Хабар берганимиздек, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилаётган “Оммавий ахборот воситаларида диний масалаларни ёритиш” мавзусида минтақавий форумда Тожикистон ва Ўзбекистон диний соҳа ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Халқаро форум Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, урф-одатлар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси ҳамда “Интерньюс нетворк” ахборот агентлиги филиали билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуман давомида Ўзбекистон мусулмонлари ҳузуридаги Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломиддин домла Холбоев сўзга чиқиб, “ Исломда бағрикенглик ” мавзусида маъруза қилди. У ўз нутқида одамлари ўзаро иттифоқ, аҳл-иноқ юртда тараққиёт бўлиши ҳақида сўз юритиб, динимизда бошқа дин вакилларига муносабат ҳақида Қуръон ва суннатдан далил, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳаётларидаги ибратли воқеа-ҳодисалардан мисоллар орқали мавзуни кенг ёритиб берди.
Шунингдек, форумда мутахассислар томонидан мавзу доирасидаги бир қанча маърузалар тингланиб, ушбу фикр-мулоҳазалар бўйича баҳс-мунозалар бўлиб ўтди.
Икки кун давомида анжуманда ўндан ортиқ Ўзбекистон журналистика соҳаси вакилларининг диний бағрикенгликнинг ОАВ ёрилитиши бўйича чиқишлар қилинди.
Хусусан, кеча ушбу анжуманда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров “Ўзбекистонда диний бағрикенглик” тўғрисида маъруза қилиб, кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний жабҳада улкан ўзгаришлар бўлаётгани ва бу ўз навбатида, барча диний конфессияларига тенг имкониятлар яратилаётганини ҳақида маъруза қилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Кўп ҳолларда Қуръони карим тиловатидан кейинги дуоларни савобини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаймиз, деб бошлаймиз. Айримлар бунинг ҳожати йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматнинг устозлари бўлгани учун, умматларининг амалларидан савоблар шундоқ ҳам етиб туради, дейишади. Бошқалар Расулуллоҳ алайҳиссалом маъсум, барча хато ва гуноҳлардан пок, у зот бизнинг дуоларимизга, савоб бағишлашимизга эҳтиёжлари йўқ, дейишади. Аслида турли савобли амаллар бажариб, савобини Расулуллоҳга бағишлаш мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Солиҳ амаллар қилиб, уларнинг савобини фақат гуноҳи бор одамга бағишланади, деган тушунчанинг ўзи хатодир. Чунки бағишланган савоб инсон гуноҳларининг кечирилиши билан бирга охиратдаги мақоми ҳам ошишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга савоб бағишлаш масаласида уламоларимиз бу амал жоиз ва бағишловчининг ўзига улкан манфаат бўлади, дейишган.
Тўғри, у зот алайҳиссалом бизнинг дуо ёки савоблар бағишлашимизга муҳтож эмаслар, аммо у зотга яқин бўлиш, шафоатларига ноил бўлиш учун шу амалларга биз муҳтожмиз.
Қолаверса, савоб бағишлаш ҳадя бериш ҳисобланади. Тақдим қилинган ҳадядан олувчи хурсанд бўлганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам покиза руҳларига бағишланган савоблардан шубҳасиз, мамнун бўладилар. У зоти бобаракот алайҳиссалом Аллоҳ таолога энг муқарраб пайғамбар, дуолари бешак ижобат бўладиган зот бўлишларига қарамай ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу умрага кетаётган вақтда унга: “Эй Биродар, дуоларингизда бизни унутманг”, деб дуо сўраганлар.
Ҳолбуки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бирор кишининг дуоларига муҳтож эмас эдилар.
Масалан, кимдир бировдан яхшилик кўрса, миннатдорчилик сифатида унинг ҳақига дуо қилади, гўзал тилаклар айтади. Сарвари оламнинг нафақат биз умматларга, балки бутун инсониятга қилган яхшиликлари беҳисобдир.
Демак, биз у зот алайҳиссалом ҳақларига миннатдорчилик маъносида ҳам дуолар қилиб, салавотлар айтамиз.
Умматнинг илк муаллимларидан ҳамда фақиҳ саҳобийлардан бири Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у зотнинг номларидан умра қилганлар.
Ибн Муваффақ раҳимаҳуллоҳ эса у зот номларидан етмишта ҳаж қилганлар. Абу Бакр ибн Саррож деган аллома у зот алайҳиссалом учун ўн мингдан ортиқ хатми Қуръон ва шунча ададда қурбонлик қилганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.