқларини тештириб олмоқда. Қизлардан эса ҳаё пардаси кўтарилган. Энг ёмони, булар оддий ҳол сифатида қабул қилинмоқда.
Муқаддас динимизда ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби, кийинишнинг ҳам гўзал тартиб-қоидалари бор. Кийим – инсон зийнати. У киши маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг ёрқин кўзгусидир. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!” (Аъроф сураси, 26-оят).
Бугунги глобаллашув даври либосларга ҳам маълум маънода ўз таъсирини ўтказаётгани ачинарлидир. Ғарбдан кириб келаётган ажнабий суратлар ва турли ёзувлар акс этган кийимларни кўриб, ёқа ушлайсан киши. Айниқса, айрим ўсмир йигитлар устидаги либослар ҳар қандай инсонни таажжубга солиши шубҳасиз.
Абу Ҳомид Ғаззолий «Қалб ажойиботлари» номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.
Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий». Муҳаммад ибн Сирийн: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган. Умар ибн Хаттоб: «Кийимнинг дағал ва эскирганини кийинглар», деганлар. Бу зот масжид минбарида хутба ўқиётганларида, устиларида еттита ямоқ солинган кўйлак бор эди.
Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.
Америка тери касалликлари мутахассислари ўтказган тадқиқотлар натижасида ғарблик аёллар ёш бўла туриб ҳусн ва жозибаларини тез йўқотаётганлари, барвақт ажин тушаётгани ва унинг тез кўпайиб кетаётгани, аксинча, муслима аёлларнинг етмиш-саксон ёшда ҳам юзлари чиройли, ажинсиз ва нурли экани, уларда ғарб аёлларида кўп учрайдиган тери саратони (раки) хасталиги деярли кузатилмаётгани аён бўлди.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам мусулмон инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.
Бугун айрим кишилар ҳатто давраларга ҳам пала-партиш, кир-чир кийимларда келиб қолади. Кийим кир бўлса, ювади, йиртилса, тикади, бужмайса, дазмоллайди, тугмаси узилса, қадайди ва ҳоказо.
Саҳл ибн Ҳанзалиядан ривоят қилинади: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. Бас, либосингизни тузатинг, эгар-юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг», дедилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Тобароний ва Ҳоким ривояти).
Хуллас, ёшларимизга айтар сўзимиз шуки, ғарбга тақлид қилишимиз билан ҳеч нарсани йўқотмаймиз, деб ўйлашингиз мумкин. Бу жуда катта хато. Чунки ўзлигидан мосува инсоннинг йўқотадиган бошқа нарсаси йўқ.
Тавфиқ Аллоҳдан!
Мансур ЎРОЛОВ,
Сергели туманидаги “Нўғайқўғон” жоме масжиди имом ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло ғайб нарсаларни билишига яна бир ақлий далил келтирган. Келажакда бўладиган ишлар ҳақида билишини ҳаммага ошкор қилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿الم غُلِبَتِ الرُّومُ فِي أَدْنَى الْأَرْضِ وَهُمْ مِنْ بَعْدِ غَلَبِهِمْ سَيَغْلِبُونَ فِي بِضْعِ سِنِينَ لِلَّهِ الْأَمْرُ مِنْ قَبْلُ وَمِنْ بَعْدُ وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ﴾
“Алиф. Лаам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Ернинг энг қуйи қисмида. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар” (Рум сураси, 1-4 – оятлар).
Ушбу тарихий фактларни ҳатто динсизлар ҳам инкор эта олмайдилар. Ўша пайтда ер юзидаги энг қудратли икки давлат – Форс ва Рум ўртасида уруш бўлиб ўтган. Уруш эса Румнинг мағлубияти билан тугаган. Бундан Макка мушриклари хурсанд бўлишган. Чунки форслар оловга сиғинувчи халқ бўлган.
Румликлар эса насроний, яъни аҳли китоб эдилар. Бу мағлубиятдан мусулмонлар маҳзун бўлганлар. Айни ўш пайтда ушбу ояти карима нозил бўлиб, Румнинг бир неча йил (ўн йил ўтмасдан) ғолиб бўлишлари ҳақидаги илоҳий хушхабар келган.
Мусулмонлар ва мушриклар гаров боғлашган. Гаров муддатини эса етти йил қилиб белгилашган. Етти йил ўтгач кутилган ҳодиса юз бермаган. Мусулмонлар маҳзун бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларга келишганда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саноқли йил деганда неча йилни тушунасизлар?” деб сўраганлар. Улар: “Узоғи ўн йилни” деб жавоб берганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: “Гаров муддатини яна икки йилга узайтиринглар”, деб топшириқ берганлар. Икки йил ўтмасдан Рум давлати форслар устидан ғалаба қозонган. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни гаров боғлашдан қайтарганлар.
Энди ўйлаб кўрайлик. Бундай хабарни инсониятга ким билдириши мумкин? Ахир румликлар биринчи жангда мағлуб бўлган эдилар. Ҳеч ким Румнинг энди ғалаба қилиши у ёқда турсин, ўзини ўнглаб олишини ҳам хаёлига келтирмаган. Шунча йилдан кейин юз берадиган урушнинг натижасини ким бунчалик аниқ айтиб бера олади. Ҳатто уруш бошланган тақдирда ҳам ҳеч ким бу уруш нима билан тугашини аниқ ишонч билан айта олмайди. Ғалаба қилишга ҳар икки томонда ҳам ишончи комил бўлгани учун урушишга қарор қилинади. Кўзи етмаган урушга ҳеч қайси давлат таваккал қилиб киришмайди. Мағлубиятини олдиндан билган тараф урушга кирмайди. Демак, натижани аниқ қилиб айтиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.
Бу мисолда ҳам Аллоҳ таоло барча нарсани билишини бизга кўрсатмоқда. Бизга иккита катта давлат ўртасидаги урушнинг натижасини айтмоқда. Ким ғолиб, ким мағлуб бўлишини аниқ қилиб айтмоқда. Бу уруш ростан ҳам содир бўлди ва Аллоҳ айтганидек ўн йиллар ичида Рум давлати форсларнинг устидан ғалабага эришди.
Агар акси бўлиб бу оят Қуръони каримда бир оятлигича қолаверганида нима бўлар эди? Аллоҳга иймон келтирмайдиганлар мусулмонларнинг устидан кулган бўлардилар. Лекин ростлиги исботланганда оғизларига мум тишлайдилар. Аллоҳ таоло Ўзининг бутун дунёга ҳақиқий ҳукмрон эканини исботлаб қўйди. Ҳар бир нарсани олдиндан аниқ билишини кўрсатди. Барча нарса Унинг измида эканини аён қилди. Шу ерга келганда Аллоҳнинг қуйидаги оятини янада теранроқ англаймиз:
﴿إِنَّمَا أَمْرُهُ إِذَا أَرَادَ شَيْئًا أَنْ يَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ﴾
“Бир нарсани ирода қилганида Унинг иши “Бўл” демоқликдир. Бас у бўлади” (Ёсин сураси, 82-оят).
Бу гапларни бутун борлиқнинг ягона яратувчиси бўлган Аллоҳ айтмоқда. Ақлимиз бу нарсага қаноат қилар экан, юқорида айтиб ўтганимиз яна бир оятни эслаб оламиз: “Аллоҳнинг амри келиб бўлди. Унга шошилманглар”.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан