Бугун, 28 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари пойтахтдаги 100-мактаб интернатига ташриф буюриб, таълим-тарбия олаётган болажонлар ҳолидан хабар олиб, ширин сўз ва ҳадялар ила уларнинг кўнглини шод қилдилар. Ташриф муносабати билан мактаб интернатида ўқувчи ёшлар, ўқитувчилар ҳамда мутасаддилар иштирокида эҳсон дастурхони атрофида самимий учрашув ташкил этилди.
Мана шундай кўнгли синиқ болаларга ғамхўрлик қилиш, уларга меҳр-муҳаббат кўрсатиш ҳар бир кишининг инсоний бурчи. Жорий йилда Президентимиз Тошкент шаҳридаги 102-заиф эшитувчи болалар мактаб-интернатидаги болалар қалбига мамнунлик улашиш билан бирга юртимиздаги шундай муассасалар шароитларини яхшилаш бўйича видеоселектор йиғилиши ҳам ўтказган эдилар.
Бугунги хайрия тадбири ана шундай бошланган савобли ишларнинг узвий давоми бўлди. Учрашув аввалида мактаб интернат директори Тоҳир Матёқубов ушбу ташрифдан барча, айниқса, ўқувчи-ёшлар жуда ҳам қувонганларини изҳор қилди.
Муфтий ҳазратлари Расул алайҳиссаломнинг кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатишга интилганлари, ҳатто бундайларнинг дуолари мустажоб экани тўғрисидаги таъсирли ривоятлар орқали ушбу даргоҳдаги инсонларга чиройли суҳбат қилиб бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари болалар билан кўришиш, дилдан суҳбат қуриш учун атайин келганларини айтиб, Давлатимиз раҳбари томонларидан амалга оширилаётган ишлар ва болалар билим олиши учун яратилаётган шарт-шароитлар савобли амаллар эканини баён этдилар. Ҳар бир инсон шундай болалар ўзини намоён қилиши учун шароитлар ҳозирлашга ўз ҳиссасини қўшиш кераклиги, улар ўқишда, ишда, ижодда, ижтимоий фаолиятда ўзини топа олиши муҳим эканига урғу қаратдилар.
Мазкур тадбир асносида болажонлар учун эҳсон дастурхони ёзилди, мактаб интернатга 20 та стол-стул жамланмаси ҳамда замонавий СмартТВ ҳадя қилинди. Якунда Муфтий ҳазратлари ушбу болалар келажаги учун ва бу даргоҳда меҳнат қилаётган устоз ва мураббийлар ҳақига хайрли дуолар қилдилар.
Маълумот учун, ушбу мактаб интернат 1966 йил ташкил этилган. Айни пайтда юртимизда бундай мактаб интернет 3 та жойда – Қўқон, Ангрен ва Тошкент шаҳарларида фаолият юритади. Ушбу Республик ихтисослашган мактаб интернетида таянч ҳаракатларида нуқсони бўлган болалар таълим-тарбия олишади. Айни пайтда жами 330 нафар ўқувчи таълим олади.
Аллоҳга шукрки, ўлкамизда фарзандларимиз ана шундай меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида вояга етмоқда. Яқинлашаётган “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” арафасида мана шундай хайрли тадбирни ўтказилиши байрамга ҳам муносиб туҳфа бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида устун бўлиб турувчи хурмо дарахтининг ёғочлари бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ёғочлардан бирининг ёнида туриб хутба қилардилар. Баъзан узоқ муддат тик туриб қолардилар. Шунинг учун устида ўтириладиган бирор нарса ясаб бермоқчи бўлиб, бир ансорий аёл: “Ё Расулуллоҳ! Менинг дурадгор қулим бор Сизга минбар ясаб берайликми?” деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майлин, агар (шуни) хоҳласанг” дедилар. Минбар ясаб бердилар.
Келаси жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқмоқчи бўлдилар, шунда хурмо дарахти худди ёш бола каби баланд овозда йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги ёғочни силаб юпатдилар. Шундан кейин тинчланди.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ қачон шу ҳадисни айтиб берсалар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнидан кетганларига бир ёғоч йиғлади-я, биз йиғламаслигимиз мумкинми?” деб, йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу минбарлари ҳижратнинг сакккизинчи йили ясалган.
Минбарнинг учта поғонаси бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбада оёқларини иккинчи поғонага қўйиб минбарнинг устида ўтирганлар.
Кейинчалик Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу хутбада ўтирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб юзасидан иккинчи поғонага ўтириб оёқларини энг пастки поғонага қўйганлар.
Умар розияллоҳу анҳу ҳам хутбада ўтирганларида биринчи поғонага ўтириб, оёқларини ерга қўйиб турганлар. Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам шу ҳолат давом этган.
Кейинчалик Муовия розияллоҳу анҳу минбарга поғоналар қўшдирган ва уларнинг сони тўққизтага етган.
Ҳижрий 654 йилда содир бўлган масжид ёнғинида минбар ҳам куйиб кетди.
Ҳижрий 658 йилда Яман подшоҳи Малик Музаффар томонидан ясаттирилган минбар ўрнатилган. Аммо кейинчалик яна бир неча марта бошқа-бошқа минбарлар қўйилган.
Ҳижрий 998 йилда Султон Мурод III Усмоний томонидан юборилган минбар Масжиди Набавийга қўйилган охирги минбар саналади. Минбар мармардан ясалган бўлиб, гўзал нақшлар билан безатилган, тепасида тўртта устунли қуббаси ҳам бор.
Минбарнинг эшиги ҳам бўлиб, эшигидан ташқарисида учта, ичкарисида тўққизта поғонаси бор. Ҳозирда ушбу минбар Масжиди Набавийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари ўрнида турибди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйим билан минбаримнинг орасида жаннат боғларидан бири бор. Минбарим эса ҳовузимнинг устидадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга жаннат боғларидан бир боғ бўлган муборак Равзада такрор-такрор ибодат қилиш бахтига муваффақ қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД