Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Ноябр, 2025   |   21 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:07
Пешин
12:12
Аср
15:25
Шом
17:10
Хуфтон
18:25
Bismillah
12 Ноябр, 2025, 21 Жумадул аввал, 1447

Ҳаж сафари атрофидаги гап-сўзларга муносабат

05.06.2022   6216   5 min.
Ҳаж сафари атрофидаги гап-сўзларга муносабат

Азиз юртдошлар! Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, мана, 2 йилдан бери интиқлик билан кутганимиз ҳаж сафарига ҳам йўллар очилди. 2022 йилги мавсумда ўзбекистонлик зиёратчилар учун квоталар миқдори 7200 кишидан 10 минг 865 нафарга оширилди. Бу, шубҳасиз, миллионлаб инсонларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди. Кексалар тилида дуо: етказганига шукр, кимлар етди кимлар етмади, Аллоҳ қодир қилсин, ҳаммани Ўзининг байтига етказсин...

Таассуфки, юртимиз бўйлаб ана шундай хурсандчилик шукуҳи кезиб юрган бир маҳалда айрим интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари интернет тармоқларидаги тўлиқ асосга эга бўлмаган маълумотларни тарқатиб, одамларда норозилик кайфиятини уйғотишга ҳаракат қилаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Ушбу мақолада юртдошларимиз ижтимоий тармоқлардаги турли асоссиз ва таги йўқ маълумотларга чалғиб қолмасликлари учун қуйидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

 

Биринчидан, “Ҳаж-2022” мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгилангани ва ушбу тўловга нималар кириши ҳақида тўхталиб ўтсак.

Аввало, Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинганини, шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошганини айтиб ўтиш лозим.

Қолаверса, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган.  Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.

Ўрганишлар натижасида айрим давлатларда ҳаж сафари учун “Иқтисодий”, “Люкс” ва “VIP” пакетларда хизмат кўрсатилмоқда.

Энг эътиборли жиҳати – Ўзбекистон томони Саудия билан олиб борилган узоқ музокаралар натижасида зиёратчиларимиз учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришди ва тўлов учун ўрта нархни белгилади.

Эслатиб ўтамиз, айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг АҚШ долларигача этиб белгиланган.

 Иккинчидан, юртдошларимиз жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар. Аслида, мазкур меҳмонхоналар люкс даражасида хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналар сирасига киради. Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида яшайдилар.

Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимли экани, муқаддас қадамжоларга яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси барча ҳожиларимизни бир вақтда жойлаштириш имкониятига эга.

Учинчидан, юртимиз зиёратчиларининг сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14-17-20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам, табиий равишда, нархларга ўз таъсирини кўрсатади.

Тўртинчидан, яна бир муҳим жиҳат – жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукуматининг қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг “Ҳаж электрон портали” орқали белгиланган тартибда амалга оширилди. Ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилади.

Бешинчидан, жорий мавсумда машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Шундай бўлсада, иқтисодий пакет олинди ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилди.

Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмаса-да, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқатлар тортиқ этилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Олтинчидан, ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагиар киради:

  • Ҳаж визаси;
  • Авиабилет;
  • Шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
  • Мадина шаҳрида “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхонаси;
  • Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
  • Макка шаҳрида “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси;
  • Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
  • 24 соат тиббий хизмат;
  • Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
  • 24 соат транспорт хизмати;
  • 3 маҳал исиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
  • Ҳаж қўлланмаси;
  • Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
  • «Замзам» суви (5 литр);
  • Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
  • Мадинаи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс;
  • Қурбонлик.

Юқоридагилардан ҳам англаган бўлсангиз, бу йил зиёратчиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча куч ва имконият сафарбар этилган.

Мақсад аниқ – юртдошларимизнинг ҳаж амалларини ишончли ва хавфсиз ташкил этиш ҳамда ибодатлари мукаммал бўлишини таъминлаш!

 

Азиз юртдошлар!

Ушбу муборак сафарни ташкил этиш ишлари мўмин-мусулмон юртдошларимизни рози қилиш тамойили асосида олиб борилаётганини эслатиб ўтамиз ҳамда вазиятни тўлиқ ва  пухта ўрганмасдан тарқатилаётган бир ёқлама маълумотларга алданиб қолмаслигингизни сўраб қоламиз.

Сўзимиз якунида, икки йиллик танаффусдан сўнг, ҳаж сафарига йўл очилгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, зиёратчиларимизнинг ҳажлари мабрур, гуноҳлари мағфур, саъйлари машкур бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ўзингга ишон | Чумчуқнинг мотивацион ҳикояси

11.11.2025   1101   4 min.
Ўзингга ишон | Чумчуқнинг мотивацион ҳикояси

Баъзан инсон мақсадлари сари қанчалик ҳаракат қилмасин, нафси барибир унинг қулоғига: “Сен кучсизсан, қанчалик уринмагин, барибир мақсадингга ета олмайсан” деб пичирлаётгандек бўлади гўё.
Келинг, сизни кичик чумчуқ мисолида бир ўрмонга олиб кетай. Бу сокин ўрмон ичида яшаган кичкина чумчуқнинг ҳикояси. Бир гала қушлар шамолга миниб, қанотларини ёйиб учиб кетишди. Аммо бир чумчуқ уясида қимир этмай ўтирар, кўзлари соғинчга тўла, фақат бир нарсани, улар каби учишни орзу қилар эди.

Ҳар куни эрталаб қуёш нури шохлар орасидан кўтарилиб чиқаркан, у ўзига-ўзи пичирларди: “Балки бугун мен уддаларман, балки бугун учарман”. Аммо у митти қанотларини ёйиб, сакраб инидан чиқар, бироқ қўрқув уни яна ортга қайтарарди. Унинг танаси титраб кетарди ва яна эрга йиқиларди. Бошқа қушлар унинг устидан кулиб: “Сени қара, сен ҳеч қачон уча олмайсан. Чунки жуда заифсан” деб мазаҳ қилишарди.
Уларнинг овози ўрмон бўйлаб митти қушунинг юрагига урилган ўқлардек акс-садо берарди. Чумчуқ уялганидан бошини пастга туширар, кўкраги титрар, кўзлари кўз ёшларидае ялтираб турарди. У жавоб бермоқчи бўларди, лекин ҳеч қандай сўз тилига келмасди.
Ўша кеча у бепоён осмон остида юлдузларга тикилиб ўтирди. Кўз ёшлари юзларини юварди. Ўзига-ўзи пичирлаб: “Балки мен кичкинаман, кучсиздирман, лекин орзуларим, орзуларим қўрқувларимдан кучлироқдир”, деди.

Эртаси куни эрталаб у ҳаётини ўзгартирадиган танлов қилди. "Мен яна уриниб кўраман. Йиқилиб қолсам ҳам ортга чекинмайман". Қалтираётган қанотларини қоқиб, учмоқчи бўлди... Аммо у яна йиқилди. Уни масхара қилувчиларнинг овози ҳар қачонгидан ҳам кучайди.
Ўша оқшом унинг ёнига доно қари бойўғли учиб келиб: “Йиқилиш муваффақиятсизликка учраганни англатмайди, учиш учун қанот кифоя эмас, жасорат керак. Сенда эса шундай журъат бор”, деди.
Жажжи чумчуқ биринчи марта кўз ёшлари ортидан табассум қилди. “Эртага яна уриниб кўраман”, деди ўзига ишонч билан.

Эртаси куни эрталаб мазаҳ қилувчилар ҳам, томошабин ва далда беручилар ҳам йўқ эди, фақат кичкина чумчуқ ва унинг орзуси бор эди. У қанотларини ёйиб, учмоқчи бўлди. Аммо бу сафар у дарҳол йиқилиб тушмади. Бир неча сония давомида у ҳавода турди, қанотлари титрар, лекин барқарор эди. Ерга тушганида, юраги қувончдан ёрилиб кетай деди.

Бир лаҳзага бўлса ҳам учдим. Мен ҳақиқатан ҳам учдим. Кунлар ўтди ва ўрмон бўйлаб бўронлар тарқалди. Шамол гумбурлади, осмон қоронғилашди ва бошқа барча қушлар уяларига яшириндилар. Аммо кичкина чумчуқ қанотларини ёйиб, шиддатли шамолга отилди. Шамол уни ортга учириб юборар, ҳатто патларини йиртиб ташларди. Аммо у ҳар йиқилганида, аввалгидан ҳам кучлироқ кўтарилди. Бўрон тўхтаганда, у ҳар қачонгидан ҳам баландроққа кўтарилди, ҳаттоки булутларга тегди. Бир пайтлар уни масхара қилган қушлар энди жим, ҳайратланиб томоша қилиб туришарди. Чумчуқ кўкларга кўтариларкан бойўғлининг сўзларини эслади: “Ўзингга ишонсанггина, шунда уча оласан”.

Йиллар ўтиб, яна бир ёш чумчуқ учишдан қўрқиб, дарахтнинг шохида қўрқиб ўтирарди. Шунда кучли ва қўрқмас чумчуқ: “Қўрқувни ҳамма ҳис қилади. Лекин фақат ўзига ишонганларнинг боши осмонга тегади”, деди.
Ҳаёт қоқилмаслик ёки йиқилмасликдан иборат эмас. Ҳар йиқилганингизда кўтарилмоқчи бўлсангиз одамлар устингиздан кулиб, сизни ортга чекинишизга сабабчи бўлишади. Аммо уларнинг овози сизни мақсадингиз сари қадам ташлашидан тўхтатмасин. Шундай экан, ўзингизга ишонинг. Бутун дунё сизга қарши бўлса ҳам, қўрқув, иккиланишга енгилманг!

Унутманг! Сизнинг орзуларингиз – қанотларга муҳтож эмас. Уларга жасорат, ишонч ва қатъият керак.

Даврон НУРМУҲАММАД