16-20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ушбу форум Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Халқаро ислом академияси, Давлат бошқаруви академияси, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари кўмаги ҳамда Глобал ҳамкорлик институти (АҚШ) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
«Дунё» ахборот агентлиги мухбири бўлажак форумнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот олиш учун СМТИ директори ўринбосари Шафоат Нуруллаевага мурожаат қилди.
– Шафоат Файзуллаевна, илтимос, форумни ўтказиш ғояси қандай пайдо бўлгани тўғрисида сўзлаб берсангиз?
– «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми Ўзбекистон Президенти Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” Махсус резолюциясида мустаҳкамланган тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича мамлакатимиз олиб бораётган тизимли ва изчил саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.
2018 йилда СМТИ ва Америка Глобал ҳамкорлик институти ўртасида ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши ушбу йўналишдаги амалий қадамлардан бири бўлди.
Америкалик шериклар бутун дунё ҳамжамияти учун муҳим бўлган динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ва турли динларга эътиқод қилувчилар ўртасида ўзаро англашув муҳитини яратиш масаласини муҳокама қилиш учун таниқли сиёсатчилар, экспертлар ва диний соҳа вакилларини жалб қилган ҳолда мулоқот майдончасини ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлади.
Ҳамкорлик доирасида ва ушбу масалаларни муҳокама қилиш мақсадида 2019 йилда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Глобал ҳамкорлик институти экспертлари, таҳлилчилар, ижтимоий-сиёсий доиралар ва турли хил дин вакиллари, шунингдек ўнлаб хорижий мамлакатлардан келган диний уламолар иштирокида дастлабки йирик форум ўтказилди.
– Жорий форумнинг асосий мақсади нимадан иборат ва тадбир иштирокчилари қандай вазифаларни ҳал қилишни режалаштирмоқда?
– Аввало шуни таъкидлаш керакки, «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми жаҳон ҳамжамиятига ўзбек халқининг бой маданий, тарихий, диний ва фалсафий мероси, шунингдек, Ўзбекистоннинг динлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, жамиятда дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини таъминлаш соҳасида тўплаган ижтимоий-сиёсий ва сиёсий-ҳуқуқий тажрибаси билан танишиш имкониятини берувчи муҳим воқеа бўлади.
Ушбу форум диний бағрикенглик бўйича фикр алмашиш учун илмий, маърифий ва мулоқот майдонидир. Унда 10 га яқин мамлакатдан, жумладан, АҚШ, Саудия Арабистони, Индонезия, Бирлашган Араб Амирликлари, Австрия, Покистон, Гана, Нигерия ва бошқа давлатлардан 40 нафарга яқин таниқли диний уламолар, мутахассислар ва ҳуқуқшунослар иштирок этади.
Форумнинг асосий вазифалари қаторида қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш мумкин.
Биринчидан, Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятга маълумот етказиш.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Дин соҳасида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Президентимиз раҳнамолигида дин соҳасини эркинлаштириш борасида изчил сиёсат олиб борилмоқда, аҳолининг диний эҳтиёжларини тўғри қондириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Иккинчидан, жамиятда динлар ва миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенгликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини тарғиб қилиш муҳим вазифа ҳисобланади. Ўзбекистон бу соҳада кўп асрлик ижобий тажрибага эга бўлиб, у доимо хорижий олимлар ва сиёсий доираларнинг эътиборини ўзига жалб этиб келган. Шу билан бирга, турли хил дин тарафдорларининг диний эҳтиёжларини қондириш учун имкониятлар доимий равишда кенгайиб борди. Бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида динлараро зиддиятлар кучайиб бораётган бир вазиятда кўплаб хорижий экспертлар халқаро муносабатларда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга асосланган ўзбек моделини ўрганишга фойдали ва ўрнак олса арзийдиган омил сифатида қарамоқда.
Учинчидан, форум доирасида кўп миллатли жамиятларда диний эркинликлар ва динлараро тотувликни таъминлаш бўйича фикр алмашиш ва халқаро тажрибани муҳокама қилиш ҳам кутилмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистонда динга муносабатидан қатъий назар, мамлакатнинг ҳар бир фуқаросининг виждон ва дин эркинлигига, тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга қаратилган мукаммал қонунчилик базаси мавжудлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистоннинг конституциявий нормалари фуқароларнинг бирон динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқини кафолатлайди. Шу билан бирга, бир дин ёки мазҳабнинг бошқаларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги устуворлиги ёки чекловларини ўрнатишга йўл қўйилмайди.
Тўртинчидан, Форум натижасида маърифат ва бағрикенглик маданияти ғояларини тарғиб қилиш, турли дин тарафдорларининг миллий анъаналарига ҳурмат ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган «Бухоро декларацияси» қабул қилиниши кутилмоқда.
– Ушбу халқаро форумнинг шакли ҳақида қисқача маълумот бера оласизми?
- Халқаро форум доирасида қатор тадбирлар ўтказилади. Тошкентда учта параллел илмий-тематик семинар уюштирилади. Ушбу семинарларда кўп миллатли жамиятда динлараро мулоқот ва дин эркинлигини таъминлашда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, турли диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини яратиш масалалари муҳокама қилинади.
Шу ўринда эътиборингизни 19-20 май кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтадиган “Декларациялар мулоқоти” форумининг якуний ва энг муҳим қисмига қаратмоқчиман. У ерда илмий-амалий семинарнинг натижалари сарҳисоб қилинади, шунингдек, дин ва динлараро мулоқотни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилади, бу борада келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари белгиланади. Форумнинг асосий натижаси “Бухоро декларацияси”нинг қабул қилиниши бўлади.
Форум доирасида хорижий иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига танишув сафари ҳам ташкил этилади.
– Шафоат Файзуллаевна, суҳбатимиз давомида «Бухоро Декларацияси»ни бир неча бор тилга олдингиз. Айтинг-чи, ушбу декларация ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамжамиятнинг дунёда диний эркинликларни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун қандай аҳамиятга эга бўлади?
– Бухоро дунёнинг энг қўҳна шаҳарларидан бири эканлиги ҳаммага маълум. У бир неча тамаддунлар, диний жамоалар, маданиятлар ва эътиқод тизимларининг чорраҳасида жойлашган. Бухоро, шунингдек, минг йиллар давомида атоқли олиму уламоларнинг ватани бўлиб келган. Бухоро мадрасаларининг битирувчилари Ислом илоҳиёти ривожига беназир ҳисса қўшган. Бу табаррук заминда Ислом динининг салмоқли интеллектуал салоҳияти яратилган.
Шуни инобатга олган ҳолда, форум иштирокчилари халқаро ҳамжамиятни дунёнинг барча минтақаларида миллатлараро ва фуқаролар тотувлигининг муҳим шарти сифатида динлараро мулоқотни кенгайтиришга янада кўпроқ эътибор қаратишга чақириш мақсадида ушбу шаҳарда тегишли декларацияни қабул қилади.
Қабул қилиниши кутилаётган “Бухоро Декларацияси” илгари Марокаш (2016 йил), Жакарта (2017 йил), Потомак (2018 йил), Пунто-дел-Эсте (2018 йил), Макка (2019 йил)да қабул қилинган декларацияларнинг мантиқий давоми ва уларга қўшимча бўлиши ҳамда Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро миқёсда қарор топтиришга қўшадиган муҳим ҳиссаси бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, «Бухоро декларацияси» олдинги декларацияларнинг асосий тамойилларини ривожлантириши баробарида уларга янада кўпроқ аҳамият беради. Уларнинг асосий ғоялари қаторида «диний озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш», «диний таълим зўравон экстремизмга қарши курашнинг энг муҳим манбаи», «диний эркинликнинг умумбашарий ҳуқуқ сифатида аҳамияти», «инсон қадр-қиммати, унинг дин ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқлиги», «диний ва маданий фарқларидан қатъи назар барча инсонларнинг тенглиги» кабиларни мисол сифатида келтириш мумкин.
Шу билан бирга, бўлажак форумда лейтмотив сифатида қабул қилинган «Бухоро декларацияси» динларнинг тинчликсевар табиати, динлараро мулоқот ва бағрикенгликнинг муҳимлиги, диний маърифатнинг аҳамияти ҳақидаги ғояни эътиқод эркинлиги ва инсонлар ўртасида ўзаро англашувни таъминлашнинг муҳим омиллари сифатида тарғиб қилади.
Мухтасар қилиб айтганда, бўлажак «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми мисолида шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон асосий мақсади бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш, бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат бўлган йирик яратувчанлик тадбирлари марказига айланиб бормоқда.
«Декларациялар мулоқоти» форуми иштирокчиларининг эътиқод эркинлиги, динлараро мулоқот ва жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлаш, турли миллат вакиллари ва хар хил дин тарафдорларини турли маданият ва анъаналарни ҳурмат қилиш ҳамда диний бағрикенглик ғояларини қарор топтиришга қаратилган чақириғини жаҳон ҳамжамиятини қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бирорта олим бу дунёда ҳатто арзимас кичик нарсани ҳам йўқдан бор қила олмайди, бунга даъво ҳам этолмайди. Аллоҳ таолонинг коинотидаги заррача нарсани ҳам йўқдан бор қилдим деб айта олмайди. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини янада теранроқ англаймиз:
﴿يَا أَيُّهَا النَّاسُ ضُرِبَ مَثَلٌ فَاسْتَمِعُوا لَهُ إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ لَنْ يَخْلُقُوا ذُبَابًا وَلَوِ اجْتَمَعُوا لَهُ وَإِنْ يَسْلُبْهُمُ الذُّبَابُ شَيْئًا لَا يَسْتَنْقِذُوهُ مِنْهُ ضَعُفَ الطَّالِبُ وَالْمَطْلُوبُ﴾
“Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас унга қулоқ солинглар. Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб топинаётган нарсаларингиз агар барчалари бирлашсалар ҳам битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, ундан ўша нарсани қутқара олмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди” (Ҳаж сураси, 73-оят).
Бу илоҳий чақириқ то Қиёматга қадар ўз кучида қолади. Қиёмат кунигача бутун инсоният жамлансалар ҳам битта пашшани ярата олишмайди.
Бугун инсоннинг қадами ойга, ҳатто Марсгача етди. Балки бундан ҳам узоқ сайёралар забт этилар ҳам. Лекин ҳеч ким битта пашша яратишга қодир бўла олмайди. Аниқроғи Аллоҳ ҳеч кимга яратиш қудратини бермайди. Буни ҳақиқий мўжиза деса бўлади. Чунки ягона яратувчи Зот Аллоҳдир. Илм-фан қанча ривожланмасин йўқдан бор қилиш имкониятига эга бўлмайди. Қуръони каримда бундай дейилган:
﴿ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ فَاعْبُدُوهُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ﴾
“Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У барча нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга ибодат қилинглар. У барча нарсанинг эгасидир” (Анъом сураси, 102-оят).
Жонсиз мавжудот, майда ҳашарот ва жонзотларни Аллоҳ яратган экан, ақли бор, идрок эта оладиган, яхши-ёмоннинг фарқига борадиган инсон ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолиши мумкинми?! Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿أَمْ خُلِقُوا مِنْ غَيْرِ شَيْءٍ أَمْ هُمُ الْخَالِقُونَ﴾
“Ёки улар бошқа нарсадан яралдиларми ёки яратувчи ўзларими?” (Тур сураси, 35-оят).
Борлиқдаги барча нарсани Аллоҳ яратган экан, шу борлиқдаги қонуниятларни ҳам Аллоҳ яратган. Оламдаги қонуниятларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг яралмишларидир. Ўша қонунлар доирасида юз берадиган барча нарсалар ҳам Аллоҳнинг яратганлари сирасига киради. Қуёш, ой, ер, юлдузларнинг барчаси башарият ўрнатган қонунлар билан эмас, Аллоҳ яратган низом асосида ҳаракат қилади. Ҳар бирининг коинотда ўз вазифаси бор.
Қуёш коинотда ҳаракат қилади. Ўзи ҳам доимо ҳаракатда. Ой, ер, юлдузлар ҳам шундай. Ҳатто дарахтлар, шамоллар ҳам. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿الرَّحْمَنُ عَلَّمَ الْقُرْآَنَ خَلَقَ الْإِنْسَانَ عَلَّمَهُ الْبَيَانَ الشَّمْسُ وَالْقَمَرُ بِحُسْبَانٍ وَالنَّجْمُ وَالشَّجَرُ يَسْجُدَانِ وَالسَّمَاءَ رَفَعَهَا وَوَضَعَ الْمِيزَانَ﴾
“Роҳман. Қуръонни ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди. Қуёш ва ой ҳисобдадир. Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар. Осмонни баланд кўтарди ва тарозу (адолат)ни ўрнатди” (Роҳман сураси, 1-7 – оятлар).
Демак, ой ва қуёш жуда аниқ бир ўлчовда ҳаракат қилади. Миллион йилларки қуёш бир сония ҳам эрта ёки кеч чиқмаган. Ой ҳам худди шундай. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿لَا الشَّمْسُ يَنْبَغِي لَهَا أَنْ تُدْرِكَ الْقَمَرَ وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ وَكُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ﴾
“Қуёш ойга етиб олмас, тун ҳам кундуздан ўзиб кетмас. Барчаси фалакда сузиб юрур” (Ёсин сураси, 40 оят).
Яъни, бу нарсалар фалакда Аллоҳ жорий қилган қонунлар асосида ҳаракат қилади. Башарият уларни бир сония олдинга ҳам, орқага ҳам сура олмайди ёки ернинг ҳаракатини бирозга бўлсада ўзгартира олмайди.
Коинотдаги ҳаракатлар жуда аниқ ва беками-кўстдир. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан