Айни кунда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида “Оммавий ахборот воситаларида диний масалаларни ёритиш” мавзусида минтақавий форум бўлиб ўтмоқда. Унда Тожикистон ва Ўзбекистон диний соҳа ва ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.
Халқаро форум Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, урф-одатлар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси ҳамда “Интерньюс нетворк” ахборот агентлиги филиали билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Тожикистондаги “Интерньюс нетворк” ахборот агентлиги раҳбари Руҳшона Нажмиддинова ва Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, урф-одатлар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси раиси ўринбосари Абдураҳмон Ваҳҳобзода қатнашиб, мазкур форумнинг бугунги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, анжуман давомида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров сўзга чиқиб, “Ўзбекистонда диний бағрикенглик” тўғрисида маъруза қилди. У ўз нутқида кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний жабҳада улкан ўзгаришлар бўлаётгани ва бу ўз навбатида, барча диний конфессияларига тенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлади.
Форум давомида мутахассислар томонидан мавзу доирасида бир қанча маърузалар қилиниб, уларнинг фикр-мулоҳазалари бўйича баҳс-мунозалар бўлиб ўтди.
Икки кунлик анжуман доирасида ўндан ортиқ Ўзбекистон журналистика соҳаси вакилларининг диний бағрикенгликнинг ОАВ ёрилитиши бўйича чиқишлар қилиши кутилмоқда.




Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Улардан ҳам, биздан ҳам рози бўл, ё оламлар Робби.
Шак-шубҳасиз, коинот, жамодот, наботот ва ҳайвонот бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг айримлари жонсиз, қолганлари жонли. Баъзилари вазнга эга, ҳажми бор ва ҳ.к.
Аммо инсоният бошқа жонзотлар фарқли ўлароқ фикр юритади, тафаккур қилади. Агар инсон илм изламаса, Робби уни қўйган даражадан пастга тушади, бу эса унинг мавқеига мос келмайди. Натижада, у ўлик саналади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).
“Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар” (Мунофиқун сураси, 4-оят).
“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жума сураси, 5-оят).
Инсон мавжудлигининг сирини, ҳаётдан мақсадни ва ҳақиқатни излаши, ўлим нима, ўлимдан кейин нима бўлиши ҳақида фикр юритиши лозим.
Ҳар бир ақлли одам ҳам доно эмас. Ўткинчи дунё ҳаётининг майда-чуйдаларига берилиб кетмаган, ўзини Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган, кенглиги осмонлару ерча бўлган Жаннат учун ҳаракат қилган инсон – доно саналади. Бунга фақат илм излаш орқали эришиш мумкин.
Демак, агар ким дунёни истаса, илм изласин. Охиратни истаса, илм изласин. Агар ҳар иккисини ҳам хоҳласа, илм изласин. Аллоҳ буюкдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД