Бир неча кундан буён юртимизда ўтказилаётган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми ниҳоясига етмоқда. Шимолий Америка, Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларининг турли дин вакиллари, илоҳиётшунослар, диншунослар ва ҳуқуқшунослардан иборат делегациялари аъзолари 19 май куни тадбирнинг асосий қисмида иштирок этдилар ва “Бухоро декларацияси”ни бир овоздан қабул қилиндилар. Бухоро декларацияси» маърифат ғоялари ва бағрикенглик маданиятини тарғиб қилишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Форум якунида “Бухоро декларацияси” қабул қилиниб, Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиқиб жаҳон ҳамжамияти билан дунёда маърифат ва диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, шунингдек, турли динлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, халқаро мутахассислар форум доирасида эътиқод эркинлиги таъминлаш, диний қадриятлар каби инсоният учун азалий масалаларни муҳокама қилишиб, халқлар ўртасида тинчлик, бирдамликни мустаҳкамлаш йўлидаги мавжуд тўсиқларни аниқлаш, муаммоларни бартараф этиш йўллари ҳақида фикр алмашишди.
Эътиборлиси, анжуманда кўплаб мамлакатлардан ташриф буюрган диншунос олимлар ва амалиётчи мутахассислар юртимиздаги ўзгаришлар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ўзбекистон кўпмиллатли мамлакат сифатида ўз ҳудудида диний бағрикенглик ва миллатларо тотувликни таъминлай олаётган давлат сифатида эътирофга лойиқ эканини алоҳида таъкидлашди.
Жаҳонда юз бераётган бугунги тенденцияларни ҳисобга олиб, қабул қилинган “Бухоро декларацияси”ни ҳар томонлама муҳокама қилган ҳолда, дунёнинг турли қитъа, минтақаларидан келган номдор илоҳиётшунослар, диншунос ва ҳуқуқшунослар ушбу ҳужжатда аввал қабул қилинган барча декларацияларнинг асосий тамойиллари акс этишига эришишни кўзламоқдалар.
“Бухоро декларацияси”ни ишлаб чиқишда турли мамлакатлар кенг доирадаги вакиллари иштирок этиши мамлакатимизнинг эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасидаги сиёсати самарадорлиги халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганидан далолат.
“Бухоро декларацияси” бутун жаҳон ҳамжамияти учун маърифат ғоялари ва бағрикенглик маданиятини илгари суриш, турли дин вакиллари миллий анъаналарини ҳурмат қилиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, глобал миқёсда бунёдкорлик мулоқотини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлади.
“Бухоро декларацияси» қарама-қаршилик ва келишмовчиликларнинг олдини олиш, жаҳон миқёсида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг етакчи ролини таъминловчи тарихий ҳужжатдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#xabar #qabul #muftiy
Бугун, 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар.
Қабул жараёнида фуқароларимиз томонидан билдирилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, диний таълим, оилавий масалалар, ҳаж ва умра ҳамда моддий ёрдам масалалари бўйича мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатлар билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлар берилди, шаръий саволларга батафсил тушунтиришлар тақдим этилди. Шунингдек, моддий ёрдам сўраган фуқароларга белгиланган тартиб-қоидалар асосида кўмак кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, кишиларнинг дардини енгиллатиш, уларнинг ташвишларини аритиш — савоби улуғ амал ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ана шу набавий таълимотга амал қилган ҳолда, бугун Муфтий ҳазратлари мутасаддилар билан бирга турли масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг ташвишлари бартараф этилишига амалий ёрдам кўрсатдилар.
Илиқ кутиб олинган фуқаролар мурожаатларининг ижобий ечим топганидан мамнун бўлиб, масъуллардан миннатдор ҳолда қайтдилар.
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати