Бугун, 26 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов бошчилигидаги делегация Россия мусулмонлари марказий диний бошқармаси таклифига биноан Россия Федерациясининг Бошқирдистон ва Татаристон республикаларига хизмат сафари билан жўнаб кетди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Россия мусулмонлари марказий диний бошқармаси раиси Талгат Сафа Тажуддинов билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, радикализм, диний экстремизм ва терроризмни олдини олиш, аҳолининг турли оқимларга қарши фикрини шакллантириш ва бу борадаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича учрашув ўтказиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, сафар давомида Иброҳим домла Иномов, Тошкент вилояти бош имом хатиби, устоз Жасурбек домла Раупов ҳамда бошқа делегация аъзолари Бошқирдистонда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз билан учрашиб маърифий суҳбатлар ўтказиши ва жума намозларида иштирок этиши кутилмоқда.
Аллоҳ таоло устозларимизнинг сафарларини хайрли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.