— Халқ орасида: “Ўргимчак (шу жумладан чаён) тушган сувни агар у сув тўла идишга тушган бўлса, бутунлай ҳаммасини тўкиб ташлаш керак, ит ялаган сувни ичиб бўлмайди, калтакесак одам терисига тегса, 40 марта ювиниш керак, деган гаплар бор. Шулар ростми?
— Бу гапнинг қаердан келиб чиққани номаълум. Жумҳур уламолар, шу жумладан ҳанафийлар ҳам ўргимчак, ари, суварак ва капалаклар сингари қонсиз ҳашаротлар идишдаги сув ёки таомга тушса, ҳатто таомнинг қайноқлиги сабаб ўлса ҳам, сув ёки таомни нажосат қилмайди, дейишган. Шунингдек, бу каби ҳашаротлар тушган сувни ичиш ёки таҳорат ва ғусл каби ибодатлар учун ишлатиш ҳам жоиз. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари далил бўлади: “Агар биронтангизнинг ичимлигига пашша тушгудек бўлса, пашшанинг ҳаммасини ботириб, сўнг олиб ташласин. Зеро, унинг бир қанотида касаллик бўлса, бир қанотида даво бор” (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар бундай дейдилар: “Ушбу ҳадис агар сувга ёки бирон суюқликка пашша тушиб, ўлса, уни нажосат қилмаслигига ниҳоятда очиқ далилдир. Бу аксар уламолар, шу жумладан ҳанафийларнинг ҳам фикридир. Аллома Ибн Нужайм: “Пашша тўғрисидаги мазкур ҳукм асалари, ўргимчак ва шу каби оқар қони мавжуд бўлмаган ҳашаротларга ҳам тегишли бўлади”, деган (Баҳрур-роиқ).
Ибн Қудома шундай дейди: “Агар пашша, чаён, қўнғиз ва шунга ўхшаш оқар қони бўлмаган ҳашаротлар озгина сувга тушиб, ўлса, сувни нажосат қилмайди” (Ал-муғний).
Лекин киши ўз табиатидан келиб чиқиб, чаён ёки шунга ўхшаш ҳашарот тушган ичимликни истеъмол қилиш ёхуд ундан фойдаланишни истамаса ихтиёри ўзида.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.