Аввал хабар берганимиздек, бугун, 20 май куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини адо этиш, ҳудуд мўмин-мусулмонлари билан бирга билан мулоқот қилиш учун Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги “Қассоблик” жомесига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида Муфтий ҳазратлари масжиднинг қайта қурилган биносини кўздан кечирдилар, жоме ходимлари билан мулоқот қилиб, намозхонларнинг ибодатларини чиройли адо этиши ва илм-маърифатини ошириши учун барча шароитларни ҳозирлаш лозимлиги, бунинг учун имом ва ноиблар ўз устида ишлаши кераклиги таъкидладилар.
Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари жума намози олди масжидга йиғилган минглаб мўмин-мусулмонлар сермазмун мавъиза қилиб бердилар.
Жума намози якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таолодан минглаб вобкентлик мўмин-мусулмонлар билан бирга юрт тинчлиги, эл фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Маълумот учун, Вобкент туманидаги “Қассоблик” жомесининг янги биноси қурилиши 2019 йилнинг май ойида бошланиб, 2022 йилда тугалланиб, шу йил 1 апрель санасида фойдаланишга топширилди. Илк бор 1993 йили қурилган масжиднинг эски биноси намозхонларга тор, бинолари ҳолати ёмон ҳолатда эди.
Масжиднинг умумий майдони 22 гектарни ташкил этади. Жомеда бир вақтнинг ўзида 3 мингдан зиёд намозхонни сиғдира олади. Айни пайтда тумандаги 6 та маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатмоқда.
Хонақоҳ, айвон ва иссиқ ва совуқ мавсумларда ҳам ибодатларни бемалол ва роҳат билан адо этиш учун барча шароит яратилган. Катта ва замонавий таҳоратхонасида эса бир пайтда 100 нафар одам фойдаланиши мумкин. Аёллар учун ҳам алоҳида намозхона ва таҳоратхона ташкил этилган.
Масжидга 40 метрли минора ҳамда баландлиги 21 метр, айланаси 12 метрли гумбаз ўзгача файз ва кўрк бериб турибди.
Бир сўз билан айтганда, миллий ва замонавий кўриниш ҳамда мукаммал қурилиш ечимига эга икки қаватли масжидда ибодат амалларини бажариш учун барча қулайликлар яратилган. Автомобиллар туриши учун махсус жойлар, ташриф буюрувчилар учун ювиниш-таҳоратхона, масжид ходимлари учун хоналар, шунингдек, маъмурий бино ташкил этилган.
Айни пайтда “Қассоблик” масжидида Қурбон домла Шукруллоев имом-хатиб сифатида фаолият юритмоқда.
Шу билан Муфтий ҳазратларининг Бухорои шарифга қилган сафарлари ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Шу йилнинг 27 январь куни Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида “Ал-Азҳар” мажмуаси қошидаги Имом Ашъарий маркази томонидан биринчи халқаро илмий форум ташкил этилди.
Анжуман “Имом Ашъарийнинг исломий фирқаларга оид фикрий ёндашувлари: ақидавий ихтилофдан мулоқот ва мўътадиллик сари” мавзусига бағишланиб, унда ислом оламининг етук уламолари ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Форумда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти вакиллари, жумладан, институт ректори Уйғун домла Ғафуров ва “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин домла Маманасиров фаол қатнашди.
Тадбир очилиш маросимида Ал-Азҳар ва Имом Ашъарий маркази раҳбарлари, Миср муфтийси ҳамда халқаро илмий муассасалар вакиллари сўзга чиқди.
Мазкур форум ислом оламида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маърифат орқали мўътадилликни тарғиб этиш ва соф ислом ақидасини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати